Ўн олтидан то пенсия билан таъминланиш ҳуқуқини олишгача бўлган ёшдаги, ҳақ тўланадиган ишга ёки даромад келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, иш қидираётган ва иш таклиф этилса, унга киришишга ёхуд касбга тайёрлашдан, қайта тайёрлашдан ўтишга ёки малакасини оширишга тайёр бўлган меҳнатга лаёқатли шахслар ишсиз ҳисобланади.
Улар ишга жойлашишда кўмак олиш учун маҳаллий меҳнат органларига мурожаат қилиб, иш қидирувчи сифатида рўйхатга олингач, ишсиз деб эътироф этилади.
Шахсларни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги қарор маҳаллий меҳнат органи томонидан улар иш қидирувчи сифатида рўйхатга олинган санадан эътиборан ўн биринчи кундан кечиктирмай қабул қилинади.
Рўйхатга олинган кундан бошлаб ўн кун ичида таклиф этилган мақбул келадиган ишни икки марта рад этган, шу давр ичида иш қидириш мақсадида узрсиз сабабларга кўра меҳнат органига келмаган шахслар ишсиз деб эътироф этилмайди.
Расман ишсиз деб эътироф этилган шахсларда ишсизлик нафақаси олиш ҳуқуқи юзага келади.
Ишсизлик нафақаси маҳаллий меҳнат органида рўйхатга олинган биринчи кундан эътиборан ёзилади ва қуйидаги миқдорларда тўланади:
ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган шахсларга олдинги иш жойидаги ўртача иш ҳақининг эллик фоизи миқдорида, аммо қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдори (айни пайтда МҲТЭКМ - ойига 679 минг 330 сўм)нинг 35,2 фоизидан оз бўлмаган ва нафақани ҳисоблаш пайтида Ўзбекистон Республикасида таркиб топган ўртача иш ҳақидан ортиқ бўлмаган миқдорда;
илгари ишламаган, биринчи марта иш қидираётган шахсларга маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш ёки ишга жойлашиш имконияти берилмаган тақдирда, уларга қонун ҳужжатларида белгиланган МҲТЭКМнинг камида 26,5 фоизи миқдорида.
Узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган ишсиз шахсларга қуйидагича:
мутахассислиги бўлган шахслар, шунингдек, ўн икки ой мобайнида ҳақ тўланадиган иш билан бандлиги ўн икки календарь ҳафтадан кам бўлмаган шахслар учун, агар уларнинг ишга жойлашиши касбга қайта ўргатишни ёки малака оширишни талаб қилмаса, қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 35,2 фоизидан оз бўлмаган миқдорда;
бошқа ҳолларда, шу жумладан, мутахассислиги бўлмаган шахсларга, маҳаллий меҳнат органи томонидан касбга тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малака ошириш имконияти берилмаган тақдирда, қонун ҳужжатларида белгиланган меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг 26,5 фоизи миқдорида ишсизлик нафақаси тайинланади.
Қарамоғида ўн олти ёшга тўлмаган болалари ва бошқа кишилар бўлган ишсиз шахсларга нафақа миқдори ўн фоизга оширилади.
Ишсизлик нафақаси кўпи билан:
ишдан ва иш ҳақидан (меҳнат даромадидан) маҳрум бўлган ёки узоқ (бир йилдан ортиқ) танаффусдан кейин меҳнат фаолиятини қайта бошлашга ҳаракат қилаётган шахсларга ўн икки ойлик давр мобайнида йигирма олти календарь ҳафта;
илгари ишламаган ва биринчи бор иш қидираётган шахсларга эса ўн икки ойлик давр мобайнида ўн уч календарь ҳафта тўланади.
Ишсиз ишсизлик нафақасини олиш даврида иш қидириши ва ҳар икки ҳафтада камида бир марта маҳаллий меҳнат органига ишга ёки касбга тайёрлашга, қайта тайёрлашга, малакасини оширишга йўлланма олиш учун мурожаат қилиши шарт.
Қарамоғида уч нафаргача киши бўлган, ўттиз беш ёшга тўлмаган ишсиз эркакларга ишсизлик нафақаси улар ҳақ тўланадиган жамоат ишларида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган тартибда иштирок этган тақдирда тайинланади.
lex.uz маълумоти асосида тайёрланди.