Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ИШСИЗЛАР ВА ВАҚТИНЧА БАНД БЎЛМАГАН АҲОЛИ ВАКИЛЛАРИ КАСБ-ҲУНАРГА БЕПУЛ ЎҚИТИЛАДИ

М.ЖЎРАЕВ

11.04.2017


ИШСИЗЛАР ВА ВАҚТИНЧА БАНД БЎЛМАГАН АҲОЛИ ВАКИЛЛАРИ КАСБ-ҲУНАРГА БЕПУЛ ЎҚИТИЛАДИ

Маълумки, юртимизда мавжуд эҳтиёж ва талаблардан келиб чиқиб, етарли амалий кўникмага эга мутахассисларни тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилмоқда, бунинг учун муҳим шарт-шароитлар яратилаяпти. Шаҳрисабз туманида ташкил этилаётган касб-ҳунарга ўқитиш маркази фаолиятидан кўзланган мақсад ҳам шунга қаратилган. Келгуси йилдан ўз ишини бошлайдиган ушбу марказда ишсизлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, таълим муассасалари битирувчиларини касб-ҳунарга бепул ўқитиш кўзда тутилган. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 14 мартдаги "Корея Республикаси Ҳукуматининг грантини жалб этган ҳолда Шаҳрисабз шаҳрида Касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида рўёбга чиқарилаётгани аҳамиятлидир.

Таъкидлаш жоизки, ушбу лойиҳа 2014 йил 5 августдаги Ҳадли битимга мувофиқ Корея Республикаси Ҳукумати томонидан ажратилаётган  8,5 миллион АҚШ доллари миқдоридаги грант маблағи ҳисобидан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Лойиҳа доирасида Шаҳрисабз шаҳрида 60 ўринли ётоқхонаси билан қуввати 240 ўқувчи ўрнига тенг бўлган касб-ҳунарга ўқитиш марказини ташкил этиш ва мамлакатимизда касбга ўқитиш салоҳиятини янада ошириш бўйича консалтинг хизматини йўлга қўйиш белгиланган. Эътиборлиси, қарор ижросини таъминлаш юзасидан аллақачон зарур ишларни бажаришга киришилган.

- Марказни ташкил этиш учун туманимиздаги собиқ "Ҳужум" фабрикасининг маъмурий ва ишлаб чиқариш бинолари ажратилган, - дейди туман бандликка кўмаклашиш маркази директори Илҳом Исаев. - Ҳозирги вақтда мазкур объектда Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA)нинг Ўзбекистондаги офиси буюртмаси бўйича қурилиш ишлари олиб борилаяпти. Лойиҳага кўра, бу бинолар ўқув хоналарига мослаштирилади ва белгиланган тартибда жиҳозланади. Марказ ҳудудида спорт майдончаларини барпо этиш ҳам кўзда тутилган. Келгусида мазкур таълим муассасасида ишсизлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳоли, шу жумладан, касб-ҳунар коллежларини ва академик лицейларни битирган доимий ишга эга бўлмаган шахслар бир қатор йўналиш ва мутахассисликлар бўйича касб-ҳунарга қайта тайёрланади, малакаси оширилади. Металлга ишлов бериш ва чилангарлик (пайвандловчилар, чилангарлар ва металлга ишлов бериш мутахассислари), электр ва электроника (электрон ва маиший техникани, радио ва телеаппаратураларни таъмирлаш ва уларга сервис хизмати кўрсатиш мутахассислари), ахборот технологиялари (ҳисоблаш машиналари операторлари, компьютерлар ва бошқа ташкилий техникага хизмат кўрсатиш ва уларни таъмирлаш), йигирув ишлаб чиқариши технологияси (йигирув-тўқув ускунаси оператори ва бошқалар) ва тикув жараёни технологиялари (кенг ассортиментдаги тайёр кийимлар конструкторлари, тикув ускунаси операторлари ва бошқалар) каби йўналишлар шулар сирасига киради. Кўриниб турибдики, булар бугунги кунда талаб юқори ҳисобланган мутахассисликлар саналади. Таҳсил муддати 1 йилдан ошмайди. Аҳамиятлиси, бироз аввал мазкур муассаса ва марказимизнинг 5 нафар раҳбар ҳамда ходимлари малака ошириш учун Кореяга ўқишга жўнаб кетишди. Шунингдек, касб-ҳунарга ўқитиш марказида сабоқ берадиган ўқитувчи ва усталарни ҳам кейинчалик бу мамлакатга тажриба орттириш учун юбориш режалаштирилган.

Тегишли қарорга мувофиқ марказда таҳсил оладиган кишиларга касб-ҳунарга қайта тайёрланганлиги ва малака оширганлиги тўғрисидаги диплом ва қисқа муддатли курслардан ўтганлиги тўғрисидаги сертификат топширилиши белгиланган. Бундан ташқари, марказда меҳнат органларида ишсиз сифатида рўйхатдан ўтмаган, иш излаётган шахсларни, шунингдек, иш берувчиларнинг буюртманомалари бўйича - ходимларни, ҳар йили ўқитиладиганлар сонининг 15 фоизидан ортиқ бўлмаган ҳажмда, юртимиз меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга тўлов асосида қисқа муддатли ўқитиш ҳам ташкил этилади.

Қолаверса, қарорда марказнинг таъминоти, ишсизлар ва вақтинча банд бўлмаган аҳолини касб-ҳунарга қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, шунингдек, импорт қилинадиган ўқув-лаборатория асбоб-ускуналарини ва моддий ресурсларни ҳамда автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида сақлаш, расмийлаштириш ва ташиш билан боғлиқ харажатлар Республика Бандликка кўмаклашиш давлат  жамғармасининг вилоят меҳнат бош бошқармаси тасарруфидаги маблағлари ҳисобига қопланиши қайд этилган. Белгиланган тартибда ишсиз деб эътироф этилган ўқувчиларга бевосита марказда бепул ўқиган даврида энг кам ойлик иш ҳақи миқдорида, бироқ 6 ойдан кўп бўлмаган муддатга стипендия тўланади. Ташкилотлар ўқувчиларнинг ишлаб чиқариш амалиётини ўташ даврида уларга ҳақ тўланадиган иш жойлари тақдим этиш ҳуқуқига эга бўлади. Марказ ишида қўлланадиган зарур ўқув-методик дастурлар ва материаллар Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази билан келишган ҳолда ишлаб чиқилади.

Шунингдек, тегишли қарорга кўра, марказ қурилиши учун ажратилган майдонда жойлашган эски электр трансформатори қуввати камида 1000 кВА бўлган янгисига алмаштирилади ҳамда қуввати айнан шундай бўлган захира трансформатори ўрнатилади. Объектга туташ ҳудудни ободонлаштириш (асфальтлаш, пиёдалар учун йўлаклар ташкил этиш, кўкаламзорлаштириш ва бошқалар), шунингдек, коммуникация тармоқлари (электр, иситиш тизими, ичимлик сув, канализация, телефон алоқаси ва бошқалар)ни ўтказиш ишлари бажарилади.

Хулоса ўрнида айтганда, ушбу марказ фаолияти самарали йўлга қўйилиши билан вилоятимиз иқтисодиётининг муҳим тармоқларини малакали мутахассис-кадрлар билан таъминлаш имконияти ошади. Ўз навбатида касб-ҳунарга қайта тайёрланган ва малакаси оширилган кишиларнинг ишлаб чиқаришга фаол жалб этилиши тадбиркорлик субъектларида маҳсулдорлик яхшиланишига кенг шароит ҳозирлайди. Юртдошларимиз мазкур марказда ўқиб, зарур кўникмаларни эгаллаши баробарида муқим иш ўринларига, мустаҳкам даромад манбаларига эга бўлади. Пировардида эса бу аҳоли бандлиги таъминланиши, турмуш фаровонлиги янада ортишига хизмат қилади.

М.ЖЎРАЕВ

Report typo