Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

М.МУРОДОВ

26.09.2017


ИШТИЁҚ БЎЛСА, ҲАР ҚАНДАЙ ИШНИ УДДАЛАШ МУМКИН

Улжон меҳнаткаш, имкониятим чекланган, деб қараб ўтирмайди. Тиришади, тер тўкади, йўқдан бор қилишга чоғланади. Қолаверса, у яхшигина ижодкор ҳам. Шеърлари вилоят, туман газеталарида босилиб туради. "Қашқадарё баёзи"да ҳам туркум шеърлари чоп этилган. Энди навбатдаги китобини чоп эттириш арафасида.

Улжоннинг шеърларида ҳаётга, ён-атрофдаги оламга, одамларга бўлган муҳаббат, эзгулик, бағрикенглик, шунингдек, ўзи такрорлашни хуш кўрадиган МЕҲР ҳақидаги қарашлари тараннум этилган. Ҳаётга бўлган қизиқиши уни доим олға интилишга чорлайди. У ҳеч қачон тушкунликка тушмаган, тақдиридан нолимаган. Аксинча, буни тақдирнинг бир синови, деб билади. Жисмоний имконияти чекланган бўлишига қарамасдан мақсадлари улкан, фикрлари теран, у ёки бу масалага доир мулоҳазалари ҳам жўяли.

Тақдирнинг шафқатсиз синовларини қарангки, оилада Улжондан ташқари яна икки опаси ва бир укасининг ҳам жисмоний имконияти чекланган. Онаси ҳам рўзғор ташвишлари деб яримжон бўлиб қолган. Отаси эса ўтган йили вафот этибди. Бундай олиб қараганда, бировнинг қарамоғига муҳтож бўлган одамлар. Аммо улар ўзларини бировдан кам санашмайди, ҳадеб ёрдам ҳам сўрашавермайди. Оиласидагилар Улжон бошчилигида тикув-бичув ишлари билан шуғулланишади: кўрпа, кўрпача, ёстиқ, аёллар учун нимча, костюм, турли фасондаги кўйлаклар, шунингдек, қуроқ матолардан буюмлар тикишади. Ён-атрофдаги қишлоқлардан, ҳатто туман марказидан ҳам буюртма берувчиларнинг изи узилмайди.

- Тикувчиликни яхши кўраман, - дейди Улжон. - Одам меҳнат билан машғул бўлса вақт ўтганини ҳам билмай қоларкан, ҳаётингга мазмун кираркан. Янгича намуналар яратишга ҳаракат қиламан. Ҳозиргача тикув машинасини ижарага олиб ишлатардик. Вилоят ҳокимининг ўзи менга тикув машинасини тантанали равишда топширганидан жуда таъсирландим, кўмакка муҳтож инсонларга қаратилаётган эътибордан мамнунлик ҳиссини туйдим. Вилоятимиз раҳбари яшаш шароитим билан қизиқди, бирор нарсада муаммога дуч келсам, ҳеч тортинмасдан мурожаат қилишимни айтиб, оталарча меҳр кўрсатгани мени тўлқинлантириб юборди. Биздек инсонларга бу дунёда нима керак? Аввало, меҳр, икки оғиз ширин сўз. Шу билан кўнглимиз тоғдек юксалади, ғам-ғуссадан асар ҳам қолмайди, ўзингизни шу жамиятнинг тўлақонли аъзоси сифатида ҳис этасиз.

- Улжоннинг тадбиркорлигидан меҳнатга бўйни ёр бермайдиган, на ўзини, на оиласини тиндирадиган баъзи бир ишёқмас, дангаса одамлар ибрат олса арзийди, - дейди Ойнакўл маҳалла фуқаролар йиғинининг диний маърифат ва маънавий ахлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчиси Фотима Файзиева. - Улжон маҳалламизнинг қўли гул чеварларидан. Бобомиз Алишер Навоий, шоира Зулфия портретларини матода шундай моҳирона тасвирлаганки, кўриб қойил қоласиз. Қачон уйига борсам, иш билан банд, атрофии буюртмачилар билан гавжум. Улжоннинг ўзи жуда ориятли. Бировдан ёрдам сўрашга юзи чидамайди. Нима керак бўлса ишлаб топаман, дейди.

Ҳа, орият одамнинг инсонийлик чегарасидан чиқиб кетишига йўл қўймайдиган гўзал бир фазилат. Қорни оч бўлса-да, бир бурда нон учун ғурурини ерга урмайдиган кишилар кўплаб топилади. Бироқ кейинги пайтларда ана шу фазилат тўрт мучаси соғ айрим одамлардан йироқлашаётгандек туюлади. Ҳолбуки, тоғни урса талқон қилгудек кучи бўла туриб маҳалладан менга моддий ёрдам бермаяпти, деб арз-дод қилувчилар ҳам бор-ку.

Оёқлари ҳаракатдан тўхтаган бўлса-да, Улжон каби метин иродали қизлар олдинга интилишдан, ҳаётдан маъно топишдан тўхташмайди. У ўзи яшаётган маҳаллада хотин-қизларни ҳунарга ўргатувчи марказ очмоқчи. Унинг бу ташаббуси амалга ошишига ишонамиз. Чунки бунинг учун унда кучли иштиёқ бор. Иштиёқ бўлса, ҳар қандай ишни уддалаш мумкин.

М.МУРОДОВ

Report typo