Шундан келиб чиққан ҳолда божхоначилар томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда нефть маҳсулотларининг божхона чегаралари орқали яширинча олиб ўтилиши ва ички ҳудудда ноқонуний айланишининг олдини олиш юзасидан зарур чоралар кўриб борилади.
Хусусан, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари билан ўтказилган тезкор тадбир давомида Қарши-Самарқанд йўналиши бўйича ҳаракатланаётган Ботир Шаймурадов бошқарувидаги “Isuzu” русумли автомашина тўхтатилиб, ҳайдовчидан юкхонада нима борлиги ва у қаерга олиб кетилаётгани сўралганда, транспорт воситасига исириқ юклангани, уни Наманган вилоятига олиб кетаётганини маълум қилди.
Шундан сўнг автомашина юкхонаси холислар иштирокида кўздан кечирилганда, исириқ ортида тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаган 14 дона 200 литр ҳажмдаги идишларга жойлаштирилган 2 минг 800 литр ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари борлиги аниқланди.
“Қашқадарё синов ва сертификатлаштириш маркази” ДК ҳамда “Шўртаннефтгаз” МЧЖнинг тегишли хатларига асосан, ашёвий далил сифатида олинган ёнилғи-мойлаш маҳсулотлари газ конденсати ҳамда нефть ва газ конденсати сирасига мансуб бўлмаган жуда ўткир ҳидли маҳсулотлар эканлиги маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолати бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Нуриддин АВЛОҚУЛОВ, вилоят божхона бошқармаси бўлинма бошлиғи