Адабиёт
Маълумки, Умаршайх ибн Амир Темурнинг ўғли Искандар Султон (1384-1415) шоир табиат ва адабиётсевар ҳукмдорлардан бири бўлган. Унинг Ироқ ва Форс ўлкаларидаги қисқа муддатли (1408-1414) ҳукмронлик даврида Шероз шаҳри илм-фан, адабиёт, маданият марказига айланган. Ўшанда бу ерда форсигўй (форс тилида ижод қилувчи) адиблар қатори, кўплаб туркигўй шоирлар ҳам ижод қилган. Темурий амирзоданинг ўзи ҳам Искандар Шерозий тахаллуси билан ўзбекча ғазаллар битган, туркий адабиётни ривожлантиришга ҳаракат қилган.
Султон саройида маълум муддат яшаган ўзбек мумтоз адабиёти намояндаси Ҳайдар Хоразмий қуйидаги мисраларида Искандар Мирзо замони - туркий тил ва адабиёт намоён бўлиш, равнақ топиш даври бўлгани, ҳукмдор даъвати билан унинг ўзи ҳам бу адабий тараққиётга муносиб ҳисса қўшганини қайд этган:
Андаки бу азм ила йўндум қалам,
Шоҳ дуоси била урдум рақам.
Турк зуҳуридур очунда бу кун,
Бошлар улуқ йир била туркона ун!
Рост қил оҳанги "Наво"у "Ҳижоз",
Турк сурудини тузук бирла туз,
Туз ётуғон бирла шутурғуни соз.
Турк сурудини тузук бирла туз,
Яхши аёлғу била кўкла Қўбўз.
Кўптим эса ўпти элимни билиг,
Ганж фашонлиқ, била очтим илиг.
Келдим этаклаб гуҳари шаҳвор,
Қилса қабул ўз қулидин шаҳриёр.
Дуняда чун Ҳайдари соҳиб ҳунар,
Ким, жавади мунча туганмас гуҳар.
Ироқ ва Форс мамлакатида Искандар Шерозийнинг шеърлари машҳур бўлган. Алишер Навоийнинг ёзишича, "Султон Искандар дерларким, табъи назм эрди. Ва бу туюқни андин нақл қилурларким:
Тўлун ойға нисбат эттим ёруми,
Ул хижолатдин кам ўлди ёруми.
Тори мўюнгнинг закотин мен берай,
Ё Мисрни, ё Ҳалабни ё Руми".
Ёзувчи Ғулом Каримий "Мунтахаб ут-таворихи Муиний" китоби сўзбошисида Искандар Мирзо олиму шоирларга ҳомийлик қилгани жиҳатдан Амир Темур авлодларидан Шоҳрух, Улуғбек, Бойсунқур, Иброҳим Султон, Ҳусайн Бойқаро, Заҳриддин Муҳаммад Бобур қаторида туришини, илму фан ва адабиёт марказига айланган Шероз шаҳрида Ҳайдар Хоразмий, Ҳофиз Хоразмий, Лутфий каби туркигўй шоирлар қалам тебратганини қайд этган.
Тожу тахт талашувлар оқибатида юз берган фожиали ўлимига қадар кечган бир неча йиллик ҳукмронлик даврида Искандар Мирзо Шерозда мумтоз адабиётимиз тараққиёти ва илм-фан равнақи йўлида анча-мунча хайрли ишлар қилишга улгурган. Бироқ амирзоданинг бу борадаги ҳаракатлари ўзбек тилидаги адабиётларда деярли ёритилмагани учун кўпчиликка маълум эмас. Ўзбекистон Миллий энциклопедиясида ҳам Амир Темур набираларидан Мирзо Улуғбек, Иброҳим Султон, Бойсунғур Мирзонинг фан ва маданиятга ҳомийлик қилгани таъкидлаб кўрсатилган ҳолда, Искандар Султон ҳақидаги мақолада бу тўғрида ҳеч бир маълумот берилмаган. Аксинча, Ғарб тилларидаги мақола ва тадқиқотларда унинг ҳаёти, ҳомийлик фаолияти анча кенг ёритилган.
Искандар Шерозий саройида ҳам бошқа темурий ҳукмдорлар ҳузурида ўтказилгани каби шеърият кечалари ташкил этилган. Уларда Ҳайдар Хоразмий ва бошқа кўплаб шоирлар қатнашган. Алишер Навоий "Мажолис ун-нафоис"да Шероз адабий муҳити намояндаларидан темурий ҳукмдор Искандар Султон ва Ҳайдар Хоразмий ҳақида шундай ёзган: "Салтанат тажаммулини дерларким, салотиндан ози онча қилмиш бўлғай. Етти ё саккиз йиллик салтанатида гўёки уч ганж топибдур. Мавлоно Ҳайдар туркигўй (Хоразмий), анинг модиҳи экандур".
Ҳукмдор маддоҳи, қасидагўй шоир Ҳайдар Хоразмийнинг "Гулшан ул-асрор" асари Искандар Шерозийга бағишланган:
Тўрт бўлинг, етти улус султони,
Олти жиҳат икки жаҳоннинг хони.
Подшо Искандар Доро ҳашам,
Даври даврон шоҳи, соҳиб карам.
Разм кунида шаҳр или иқлимгир,
Базм туни лутф ила хизматпазир.
Ҳар не камол ичра десам беназир,
Барчаси бири-биридин беназир.
Малак нишон бермади бу шоҳдек,
Даҳр кўзи кўрмади бу моҳдек.
Хўш, Навоий айтганидек Искандар Султон ўз ҳукмронлиги даврида топган уч ганж - уч хазина нима эди?
Ҳайдар Хоразмийнинг: "Ул кишиким, топмади сўз ганжини, Қилди ҳабоу ҳадар ўз ранжини", мисраларидан келиб чиқсак, туркигўй шоир икки достонида ҳам ганж деганда, Навоий каби сўз хазинасини, маънолар хазинабонини назарда тутганига амин бўламиз. Унинг асарларидан хабардор Амир Алишер эса бутун умрини базму жамшид ва шоирлар қуршовида ўтказган, адабий мажлисларини назм аҳли билан безаган, ижод аҳлини маънолар хазиналари - асарлар яратишга чорлаган "Султон Искандар гўёки уч хазина топибдир", деганда, бизнингча, ўз даврида Хитойдан Мисргача чўзилган туркий оламда машҳур бўлган уч сўз санъаткори - уч шоирни назарда тутган. Улардан бири султон маддоҳи Ҳайдар Хоразмий, иккинчиси ўша давр шоири Яқиний таъкидлаганидек, "лутфи таъб бирла зурафо орасинда машҳур" Мавлоно Лутфийдир. Учинчисининг номи эса бизга ҳозирча номаълум.
Фахрий Ҳиравий "Равзат ус-салотин" асарида Искандар Султон салтанати маънолар хазинабонларидан бири Ҳайдар Хоразмий тўғрисидаги Навоий фикрларига қўшимча қилган: "Махзани асрор" ва "Гул ва Наврўз"нинг муаллифи бўлган Мавлоно Ҳайдар (Хоразмий) туркигўй у (Искандар Шерозий)нинг назмгўйи эди ва ўша китоб ("Гулшан ул-асрор")ни яхши айтган ва унинг номига битган".
Демак, Фахрий Ҳиравий фикрларига асослансак, мумтоз адабиётимизда Лутфийга нисбат бериб келинган "Гул ва Наврўз" достони аслида Ҳайдар Хоразмий қаламига мансуб экан. Адабиётшунос олим Абдуқодир Ҳайитметов "Темурийлар даври ўзбек адабиёти" китобида бу ҳақда шундай ёзган: "Бу асар (Шайх Аҳмад бин Худойдод Тарозийнинг "Фунунул - балоға"си) ёрдамида энди "Гул ва Наврўз" достонининг муаллифи масаласини ҳам ҳал этишимиз мумкин.
Қўлёзманинг 110-варағида "Гул ва Наврўз"даги машҳур байтлар келтирилиб, уларнинг Мавлоно Ҳайдар, яъни Ҳайдар Хоразмийга тегишли экани айтилган".
Достоннинг дебочасидаги қуйидаги сатрлар диққат-эътиборимизни тортади:
Магар ахтар муборак урди фолим,
Ки, шаҳаншаҳ ўнгина тушти ҳолим.
Буюрди ким бу гул фаслинда дарҳол,
Гулу Наврўзнинг овозасин сол.
Айит ул қиссани туркий тилина,
Ки, тотқан тил ҳаловатдин билина.
Бу фармондин синиқ кўнглум севунди,
Бу маънилиқ авунчоқдин овунди.
Яъни мазкур мисралардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, "Гул ва Наврўз" достони ҳам 1411 йилда Ҳайдар Хоразмий томонидан Искандар Мирзо саройида, темурий ҳукмдор тавсиясига биноан ёзилган, таъбир жоиз бўлса, у ҳам "Гулшан ул-асрор" сингари султонга бағишланган.
Диққатга сазовор жиҳати, айнан Искандар Шерозий шоир Ҳайдар Хоразмийга "Гул ва Наврўз"ни туркий тилда ёзишни буюрган. Демакки, темурий ҳукмдор Хоразмийдан ташқари, бошқа шоирларни ҳам туркий тилда шеър айтишга даъват этган. Аммо бизга ҳозирча амирзода саройининг кўплаб туркигўй шоирлари номлари маълум эмас.
Искандар Шерозийга бағишлаб қасидалар ёзган ҳамда ҳукмдорнинг шеърият кечаларида иштирок этган, салтанат маънавий хазиналаридан яна бири Мавлоно Лутфий нафақат Шоҳрух ва Бойсунқур Мирзо, балки Искандар Султон билан ҳам яқин дўстона муносабатда бўлган. Филолог олим С.Эркиновнинг ёзишича, "Лутфий девонининг деярли кўп нусхаларида Шоҳрух Мирзо номига ёзилган қасидага кўзимиз тушади. Айрим нусхаларда эса Темурий шаҳзодалар: Бойсунғур Мирзо, Искандар Мирзо номига бағишланган қасидалар ҳам учрайди". Таъбир жоиз бўлса, жаҳонгашта шоир Мавлоно Лутфий ҳам маълум муддат Шерозда, Искандар Мирзо ҳузурида яшаган.
Зулмати зулфунгга исбот топгали оби ҳаёт,
Хизр иқболи керак, ё давлати Искандари.
Улки ғамзанг бирла зулфунг қилди Лутфий жониға,
Қилмади мўъмин ҳақида ҳеч Хайбар кофари.
Мавлоно Лутфий ва унинг шеърлари Искандар Султон ҳукмронлик қилган Ироқ ва Форс ўлкасида ҳам машҳур бўлган:
Лутфий, Ҳирийда қолмади шеърингга муштарий,
Азми Ҳижоз қилки, мақоминг Ироқ эмиш.
Хулоса қилиб айтганда, шу пайтгача ўрганилмаган Искандар Мирзо даври адабий муҳити ва шеърий мажлисларини тадқиқ этиш адабиётшунос олимларимиз олдида турган муҳим вазифа ҳисобланади. Бу эса келгусида мумтоз адабиётимиз тарихини янги маълумотлар билан бойишига хизмат қилиши шубҳасиз.
Шерхон ҚОРАЕВ,
филология фанлари бўйича (PhD) фалсафа доктори