Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

30.08.2019


Ислоҳот одимлари

Маълумки, мамлакатимизда етиштирилаётган пахта хом ашёсининг 13 фоизи, қазиб олинаётган газнинг 64, нефтнинг 67, газ конденсатининг 87 фоизидан ортиғи, шунингдек, ғалла ва мева-сабзавотнинг катта қисми вилоятимиз ҳиссасига тўғри келади. Бу эса уларни шу ернинг ўзида чуқур қайта ишлашни ташкил этиш учун айни муддао. Ана шундан келиб чиқиб, бугун бир қатор қувватлар устида иш олиб борилаяптики, ушбу лойиҳалар билан танишгач, вақт келиб улар нафақат вилоят, балки мамлакат саноати ўсишига ҳам сезиларли ижобий таъсир ўтказа олишига амин бўласан киши. 

"Oltin yo'l GTL"

2016 йил 29 декабрда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Шўртан газ-кимё комплекси метан тозалаш базасида синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш инвестиция лойиҳасини амалга оширишга доир қарори қабул қилинган эди.

Айни пайтда "Oltin yo'l GTL" номи билан аталувчи мазкур завод Ғузор туманининг Шўртан қўрғонида  бунёд этилмоқда. У йилига 3,5 миллиард кубометр газни қайта ишлаб, 863,4 минг тонна дизель ёнилғиси, 304 минг тонна авиакеросин, 395,5 минг тонна нафта ва 11,2 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш имконини беради.

Объектнинг созлаш-ишга тушириш ишлари келгуси йилнинг учинчи чорагида амалга оширилиши, тўртинчи чорагида эса завод тўлиқ фаолият бошлаши кутилаяпти.

Саноат гигантлари ҳам энди ҳамкоримиз

"Indorama group" компанияси Жануби-Шарқий Осиёдаги энг йирик саноат субъектларидан ҳисобланади. У 1976 йилда ташкил этилган бўлиб, бош қароргоҳи Сингапурда жойлашган, жаҳоннинг кўплаб давлатларида йирик корхоналари мавжуд.

Компания тўқимачилик, бундан ташқари нефть ва газ-кимё тармоқлари, полиэстер ва синтетик матолар, кимёвий ўғитлар ишлаб чиқариш йўналишига ихтисослашган йирик қувватларига эга.

Эътиборли томони, мазкур субъект эндиликда мамлакатимиз, хусусан вилоятимизда ҳам ўз фаолиятини бошлади. Айни пайтда мазкур компания тасарруфидаги "Индорама агро текстиль" масъулияти чекланган жамияти Касби ва Нишон туманларидаги қарийб 11 минг гектар ер майдонида пахта етиштирмоқда. Олинган хом ашё компаниянинг юртимиздаги корхоналарида қайта ишланиши кўзда тутилган.

Учтаси бирда

2017 йилда Қарши тумани Қоратепа қишлоғида "LT Textile International" хорижий корхонаси иш бошлади.

Энг замонавий технологиялар асосида жиҳозланган мажмуада пахта толасидан ип-калава ишлаб чиқарилмоқда.

Аҳамиятли томони, бу - лойиҳанинг биринчи босқичи, холос. Иккинчи босқичда шу ернинг ўзида тайёрланган ип-калавадан тайёр мато ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Умумий қиймати 100 миллион АҚШ долларини ташкил этадиган ушбу лойиҳа ҳам келгуси йил ишга туширилиши режалаштирилган.

Шунингдек, 2020 йилдан корхона кластер тизимига ўтади. Яъни, вилоят ҳудудидан 40 минг гектар ер олиб, 300 миллион АҚШ доллари сарфлаш эвазига зарур қишлоқ хўжалиги техникаларини харид қилиш, керакли инфратузилмани шакллантириш ҳамда кучли мутахассисларни жалб этиш орқали олий навли пахта толаси етиштириш мақсад қи-линган.

Ҳар учала лойиҳа тўлиқ амалга оширилгач, корхона яратган иш ўринлари миқдори қарийб 2,5 мингтага етади.

Марказий Осиёда ягона

Деҳқонобод калий заводи нафақат вилоятдаги, балки мамлакатимиздаги энг йирик саноат корхоналаридан биридир. У Марказий Осиёдаги калийли ўғитлар ишлаб чиқарадиган ягона завод ҳисобланади.

Заводнинг хом ашё қазиб олиш ва ишлаб чиқариш қуввати йилдан-йилга тизимли равишда ошиб бормоқда. Мисол учун, корхона фаолият бошлаган илк йилларда маҳсулот экспорти ҳажми 30 минг тоннага ҳам етмаган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 230 минг тоннадан ошди. Айни вақтда 18 мамлакатга товар экспорти амалга оширилмоқда.

Заводда бир қанча технологияларни янгилаш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турларини кўпайтириш устида иш олиб борилаяпти. Яқин вақт ичида ишлаб чиқарилаётган маҳсулот тури ҳам, миқдори ҳам ошади. Натижада иш ўринлари сони яна 900 тага кўпайиб, 3 мингга етади.

Келтирганимиз - бор-йўғи 4 мисол. Лекин ислоҳотлар самараларини тасаввур этиш учун етади. Мана эътибор қилинг, ана шу лойиҳалар асосида 10 минг нафар атрофида одам доимий ишли бўлади (кўпчилик ҳозирдан ишлаяпти). Шунинг ортидан доимий даромадга эришади, ҳаёти фаровонлашади, рўзғори бутланади. Бу каби йирик лойиҳалар эса вилоятимизда ўнлаб, мамлакатимизда юзлаб амалга оширилаяпти. Саноат соҳасидаги ислоҳотлардан қанча аҳоли бевосита манфаатдор эканини шундан тасаввур этаверинг. Қувонарлиси, мамлакатимизда бу каби ўзгаришлар ҳамма соҳада кечаяпти.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Report typo