Биламизки, ислом дини кишиларни бирор бир давлат, миллат ёки элатга мансублигига қараб тоифаларга, гуруҳларга ажратмайди. У аввало, инсонни мукаррам зот сифатида эъзозлайди, унинг маънавий камолотига, ҳаётий манфаатларига хизмат қилади. Инсонпарварлик руҳи устуворлиги ва адолат ғоялари мужассамлиги сабаб ислом динининг таъсир доираси бутун жаҳонга ёйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида ислом дини бизни эзгулик ва тинчликка, асл инсоний фазилатларни асраб-авайлашга даъват этишини, бу борада кўп ҳолларда таҳдидларни келтириб чиқараётган асосий сабаблар билан эмас, балки уларнинг оқибатларига қарши курашиш билангина чекланиб қолинаётгани, халқаро терроризм ва экстремизмнинг илдизини бошқа омиллар билан бирга, жаҳолат ва муросасизлик ташкил этишини таъкидлаган эди.
- Ақидапарастлик фуқаролар тотувлигига, тинчлик-осойишталикка рахна солади, - дейди Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг вилоятдаги вакиллиги ходими Баҳодир Нуриддинов. – Хусусан, болани отага, акани укага тескари қилиб қўяди. Ким бу оқим таъсирига берилса, у оила, маҳалла, жамият манфаатларидан юз ўгириб, экстремистик йўлга ўтиб, турли хомхаёлларга берилмоқда. Айрим ёшлар эса келажакда ўзларига, оилаларига, мамлакатга асқатиши мумкин бўлган билим ва малакаларни эгаллаш ўрнига ислом давлатини қуриш, халифаликка қайтиш даъволарини тарғиб қилиш йўлига ўтмоқдалар.
Тадбирда экстремизм ва ақидапарастликнинг аянчли оқибатларига оид ҳаётий мисоллар келтирилди. Ёшларнинг онгу тафаккурини маърифат асосида шакллантириш ва тарбиялаш энг муҳим вазифа экани таъкидланди.
Ҳусниддин ХАЛИКНАЗАРОВ,
ҳарбий қисм командирининг ҳарбий-ватанпарварлик, маънавий-ахлоқий тарбия ва ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари