Республикамизнинг бир нечта вилоятлари ва Тошкент шаҳрида диний мазмундаги китобларнинг давримиз уламолари томонидан тасниф этилиши билан бир қаторда Қарши шаҳрида ҳам истиқлолнинг илк йилларида "Намознинг хосиятлари ва намоз ўқиш тартиблари, "Қудсий ҳадислар", "Ҳаж китоби", "Дуо фотиҳа", "Абдуллоҳ ибн Муборак ҳаёти ва фаолияти" ва бошқа бир қанча диний мазмундаги китоблар "Насаф" нашриётида чоп этилиб, бутун Республика бўйлаб мусулмонларга тарқатилди.
Ўзбекистон халқи Аллоҳ таоло берган мазкур неъматлар: мустақиллик, виждон эркинлиги, яхши яшаш учун имкониятлар, диний ва дунёвий таълим олиш учун қулайликлар яратилганига беҳисоб шукурлар қилиб турганликлари учун Аллоҳ таоло ўз ваъдасига вафо қилиб, бизга неъматларини янада зиёда қилиб бермоқда ва юксак мукофотлар билан мукофотламоқда. Яъни Қуръони каримда марҳамат қилинганидек, "Қасамки, агар (берган неъматларимга) шукур қилсангиз, албатта (уларни янада) зиёда қилурман. Бордию ношукурлик қилсангиз, албатта азобим (ҳам) жуда қаттиқдир" ("Иброҳим" сураси, 7-оят).
Яна бир эътиборли жиҳати, бугунги кунда бу борадаги ислоҳотлар янги босқичда давом этмоқда. Масалан, Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ташкил этилиши, Мир Араб олий мадрасаси, 5 та диний мактаб очилиши ислом олами учун ҳам, Ўзбекистон халқи учун ҳам ютуқ ва янгилик бўлди. Бундан ташқари, Республикамизда ҳозирги кунда 2056 та жомеъ масжиди, 11 та ислом билим юрти фаолият олиб бормоқда. Шундан 2 таси аёл-қизлар билим юртидир.
Ўз навбатида буюк бобокалонларимиз, диний уламолар, муҳаддислар, муфаққиҳлар мангу қўним топган манзиллар ўрганилиб, қайта таъмирланаётир. Масалан, Қарши туманида калом илми алломаси Абул Мўъийн ан-Насафийнинг марқадлари атрофида муҳташам иншоот қад кўтармоқда. Қарши туманидаги яна бир манзил - Абу Туроб Нахшабий ан-Насафийнинг ҳам қабрлари ўрганилмоқда.
Президентимизнинг халқнинг китобхонлик даражасини юксалтириш ҳақидаги ташаббуси натижасида республикамиздаги катта жомеъ масжидлари ва зиёратгоҳлар қошида диний мазмундаги китоблар савдоси йўлга қўйилгани халқимиз олқишига сазовор бўлмоқда. Айниқса, бу йил 7200 нафар юртдошимиз муқаддас Ҳаж зиёратини адо этаётгани, 10 минг киши Умра сафарига бориб келганлиги ҳам юртимизда диний эркинлик ортиб бораётганидан дарак бериб турибди.
Собиқ тузум даврида дин исканжага олинган, оғир аҳволда эди. Биз истиқлолдан олдинги ҳолатни ёдга олсак, албатта бугунги кунимизнинг қадрига етамиз. Ўтмишда виждон эркинлиги шу даражада бўғиб қўйилган эдики, ҳаттоки раҳбар ходимлар отасининг жанозасига қатнашишдан қўрқишарди ва қатнашмасди ҳам. Диний мазмундаги китобларни ўқиш ёки олиб юриш асло мумкин эмас эди. Ҳатто икки Ийд кунлари намозга кексалар тонгнинг ғира-шира пайтида жойнамозларини қўлтиқлаб қўрқа-писа келишиб, намоз тугагач тезда тарқалиб кетишарди. Халқимиз мана шундай аянчли кунларни кўриб, сабр-тоқат билан бугунги мустақиллик кунларига етиб келди.
Аллоҳ таоло мустақил Ўзбекистонимизни доимо ўз ҳимоясида асрасин. Халқимизнинг диний эркинлиги янада равнақ топсин. Юртимиз фаровонлиги юксалаверсин!
Исмоил РАЙҲОНОВ,
исломшунос