Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Абдураҳим ЭРКАЕВ

10.01.2017


ИСЛОМ КАРИМОВ ИШ УСЛУБИ

Ўшанда “пахта иши” ниқоби остидаги қатағонлар авжига чиққан, “марказ”дан келган “десантчи”лар томонидан ҳар бир хўжаликдан бригадирдан тортиб раисгача, 25-30 киши терговга   чақирилар, раис (директор), бош бухгалтер, бош иқтисодчи, кассир ва албатта яна бир киши – бўлим бошлиғими, омбор мудирими, экспедиторми қамоққа олинар эди. Қамалмай қолган бош агроном, бош инженер, бош зоотехник ва шу каби мутахассислар лавозимидан озод этилар, улар ўрнига тажрибасиз ёки ташкилотчилик қобилияти паст, ўртамиёна кадрлар қўйилар эди. Бундан ташқари, қанчадан-қанча кишиларнинг тўлов ведомостларидаги имзолари текширилар, айримлари оғзаки сўроқ қилинарди.

Ноҳақ қамалган ва терговга чақирилганларнинг оила аъзолари, қариндош-уруғлари прокуратура ва суд идоралари эшигида сарсон эди. Кўпчилик вилоят, туман партия қўмиталарига, юқори идораларга мурожаат этар, лекин улардан ҳеч қандай ёрдам ололмасди. Дард  устига чипқон деганларидек, айнан ўша оғир йилларда 3 йил сурункасига вилоятда қурғоқчилик юз берди. Гўёки қашқадарёликларга табиатнинг ҳам раҳми келмасди. “Қорақум”га ўхшаш чорвадор хўжаликлар моллари сувтекинга сотиб юборилди, хўжаликларнинг ўзи тугатилди. Одамларнинг кўзига иш кўринмас, ҳамма ярим карахт, ярим фалаж бўлиб қолган, ваҳимага тушган эди.1986 йилдан “қайта қуриш” сиёсатининг хўжалик ва корхоналар раҳбарларини “сайлаш”, меҳнат жамоалари кенгашларини тузиб, хўжалик юритишни “демократлаштириш” тажрибаси бошланди. Корхона-ташкилотларнинг аксариятида ушбу тадбир ўзининг тескари натижасини берди. Талабчан, принципиал раҳбарларнинг катта қисми меҳнат жамоаларида тўрт-беш юлғич, қўли эгри ёки дангаса кишилар  бузғунчилиги туфайли сайловдан ўта олмади. Улар ўрнига очиқчасига давлат мулкини талон-торож қиладиганлар ёки бундайларнинг жиловини тортолмайдиган бўш-баёв кишилар сайланди. Натижада кўпчилик корхона ва ташкилотларда меҳнат интизоми бузилди, аҳвол оғирлашди. Корхоналарнинг ўзаро ва давлат бюджетига тўловлари издан чиқиб, қарздорлик кескин ўсиб кетди. Қишлоқ хўжалиги корхоналарини қўя турайлик, саноат, транспорт, қурилиш корхоналари ишчи-хизматчилари маошлари ҳам пасайиб, айримларида ойлик маош тўланмас эди. Вилоят тизимли инқирозга тушиб қолган эди.

Тизимли инқироз деганда, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, кадрлар, мафкуравий, маданий, маиший турмуш, жамият ҳаётининг барча асосий соҳаларидаги инқироз назарда тутилади. Одамлар коммунистик мафкурага, ижтимоий адолатга ишонмай қўйган эди. Яшаш шундай оғир давр ва шароитда вилоятга биринчи раҳбар бўлиб Ислом Каримов келганди.

У киши фаолиятининг биринчи кунлариданоқ “десантчи”ларнинг ўзбошимчалигини, манманлигини жиловлади. У кишининг қатъияти сабаб “десантчи”лар ва уларнинг маҳаллий гумашталарининг бирданига тили қисилиб қолди.

Ислом Абдуғаниевич вилоят партия қўмитасининг ҳар бир масъул ходими билан шахсан суҳбатлашди. Уларга “Сиз мутасаддилик қилаётган соҳада 1986 йилда нималарга эришилди? Агар ижобий натижалар қўлга киритилган бўлса, уларни   мустаҳкамлаш учун, агар натижалар салбий бўлса, уларни тўғрилаш учун нималар қилиш   керак?” ва “Қашқадарёни қолоқликдан чиқариш учун сиз мутасадди бўлган соҳада қандай ўзгаришлар қилиш лозим?” деган саволлар билан мурожаат этди.

Ислом Абдуғаниевич ҳар бир ходимни, айниқса “десантчи”ларни саволга тутар, қизартириб, терлатиб, фикрларини рад этар, нега хом-хатала, ўрганилмаган масалани кўтариб келаяпсан, дея койир эди. Олиб келинган ҳужжатларни қаттиқ таҳрир қилар, бир неча марта қайта ишлашга мажбур этар эди. Тезда уларнинг Ислом Абдуғаниевич ҳузурига киришга юраги бетламайдиган, тиззаси қалтирайдиган бўлиб қолди. Биз, қўмита аппаратида ишлайдиган маҳаллий кадрлар эса, қаддимиз кўтарилиб, ўз фикримизни очиқ айта бошладик. Ҳаммамиз кўтаринки руҳ билан, вилоятдаги аҳволни ўнглаш учун баҳамжиҳат ишга тушиб кетдик.

Лекин вилоятни қолоқликдан олиб чиқиш, одамларнинг эртанги кунга ишончини тиклаш учун аппарат ишини тўғри йўлга қўйиш етарли эмас эди. Ислом Абдуғаниевич деярли бир ой давомида ҳар куни иқтисодиёт тармоқлари, ижтимоий ҳимоя ва таъминот, илм-фан, маданият, хуллас, жамият ҳаётининг ҳар бир соҳаси бўйича вилоятнинг турли бўғин раҳбарлари, тажрибали мутахассислари билан норасмий давра суҳбати ўтказди. “Қандай  муаммолар бор, сизнинг соҳангизда вилоятни қолоқликдан чиқариш учун нималарни ўзгартириш, қандай янгиликларни жорий қилиш керак?” деган савол билан мурожаат этди. Жўяли таклифларни эшитса, дарҳол йиғилиш қарорига киритди, тегишли мутасадди ташкилотларга топшириқ берди.

Қайси соҳа бўйича давра суҳбати ўтказилиши белгиланган бўлса, у киши тонг саҳардан вилоятнинг ўша соҳага мансуб корхона ва хўжаликларига, объектларига бориб аҳволни кўрар, жойлардаги ишчи-хизматчилар ва мутахассисларнинг фикрини ўрганиб қайтар эди. Шу  сабабли давра суҳбатлари жуда жонли ва қизғин ўтарди. Ислом   Абдуғаниевич бир ой ичида вилоятнинг барча муаммоларини ипидан-игнасигача билиб олди.

Давра суҳбатлари самарадорлиги фақат муайян соҳадаги муаммоларни ҳал қилиш билангина чекланган эмас. Уларнинг ўша пайтдаги муҳим самараси бор эдики, суҳбатлар мазмуни, қарори эртаси куниёқ бутун вилоятга тарқалар, суҳбат иштирокчилари бутун тафсилотларни жойларда раҳбарларга, ўз жамоасига, яқинларига, қариндош-уруғларига етказар эди.

Вилоятда қабул қилинаётган қарорлар, амалий ишлар халқда  эртанги кунга ишончни тиклай бошлади. Ишдан қўли совиб қолган қашқадарёликлар меҳнатга қайтди. Буни қарангки, ўша йили табиат ҳам кулиб боқди. Баҳор серёғин келиб, одамларнинг кайфиятини кўтарди.

Ислом Каримов оддий кишилар, кекса ва ёшлар, жойлардаги сувчи, тракторчи, бригадир, чўпон-чўлиқлар билан суҳбатлашишни, уларнинг     ғам-ташвишларига шерик бўлишни яхши кўрарди. Суҳбатлардан ҳақиқий аҳволни, ўзини қизиқтирадиган масалалар ҳақида оддий одамлар, халқ фикрини билиб оларди.

Айтайлик, бирор кишини ташкилий бўлим ва туман раҳбарияти қандайдир лавозимга тавсия  қилаяпти. Барча керакли ҳужжатлар тўпланган, холис кишиларнинг фикрлари ўрганилган. Бундай ҳолларда Ислом   Абдуғаниевич тавсия қилинаётган киши туғилган ёки ишлаётган туманга йўл олиб, ўша ёққа кетаётган чол-кампирними, бошқа бир кишиними машинасига чиқариб олган ва улар билан турмуш ташвишлари, вилоят ва туман раҳбарларининг ишлари, феъл-атвори, одамгарчилиги, қобилияти ҳақида эркин суҳбатлашиб кетган. Кези келганда, лавозимга тавсия этилаётган киши ҳақида сўраган. У ҳақда расмий ҳужжатларда аниқлаб бўлмайдиган деталларни билиб қайтган. Шу асосда тавсия қилаётган бўлимга “яхши кадр танлабсизлар, унинг шундай ижобий  жиҳатлари бор” ёки “кадрларинг  бироз хом, ҳали пишиб етилмаган” ё бўлмаса “билими, тажрибаси етарли-да, лекин унда қатъият, изчиллик етишмайди, раҳбарликни тортолмайди”, дея фикрини билдирарди, ҳеч ким эшитмаган, билмайдиган фактларни келтирар эди.

У кишининг далаларни ёлғиз  айланиб юрганида, сувчилар, тракторчилар, чўпонлар, дала шийпонида чопиққа, яганага чиққан аёллар билан қилган суҳбатларини бугун кўпчилик эслайди.

Суҳбатлар беиз қолмади. Жойларда меҳнат ва ҳордиқ чиқариш шароити яхшиланди. Шийпонларда иссиқ овқат тайёрланадиган бўлди, дўконлар очилди. Уларда нон, қадоқланган чой, туз, шакар-қанд, совун, мой, гугурт, калиш ва шунга ўхшаш рўзғор учун керакли маҳсулотлар бор эди.

Бу гапларни кимдир майда-маиший гаплар, Ислом Каримов каби буюк инсон ва йўлбошчи ҳақида йирик, оламшумул далилларни, воқеаларни эслаш тўғрироқ бўларди, деб ҳисоблаши мумкин. Аммо айнан шу майда деталларда Ислом Каримовнинг асл буюклиги, теран халқчиллиги намоён бўлади. Унинг феъл-атвори ва инсоний фазилатларининг чуқур илдизлари халқ билан туташиб кетгани кўринади. Қолаверса, халқ фикрини, кайфиятини билиш – бу бошқарувда   социологик тадқиқотни қўллаш демакдир. Чунки оғзаки суҳбат, кузатув социологик тадқиқотнинг усулидир.

“Пахта иши”нинг амалда қатағоннинг янги кўриниши эканини ҳам  Ислом Каримов оддий одамларга яқинлиги туфайли тезда англаб етди. Қатағончилар айб қўйишда амалда турли бухгалтерия, тайёрлов, кирим-чиқим ҳужжатларига, тергов бераётганлардан қўрқитиб олинган маълумотларга таянар эди. Ташқи томондан гўёки ҳаммаси қонуний эди. Аммо вилоятнинг янги раҳбари қамалганларнинг нажот сўраб келган оила аъзолари билан суҳбатлашиб, “пахта иши” замирида аслида зулм, зўравонлик, қўрқитиш ва халқни талаш ётганига амин бўлди. Шижоат ва жасорат билан ноҳақликка қарши курашни бошлаб юборди.

Вилоятнинг аввалги раҳбарларидан нажот ололмаган кишилар янги раҳбар қабулига оқиб кела бошлади. Уларнинг ҳар бирини қабул қилиб, ёрдам беришга ишонтириб, хотиржам қилиши барча қашқадарёликларда умид уйғотди. Бу умидлар рўёбга чиқа бошлагач, қашқадарёликларда янги раҳбарга нисбатан меҳр-муҳаббат ва садоқат туйғуси мустаҳкамланди.

Ислом Каримов табиатан ислоҳотчи-ижодкор раҳбар эди. Унинг бу хусусияти Қашқадарёни қолоқликдан олиб чиқишда, иқтисодиётни бошқаришга янги усулларни жорий қилишда, одамларнинг турмуш ва меҳнат шароитини яхшилашда, соғлиқни сақлаш, халқ таълими, маданият, спорт масалаларига алоҳида эътибор қаратишда яққол кўзга ташланди, халққа ҳам, юқори раҳбарларга ҳам манзур бўлди. Собиқ марказ унинг ўз фикрига эгалигидан, мустақил қарорлар қабул қилиб, “марказ”нинг номақбул кўрсатмаларини инкор қилишидан бироз чўчиса-да, тизимли инқирозга тушиб қолган Ўзбекистон раҳбарлигига уни тавсия қилишдан бошқа чора топа олмади.

Ислом Каримовнинг иш услубига назар ташласак, биринчидан, бу услуб барча ахборотни, вазиятни имкон қадар тўла ва аниқ билишга, ҳар томонлама таҳлил қилиб,  хулосалар чиқаришга, ижобий амалий натижага эришишга қаратилган.

Иккинчидан, масаланинг моҳиятли, биринчи даражали жиҳатлари, сабаблари аниқланиб, иккинчи даражалиларидан ажратилар, шошилмасдан ва айни пайтда пайсалга солинмасдан тез ва тўғри қарор қабул қилинар эди.

Учинчидан, қабул қилинган қарор ижроси охиригача етказилар, қаттиқ назоратга олинар эди. Чора-тадбирлар қўл учида бўлмасди. Ҳар бир банд ижрочиси, молиявий ва моддий манбалари, муддати аниқ белгиланарди. Шу маънода Ислом Абдуғаниевич  доимо “Энг яхши ғоя, қарор ҳам ташкилий ва иқтисодий жиҳатдан таъминланмаса, ўзини обрўсизлантиради” деган фикрни тез-тез такрорлаб, уқтириб турарди.

Тўртинчидан, қилажак ишларимиз тўғрилиги ва зарурлигига халқ ишонч ҳосил қилиб, бизни қўллаб-қувватласагина муваффақиятга эришиш мумкинлигини таъкидларди. Буни у киши масалани мафкуравий таъминлаш, халққа суяниш, деб атарди. Шундай қилиб, ҳар бир тадбир, дастур моддий-молиявий, ташкилий ва мафкуравий жиҳатдан  таъминланар эди.

Ўзбекистон раҳбари лавозимида Ислом Каримов ўзини буюк давлат арбоби, улкан назариячи ва амалиётчи сифатида кўрсатди. У киши яратган тараққиётнинг “ўзбек модели”ни бутун дунё тан олди. Иқтисодиёт, таълим, соғлиқни сақлаш соҳаларида ўтказилган  ислоҳотлар ва уларнинг натижалари халқаро конференцияларда ўрганилди, БМТ расмий ҳужжатлари сифатида бутун дунёга тарқатилди.

Ислом Каримов жамиятни ҳар томонлама янгилаш ва мамлакатни барқарор ривожлантириш бўйича улкан мактаб яратиб кетди. У кишининг масалага теран, холис илмий ёндашуви, иш услубини ҳар томонлама ўрганиш, ўзлаштириш кейинги тараққиёт йўлимизда ҳам асқатиши шубҳасиз.

Абдураҳим ЭРКАЕВ,

фалсафа фанлари номзоди

Report typo