Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

30.01.2017


ИСЛОМ КАРИМОВ ХОТИРАСИ ҚАЛБЛАРИМИЗДА МАНГУ ҚОЛДИ

Ўтган аср 80-йиллари охири – 90-йиллар бошида республикамиз фуқаролар уруши, қон тўкиш, можаролар ёқасида турган эди. Қўшни мамлакатларда эса бундай ҳодисалар аллақачон рўй берган эди. Ана шундай ўта оғир даврда Ислом  Каримов ўзининг воқеаларни олдиндан кўра билиш қобилияти, кучли иродаси ва қатъияти билан халқимиз ва мамлакатимизни ачинарли қисматдан сақлаб қолди.

Тарихий бурилиш палласида халқимиз Ислом Каримов тимсолида мард, букилмас ирода эгаси ва содир бўлаётган фавқулодда мураккаб ҳодисаларнинг моҳиятини давлат манфаатлари нуқтаи назаридан кўра оладиган, ўз Ватани ва халқи, ҳар бир юртдошининг тақдири учун алоҳида масъулиятни ҳис этадиган ҳақиқий раҳбарга эга бўлди.

Шу боис ҳам Ўзбекистон халқи истиқлол йилларида эришилган барча оламшумул ютуқ ва натижаларни мамлакатимизнинг Биринчи Президенти номи ва фаолияти билан узвий боғлиқ деб ҳисоблайди.

Биргина вилоятимизни олайлик. Биринчи Президентимиз раҳнамолигида иқтисодиётда амалга оширилган туб таркибий ўзгариш ва янгиланишлар ҳудудда замонавий саноатни изчил ривожлантиришга хизмат қилди. “Муборакнефтгаз”, “Шўртаннефтгаз”, Муборак газни қайта ишлаш заводларида янги қувватлар барпо этилди. Шўртан газ-кимё мажмуаси, Деҳқонобод калийли ўғитлар заводи, Талимаржон ИЭС каби йирик корхоналар ишга туширилди. “Гиссарнефтгаз”, “Кўкдумалоқгаз”, “Шўртангазмаҳсулот” қўшма корхоналари ташкил этилди.

Тошгузар – Бойсун – Қумқўрғон темир йўли ишга туширилди. Тошкент – Қарши – Тошкент  йўналишида тезюрар “Насаф” поезди ҳаракати йўлга қўйилди. 2015 йили Тошкент – Самарқанд – Қарши темир йўл линиясида юқори тезликда ҳаракатланувчи “Афросиёб” электр поезди қатновининг йўлга қўйилиши Тошкент билан Қарши ўртасидаги 511 километр масофани 3 соатда босиб ўтиш имконини яратди.

Бундан йигирма йил бурун вилоятда 7 та енгил саноат корхонаси  фаолият кўрсатган бўлса, бугунги кунда уларнинг сони 500 га яқинлашди.

Шунингдек, Биринчи Президентимизнинг бевосита ташаббуси билан Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари қиёфаси тубдан янгиланди, юзлаб замонавий таълим муассасалари, муҳташам спорт иншоотлари, маданият ва мусиқа масканлари, кўп қаватли хонадонлар, намунавий лойиҳалар асосида минглаб уй-жой қурилди ва ушбу кенг кўламли жараёнлар узлуксиз давом этмоқда. Шуни ҳам қайд этиш жоизки, халқимизнинг нафақат бугунги, балки келажакда эришажак ғалабалари ҳам Ислом Каримов номи билан боғлиқ бўлади. Бу инкор этиб бўлмас ҳақиқат.

Ҳеч кимга сир эмас, Ислом Каримов Қашқадарё элини айрича яхши кўрарди. Ўз навбатида воҳа аҳли ҳам уни аввало раҳбар, айни пайтда ҳамфикру ҳаммаслак, элнинг корига ярайдиган, кўпнинг дардига қайишадиган мард ўғлон сифатида ҳурматларди, иззат қиларди. У кишини нафақат биз, балки неча асрлар давомида авлодларимиз ҳам юксак эҳтиром билан хотирасида сақлайди.

Суюн АБДИЕВ, Қарши туманидаги “Абдиев Мажид” фермер хўжалиги раҳбари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси  Сенати аъзоси:

- Биринчи Президентимизнинг биргина қишлоқ хўжалиги соҳасида бошлаб берган ислоҳотларини олайлик. Нималар ўзгарди? Аввало, бу соҳа тубдан қайта қурилди. Илгариги ишлаб чиқариш самарадорлиги паст, харажатлари баланд, норентабел, сурункали қарзга ботиб ётадиган колхоз ва совхозлар ўрнида фермер хўжаликлари ташкил этилди. Деҳқонда ерга эгалик ҳисси уйғонди. Унинг меҳнатга, ерга, ўзига муносабати, иш юритиш усуллари тубдан янгиланди. Ғалла мустақиллигига эришилди. Ўз донимиз, ўз нонимизга эга бўлдик.

Энди олдингидек фақат марказ манфаатларини кўзлаган ҳолда асосий майдонларда пахта эмас, халқ учун, унинг фаровон турмуши учун зарур бўлган ғалла, мева-сабзавот, полиз маҳсулотлари етиштиришга ҳам катта эътибор қаратила бошланди.

Натижаларми? Буни биргина фермер хўжалигимиз мисолида олиб кўрайлик. Хўжалик тасарруфида 106 гектар ер майдони бўлса, шунинг 50 гектарида ғўза, 45 гектарида ғалла, 11 гектарида беда экилади. Пахтадан ҳар гектар ҳисобига 40 центнердан, ғалладан эса 60 центнердан зиёд ҳосил оламиз. Чорвачилик тармоғини кенгайтираяпмиз. Айни пайтда 35 бош қорамол парваришланаётган бўлса, шунинг 20 боши соғин сигир. Ҳар бири кунига 20-25 литрдан сут беради. Режалар кўп. Даромад зўр.

Илгари бундай гаплар қаерда эди? Ўзим-чи?! Оддий деҳқоннинг сенатор бўлиши бировнинг хаёлига келганмиди? Ёки қишлоқнинг содда меҳнаткашига Президент фармонига мувофиқ “Эл-юрт ҳурмати” ордени берилармиди? Буларнинг бари учун Буюк Йўлбошчимиздан ҳар қанча миннатдор бўлсак арзийди.

Баҳром ЯХШИБОЕВ, Қамаши тумани Қирққиз қишлоғилик томорқачи:

- Биринчи Президентимиз томонидан халқимиз манфаатларини ўйлаб қилинган энг дастлабки ва энг катта ишлардан бири томорқачиликни ривожлантириш бўлганди. Биринчидан, бу очарчилик, алғов-далғовли йилларда одамлар ҳаётига хотиржамлик олиб кирди. Иккинчи томондан, оилавий бизнесга йўл очди. Ишсизликнинг олди олинди. Аста-секин ўша пайтда анча қийин бўлган озиқ-овқат танқислиги муаммоси ечила борди.

Қолаверса, томорқа туфайли вилоятимиздаги кўплаб ҳудудларда бирор-бир мева-сабзавотни оммавий етиштириш анъанага айланди.  Масалан, Варганза анорлари, Қамай қовунлари, Эсабой сабзилари, Оқрабод узумлари, Ғилон картошкаси билан ном қозонган бўлса, Китоб олмаларию Кўчкак анжирларининг юртимизда довруғи баланд. Кейинги йилларда эса Талликурон кўкатлари, Қорақўтон лимонлари, Пудина анорлари, Майманоқ ўрик-бодомлари, Гулгунпушт карамлари ҳам эл аро машҳур бўлди.

Ҳа, Биринчи Президентимиз халқимизга ўша пайтдаёқ битмас-туганмас хазина ҳадя этганди. Бугун эса бу хазинанинг баҳосини бозорларимиздаги тўкин-сочинликда, одамларнинг турмуш фаровонлигида кўриб турибмиз.

Ҳар йили 20 сотихлик еримизда деҳқончилик қиламиз. Ҳаётимиз тўкис, йил сайин фаровонлашиб бораяпти. Даромад чўғи ҳам яхши. Аслида гап буларда эмас. Гап одамларнинг кайфиятида. Эртанги кунга бўлган ишончида. Барчасининг асосида эса Биринчи Президентимиз бошлаб берган тўғри ва оқилона  сиёсат ётибди.

Мафтуна НОДИРОВА, Зулфия номидаги давлат мукофоти совриндори:

- Биринчи Президентимизнинг биз ёшларга меҳри бўлакча эди, бутун Ўзбекистон ёшларини ўз фарзандидек яхши кўрарди, ардоқларди. Дунёнинг бирорта мамлакатида юртимиздагидек, ёшлар сиёсатига қайта-қайта мурожаат қилиниб, улар келажаги давлат раҳбарининг доимий эътиборида бўлмаган бўлса керак.

Ислом Каримовнинг узоқни кўра олган инсон эканини у кишининг чет тилларни ўрганишга қаратган эътиборидан ҳам англаш мумкин. Биринчи Президентимиз ёшларимизнинг хорижий тилларни, хусусан, инглиз тилини, бундан ташқари, дунёнинг катта қисмида муомала воситасига айланиб улгурган бошқа тилларни ўрганиш муҳим аҳамиятга эга эканини кўп таъкидлардилар.

“Чет тилларни ўрганиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор ҳам бу борада муҳим ҳужжат бўлганди. Чунки бугунги кунда дунёда 2,5 миллиард аҳоли инглиз тилида гаплашади. Интернет ресурс маълумотларининг 95 фоизи инглиз тилида олиб борилади.

Шу пайтгача дунё адабиёти дурдоналаридан 500 га яқини таржима қилинган бўлса, бу таржималар асосан рус тили орқали амалга оширилган. Бошқа тилларни билиш эса бу каби асарларни оригиналдан таржима қилиш имкониятларини оширади.

Мен ва яна миллионлаб тенгдошларим эришган барча муваффақиятлар замирида юртимиздаги тинчлик-осойишталик ва биз ёшлар учун Буюк Йўлбошчи томонидан ўқиб-ўрганиш, изланиш учун яратиб берилган кенг шароитлар мужассам. Биз, ёшлар мустақил Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти ғамхўрлигига муносиб бўламиз, юртимиз равнақи йўлида бор куч-ғайратимизни аямаймиз.

Феруз ЙЎЛДОШЕВ, профессионал боксчи:

- Ўтган йили Қарши шаҳрида мамлакатимизнинг Биринчи Президенти Ислом Каримов хотирасига бағишлаб профессионал бокс кечаси ўтказилди. Рингга кўп бора тушганман, бироқ бу сафар қаттиқ ҳаяжонландим. Чунки турнир Ислом Каримов хотирасига бағишланганди. Бу ҳар қандай ўзбек йигитига масъулият юклайди.

Ўша оқшомда қитъа чемпионлик камари учун грузиялик боксчи билан жанг ўтказдим ва ғалаба қозондим. Нега? Чунки Биринчи Президентимиз биз энг юксак марраларни эгаллашимиз учун барча шароит ва имкониятларни муҳайё этиб кетган. Ўзбек фарзандлари ҳеч кимдан кам эмас, кам бўлмайди ҳам, деб бизга ишонч билдирган. Шундай экан, у кишига муносиб бўлиш – бахт, масъулият ва шараф. Ўз ғалабаларимиз билан у кишининг руҳини шод этишга ваъда берамиз.

 Вадим КИМ, Қарши шаҳри:

- Ислом Каримов халқимизнинг ҳар бир вакилини чин юракдан яхши кўрарди. Буни ҳис қилганмиз, биз ҳам уни доим яхши кўрганмиз, қадрлаганмиз. Айниқса, миллатлараро тотувлик муҳитини яратгани, бу масалага юксак даражада доим эътибор қаратгани мамлакатимизда тинчлик, осудалик, ҳамжиҳатликни мустаҳкамлади. Юздан зиёд миллатни бир байроқ остига бирлаштирди, бир мақсад сари бошлади. Бу борада Ислом Каримов бошлаб берган хайрли анъаналарни давом эттириш, уларнинг “Ўзбекистон – умумий уйимиз!” деган даъватини авлодлардан-авлодларга етказиш бизнинг бурчимиз.

Лин ҲАЙ, “LT Textile International ltd” хорижий корхонаси (Нидерландия) лойиҳа менежери:

- Ўзбекистонда тадбиркорлик ривожланиши, хорижий инвестицияларга кенг йўл очилиши Президент   Ислом Каримов номи билан боғлиқ. Бугун Ўзбекистон ҳар жиҳатдан тараққий этмоқда. Корхонамиз томонидан Қарши туманида йиллик 15 минг тонна ип-калава ва аралаш калава ишлаб чиқариш қувватига эга янги тўқимачилик мажмуаси қурилмоқда. Бунинг учун 55 миллион АҚШ долларилик инвестиция киритганмиз. Асосий мақсад ички бозорни сифатли маҳсулотлар билан тўлдириш ва чет мамлакатларга тайёр текстиль буюмлари экспорт қилишдан иборат.

Мамлакатингиз иқтисодиётига сармоя киритишда муаммога дуч келмаймиз. Чунки чет эл инвесторлари манфаатлари ҳимояланган, юртингизда бизнес юритиш учун барча шароит, инвестиция муҳити бор. Тез орада 30 гектарли майдонда замонавий, юқори технологияларга асосланган ва энергия тежамкор асбоб-ускуналар билан жиҳозланган тўқимачилик корхонаси ва мазкур дастгоҳларга хизмат кўрсатишга ихтисослашган сервис маркази фаолият кўрсата бошлайди. Бу ишларга шахсан рағбат кўрсатган Ислом Каримовдан эса миннатдормиз.

Ислом Каримов номи Ватанимиз тарихига зарҳал ҳарфлар билан битилади, хотираси халқимиз қалбидан ҳеч қачон ўчмайди. Бу барча юртдошларимиз ва шу  юртда бўлган турли миллат вакилларининг қалбидаги дил сўзлардир.

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo