Ислом Каримов фаолияти ҳақида гапириш, мулоҳаза билдиришнинг катта масъулияти бор. Улуғ Йўлбошчининг вилоятда амалга оширган ишларига шахсан гувоҳ бўлганим, ҳаётни чуқурроқ тушунишни, одамлар билан ишлашнинг самарали усулларини ўрганганим сабабли у киши ҳақида сўз юритсам, жоиз деб ўйлайман.
ОДАМЛАР ҚАЛБИГА ЙЎЛ ТОПИШ — ТАНАЗЗУЛДАН ЧИҚИШ ОМИЛИ
Ислом Абдуғаниевич 1986 йилнинг 26 декабрида вилоятда биринчи раҳбар сифатида иш бошлаганди. Бу - ҳудуд иқтисодиёти жар ёқасига келиб қолган, тоталитар тузумнинг моҳияти яққол намоён бўлган даврлар эди. Саноқли кундан сўнг вилоят фаолларининг йиғилишига тўпландик. Ислом Абдуғаниевич ўша йиғилишдаги чиқишида халқ хўжалиги соҳаларини жиддий таҳлил қилиб, биринчи даражали вазифаларни белгилаб берганди.
Янги раҳбарнинг ҳар томонлама далилланган, асосли фикрлари, вилоятдаги ҳаётни, иқтисодий аҳволни ижобий томонга ўзгартириш ҳақидаги ишончли режалари залда ўтирганларнинг кўнглини ёриштириб юборди. Ҳамманинг қалбига илиқлик югуриб, раҳбарларда умид уйғонди.
Фаоллар йиғилиши бошланиши билан томчилаган ёмғир эрталабгача тинимсиз ёғди. Бу уч йил қурғоқчиликдан кейин заминга тушган барака ёмғири эди. Ўшанда кўпчилик янги раҳбарнинг пойқадами қутлуғ келгани ҳақида айтганди.
Ислом Абдуғаниевич дастлаб ишни вилоятдаги аҳволни чуқур ўрганишдан бошлади. Атрофига вазиятни яхши биладиган обрў-эътиборли раҳбарларни, мутахассисларни тўплади. Улар билан маслаҳатлашиб иш тутди. "Пахта иши"да айбланган 3 минг нафардан ортиқ турли даражадаги қишлоқ хўжалиги ходимларини қамоқдан озод қилиш, уларнинг номларини оқлаш ҳақида собиқ иттифоқ раҳбариятига мурожаат билан чиқди. Хўрланган, камситилган ўксик қалбли оналарнинг, хотин-қизларнинг, тирик етим бўлиб қолган болаларнинг бошини силади.
Адолатсизлик туфайли қўли ишдан совиган, эртанги кунга ишончи йўқолган миллионлаб кишиларнинг ўзига умид билан кўз тикиб турганини, зиммасида ниҳоятда катта масъулият борлигини тўлалигича ҳис этди. Ҳақиқатан ҳам бутун Қашқадарё халқи - оддий одамлар, раҳбарлар вилоятнинг келгуси истиқболи қандай бўлишини Ислом Каримов фаолияти билан боғлай бошлади. Чунки марказ юборган "десантчилар"нинг қилмишлари ҳаддан ошган, улар томонидан Қашқадарёни Бухоро вилояти билан бирлаштириш устида ҳаракат бошланган, одамларнинг қўли ишга бормас эди.
У киши ишни энг аввало халқ дардини тинглашдан бошлади. Ислом ака ҳар куни юзлаб қийналган кишиларни қабул қилар, уларнинг сўзларини соатлаб эринмасдан эшитар, ечими бор муаммоларнинг аксарияти жойида ҳал қилинарди. Шу орқали одамлар қалбига йўл топилди. Қаҳратон қишдан сўнг чиққан офтоб нурлари бутун борлиққа жон бағишлагани каби ўксик қалблардаги музлар эриди. Ноҳақ айбланиб, бир инсоннинг елиб-югуриши, жон койитиши билан озодлик ҳавосидан баҳра олаётганлар янги куч-ғайрат билан иш бошладилар.
МЕҲНАТГА МУНОСАБАТ ЎЗГАРДИ
Ўшанда Қашқадарё деярли аграр вилоят эди. Қишлоқ хўжалигидаги аҳволни Ислом ака миридан-сиригача ўрганиб чиққач, вилоятда 55 кишидан иборат деҳқонлар маслаҳат кенгаши тузилди. Унинг таркибига тилга тушган мутахассислар, сувчилар, механизаторлар, хўжалик, туман, вилоят раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари вакиллари киритилди. Кенгашга уста деҳқон, Шаҳрисабз туманидаги илғор хўжаликлардан бирининг раиси Қурбон Ҳақбердиев раҳбарлик қиладиган бўлди.
Мен ҳам шу маслаҳат кенгаши аъзоси сифатида унинг барча йиғилишларида иштирок этганман. Кенгаш аъзолари вилоят раҳбари бошчилигида автобусга ўтиришиб, вилоятнинг энг илғор ва қолоқ хўжаликларига бориб, маслаҳат йиғилишларини ўтказишарди. Ҳар йили чигит, дон экиш, ғўзани яганалаш, парваришлаш, терим, ўрим мавсумлари олдидан даланинг ўзида ўтказиладиган йиғилишлар кўргазмали семинар тусини оларди.
1988 йилнинг ёз ойлари. Косон туманидаги "Гувалак" хўжалиги пахта даласига тушдик. Хўжалик раҳбари Аҳмад Холлиев ғўзани парваришлаш юзасидан олиб борилаётган ишлар ва механик чеканка ўтказиш ҳақидаги тажрибаларини гапириб берди.
Кечагидай эслайман, кенгаш аъзолари ғўзаларнинг бўйи 125-130 сантиметр бўлган пахта пайкалига киришди. Экин бир текис, шунақанги чиройли ўсгандики, кўриб кишининг ҳаваси келарди. 50-100 метрча ичкарига кириб кўрдик. Ғўзаларда кўпи билан 2-3 та кўсакдан нишона бор эди, холос. Чеканка қиладиган агрегат ўшанда эндигина жорий қилинаётган пайтлар. Ислом ака мутахассис ва раҳбарларнинг фикрини атрофлича эшитиб бўлгач, шу пайкалдаги ниҳолларни яна 10 сантиметргача қисқартириб ташлашни таклиф қилди. Бу таклиф бошқаларга ҳам маъқул бўлди.
Орадан икки ойча ўтиб, пахта терими олдидан бўладиган кенгаш йиғилишларининг бири айнан ўша далада ўтказилди, кўриб кўзимиз қувнади. Оппоқ пахтага бурканган даланинг ҳар гектарида 40-45 центнер ҳосил тўпланганини чамаладик. Ана ўшанда ғўзани чеканка қилишнинг ҳосил тақдирида нақадар катта аҳамиятга эга эканини кўпчилик яққол кўрган эди.
Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш керакки, Ислом ака 240 минг гектарга яқин янги ер ўзлаштирилган Қарши чўлидаги аҳволни шахсан ўзи таҳлил қилиб чиқди. Пахта монокультурасига зўр берилиши, ерларнинг мелиоратив ҳолатига эътибор қилинмагани сабабли 5 минг гектардан ортиқ майдонда шўрланиш кучлилиги, 38 минг гектар майдоннинг ўрта даражада, 114 минг гектар майдоннинг енгил шўрлангани аниқланди.
1986 йилга келиб, вилоятнинг чўл туманларида ҳосилдорлик 24 центнердан 14,3 центнерга тушиб қолган эди. Бу сувдан фойдаланишдаги хатолар, режалаштирилган мелиорация шохобчаларининг чиқарилмагани, қўриқ ерларни экстенсив ўзлаштиришга зўр берилгани ва бошқа камчиликлар натижаси экани очиқ-ойдин айтилди.
1987 йилдан вилоят иқтисодиётида кескин кўтарилиш бошланди. Одамлар онгида, дунёқарашида, меҳнатга муносабатида ўзгариш яққол кўзга ташланди. Боқимандалик кайфиятидан халос бўла борган сари одамларда ишлашга иштиёқ кучайди. Ўша йиллари вилоятда ташкил этиладиган сиёсий ва иқтисодий ўқувларнинг, мафкуравий ишларнинг асосий мақсади кадрларни замонавий билимлар билан қуроллантиришга, иқтисодиётни ўргатишга, янги иш услубларини кенг жорий этишга, қўшимча резервларни қидириб топишга йўналтирилгани билан аҳамиятли эди.
ХАЛҚ БИЛАН БИРГА ЯРАТУВЧИЛИК САРИ
Ўша йиллари маблағ тақчиллигига қарамасдан вилоят раҳбари бунёдкорликка, ободончиликка алоҳида эътибор қаратарди. Иқтисодий танглик шароитида Ислом аканинг янги-янги қурилишлар бошлаётганидан кўпчилик раҳбарлар ҳайратга тушарди. У кишининг ташаббуси билан вилоятнинг деярли барча туманларида ҳозиргача элга хизмат қилаётган бозорлар, умумий овқатланиш шохобчалари, юздан ортиқ катта-кичик маданий, маиший, маъмурий бинолар, ўнлаб сув тармоқлари барпо этилганди.
Вилоят раҳбари томонидан Қарши шаҳридаги қурувчилар ва меъморлардан иборат гуруҳнинг шаҳарсозлик бўйича тажриба ўрганиб келиш мақсадида Европа шаҳарларига юборилганини ҳам бугун кўпчилик яхши хотирлайди. Қарши шаҳридаги "Янги бозор" мажмуаси, "Мебеллар уйи", "Болалар дунёси" магазини (ҳозирги "Регистон" тўйхонаси), "Қарши" ва "Нуроний" чойхоналари, спорт-соғломлаштириш комплекси, реконструкция қилинган темир йўл вокзали, Қарши аэропорти ва бошқа кўплаб иншоотлар, маданий-маиший объектлар менга ўша йилларни эслатиб туради.
Маблағ танқис, иқтисодий аҳвол оғир бўлишига қарамасдан 1987-1989 йилларда вилоятда хароба ҳолатига тушиб қолган 112 та мактаб қайта қурилгани, 187 таси капитал таъмирлангани таълимга ғамхўрликнинг яққол ифодаси эди.
Вилоят иқтисодиётида кескин ижобий силжишлар бўлишига қарамай, йиллар мобайнида йиғилиб қолган муаммолар туфайли халқнинг турмуш маданиятини юксалтириш қийин кечаётганди.
Шуни ҳисобга олиб Ислом ака чўлдаги, тоғли қишлоқлардаги аҳолининг турмуш шароитлари, ёшлар муаммолари, таълим-тарбия ишларининг аҳволи билан обдон танишиб чиқди. Илгариги раҳбарларнинг оёғи етмаган Шаҳрисабз туманидаги денгиз сатҳидан қарийб 3000 метр баландликдаги Ғилон, Кўл, Сарчашма, Китоб туманидаги Шут, Деновбола, Аспидухтар қишлоқларига бориб, оддий одамлар, кексалар, хотин-қизлар билан суҳбат қилди, уларнинг муаммоларини ўрганди.
Ватанимиз мустақиллигининг 23 йиллиги байрами арафасида бир гуруҳ вилоят фаоллари Китоб туманидаги Шут, Деновбола, Аспидухтар каби тоғли қишлоқларда бўлдик. Улар биз билан суҳбатда 1989 йилнинг апрель ойида Ислом Каримов шу қишлоқларда бўлиб, халқ билан учрашгани ва бир қатор муаммоларни ҳал қилишда ёрдам бергани ҳақида гапириб беришди. Ислом ака тоғлик аҳолининг турмушини, яшаш шароитини синчиклаб ўргангач, шу йили қишлоқларни суғориш ва янги ер очиш учун насос қурдириб, сув чиқариб берган экан. Ҳозир қишлоқ катта ёшли кишилари Ислом Каримовнинг ўша йиллардаги ғамхўрликларини яхши эслайди.
ФАХР
Ислом Каримов Ўзбекистонни бошқаришни ўз қўлига олган пайтда республика тоталитар тузумнинг нотўғри сиёсати натижасида вайрона ҳолига келган ғала-ғовур бинога ўхшарди.
"Бугунги аҳвол ҳаммангизга аён. Мен мавжуд қийинчиликларни қисқача санаб ўтаман, холос. Аҳолини зарур моллар билан таъминлаш кундан-кунга оғирлашиб бораяпти. Нарх-наво ортгандан ортиб, магазин пештахталари бўм-бўшлигича қолмоқда. Миллатлараро муносабатларнинг кескинлашуви оқибатида жанжаллар келиб чиқмоқда. Хўжалик алоқалари бузилган, жамоат тартиби издан чиққан. Бунинг натижасида оила ва шахс хавфсизлигига путур етаяпти".
Биринчи Президентимизнинг "Ўзбекистон мустақилликка эришиш остонасида" асаридаги ана шу сатрларни ўқир эканман, ўша суронли йиллардаги ўзим гувоҳ бўлган воқеалар, ташвишли, таҳликали дамлар кўз олдимдан ўтади. У кишининг оқилона сиёсати, узоқни кўра билганлиги, одамларнинг бошини қовуштириб, тўғри йўлга бошлагани, ниҳоятда қалтис вазиятларда ҳам тўғри қарорлар қабул қилгани туфайли халқимиз турли бало-қазолардан эсон-омон ўтди, ўша таҳликали, даҳшатли кунлар ортда қолди.
Бугун ҳақли равишда Ислом Каримовни мамлакатимиз мустақиллиги ва янги давлатчилигининг асосчиси, буюк сиёсатчи, тинчликпарвар ва халқпарвар давлат раҳбари, доно ислоҳотчи ва комил инсон сифатида хотирлаймиз.
Бундан бир неча кун аввал Самарқандда бўлиб, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан келган бир гуруҳ жамоатчилик вакиллари билан улуғ устозимиз Ислом Каримовнинг гулларга бурканган қабрини зиёрат қилдик. Улкан зиёратгоҳга айланган бу масканга келувчиларнинг изи узилмайди. Халқимиз ўзининг Биринчи Президентига ҳурматини бажо келтирмоқда.
Дарҳақиқат, Ер юзида тинчликни сақлашга, халқлар дўстлигини мустаҳкамлашга, умуминсоний қадриятларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилган мустақил Ўзбекистон давлати асосчиси Ислом Каримовнинг муқаддас хотираси ҳар қанча эъзозга, ҳурматга лойиқдир.
Эсон РАЖАБОВ, вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси раиси