Мамлакатимизда эътиқод эркинлиги Асосий қонунимизда кафолатлаб қўйилди. Барча исломий қадриятлар – масжид ва мадрасалар, нодир тарихий манбалар, осори атиқалар мусулмонларга қайтарилди. Эмин-эркин ибодат қилиш, диний билимларга эга бўлиш учун барча шарт-шароит муҳайё этилди.
Ислом дини аввал-бошданоқ инсониятга асл мурувватни, диндошларига, ҳатто бошқа дин вакилларига эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган.
Пайғамбаримиз ҳузурига бир гуруҳ ансорийлар келиб, “Эй Аллоҳнинг Расули! Сақиф қабиласи ҳидоятга кирмаяпти, уларни дуоибад қилинг”, дейишганида у зот “Аллоҳим, Сақифни ҳидоят қил”, дедилар. Ансорийлар яна “Эй Аллоҳнинг Расули! Уларни дуоибад қилинг”, дейишди. Бироқ Расулуллоҳ яна “Аллоҳим! Сақифни ҳидоят қилгин”, дедилар. Учинчи маротаба сўрашганда ҳам шу дуони қилдилар.
Бунда ислом динига, унинг бир вакилига хос бағрикенглик яққол кўринади. Қарангки, пайғамбаримизнинг бу муборак дуоси ижобат бўлиб, кейинчалик ана шу Сақиф қавмидан буюк зотлар, улуғ уламолар етишиб чиқди.
Ривоят қилинадики, Пайғамбаримиз вафот қилишларидан олдин бир яҳудийга ўз совутларини гаровга бериб, ундан 30 соъ арпа сотиб олган экан. Оиша розияллоҳу анҳо мана шу воқеани у зотнинг бағрикенглик борасида ўз умматларига кўрсатган энг катта таълими, деган эди.
Энди бир савол туғилади: Пайғамбар алайҳиссаломга қарз берадиган саҳобалар йўқмиди? Саҳобаи киромлар Пайғамбар алайҳиссалом учун қарз, мол-дунё тугул жонларини беришга ҳам тайёр эди. Ниҳоятда бой-бадавлат саҳобалар бор эди, бутун бошли қўшинни қурол-яроғ, улов билан жиҳозлаган,кийим-бош, озиқ-овқат билан таъминлаган, ҳазрати Усмон каби катта-катта боғларни, қудуқларни сотиб олиб, мусулмонларга вақф қилиб берган саҳобалар жуда кўп эди. Лекин нима учун Пайғамбаримиз ғайридиндан, яҳудийдан озгина арпани гаров эвазига қарзга олаяпти?
Бу ислом умматига ўзига хос таълимдир, яъни бошқа дин, бошқа мамлакат, бошқа миллат вакиллари билан ҳам ана шундай муомала қилиш дурустлигини ўргатишдир. Демак, мусулмон одам ўзи яшаётган жамиятда ҳар қандай инсон билан қўни-қўшни бўлиб яшаши, савдо-сотиқ, олди-берди, улар билан борди-келди қилиши мумкин экан. Дўстона қўшничилик муносабатларини йўлга қўйиши жоиз экан.
Бундан англашиладики, кўнглида адоват бўлмаган ҳамда жамиятга зарари тегмайдиган кишилар билан яхши муомалада бўлиб, улар билан дунёвий ишларда ҳамкорлик қилиш, шу билан бирга, тинчлик ишига рахна соладиган, нафақат ислом дини, балки бошқа динлар равнақига ҳам зиён етказиш ғаразида бўлган кишиларга нисбатан муросасозлик қилиб ўтирмаслик динимиз талабидир.
Барчамизга маълумки, юртимизга ҳижрий тўққизинчи асрдан бошлаб ҳанафий мазҳаби кириб келган. Ҳозирги кунда Бухорода масжид ва зиёратгоҳи жойлашган Абу Ҳафс Кабир хизматлари туфайли диёримизда ҳанафий мазҳаби кенг ёйилган. Имом Аъзам мазҳаби бошқа мазҳабларга қараганда ўзга динлар ва маҳаллий урф-одатларга нисбатан анча эркинлик бериши билан ажралиб туради. Бу мазҳаб ана шундай халқпарвар мазҳабдир. Ҳанафия таълимотини камолга етказган ватандошларимиз, Абу Мансур Мотуридий, Абул Муин Насафий, Бурҳониддин Марғиноний каби юзлаб алломалар мусулмонлар орасидаги ғоявий тарафкашликка барҳам бериш, ислом динининг, аҳли сунна вал жамоа йўлининг барқарор бўлиб қолишига улкан ҳисса қўшишган.
Хусусан, бу зотлар исломий бағрикенглик руҳини тарқатиш борасида ҳам катта хизматлар қилишган. Диёримиздан етишиб чиққан алломалар асарларида диний бағрикенглик билан боғлиқ қадриятлар тарғиб қилинган ғояларни кўп учратамиз.
Масалан, буюк аллома, мотуридия йўналишининг асосчиси Абу Мансур Мотуридийнинг “Таъвилоту аҳлис-сунна” деган бутун оламга машҳур тафсир китоби бор. У зот Ҳаж сурасининг 40-ояти тафсирида: “Черков ва синагогаларни (черков – насронийлар, синагога – яҳудийлар ибодатхонаси) вайрон қилиш ман этилади. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, деб ёзганлар. Шунинг учун ҳам мусулмонлар қўл остида бўлган юртларда 14 асрдирки, черков ва синагогалар бугунги кунгача бузилмай сақланиб қолган.
Мовароуннаҳрлик яна бир машҳур фақиҳ, муфассир Абул Баракот Насафийнинг “Мадорикут-танзил” деб номланган тафсирлари ҳозир ҳам ислом оламида машҳур. Абул Баракот Насафий ушбу тафсирда мазкур оятга: “Ўзга дин вакилларига эҳтиром кўрсатинглар, уларга сўзда ҳам, амалда ҳам яхшилик қилинглар”, деб шарҳ берган.
Мотуридий насронийларнинг қалби мусулмонларга мойилроқ, дўстона муносабатга яқин эканини айтади. Абул Баракот Насафий ҳам насронийларнинг мусулмонларга кўнгли яқинлигини айтиб, улар орасида мутавозеъ, камтар зотлар, олим ва обидлар бор деб таърифлаб, илм кимда бўлишидан қатъи назар, албатта яхшиликка етаклашини алоҳида таъкидлаган. Аҳмад Яссавий ҳам ўз “Ҳикмат”ларида: “Суннат эрмиш, кофир бўлса, берма озор. Кўнгли қаттиқ дилозордан Худо безор”, деб ёзади.
Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя” асарида мусулмонлар диёрида черков ва ибодатхоналар бузилиб кетган бўлса, уларни яна қайта тиклаш жоизлиги алоҳида таъкидланади. Булардан шундай хулосага келиш мумкинки, динимизда ғайридинларга, хусусан, насроний, яҳудийларга кескин муомала қилиш, душманчилик қилиш мумкин эмас экан.
Динимизда бағрикенгликни шундай тушуниш лозимки, унда инсон тугул ҳайвонга ҳам озор бериш йўқ, ҳайвон тугул набототга бесабаб зарар етказиш йўқ. Ҳатто урушда, инсон ҳаётига хавф туғилиб турган вазиятда ҳам боғ-роғларни бекорга йўқ қилишдан, дарахтларни беҳуда кесишдан қайтарилган.
Ҳақли саволлар туғилади: ундай бўлса нима учун бугун мусулмонлар яшайдиган айрим юртларда хунрезлик авж олган? Нима учун мусулмон мусулмоннинг қонини тўкаяпти? Нима учун бугун дунёнинг қаерида уруш бўлса, орасида мусулмонлар бўлаяпти?
Бу каби саволларнинг жавоби битта: буларнинг барчаси исломнинг аслидан узоқлашиш оқибатидир. Мисрда, шайх Шаъровий билан бир даврда яшаган Муҳаммад Ғазалий шундай деган эди: “Бугунги кунда диндорларнинг айби туфайли дунёнинг ярми мусулмон эмас. Худди шунингдек, тариқатда ҳам сохта, жоҳил пирлар одамларнинг тариқатдан қўрқишига, тасаввуфдан ихлоси йўқолишига сабабчи бўлиб қолишди”.
Яъни айрим мусулмонлар ўзларининг ёмон ахлоқлари, ёмон феъллари билан одамларда исломга нисбатан ёмон тушунча ҳосил қилиб қўйдилар. Натижада одамлар исломдан қўрқадиган бўлишди, исломофобия юзага келди.
Шунинг учун ҳам бугунги мураккаб даврда ўз ахлоқимиз билан динимизнинг беқиёс фазилатларини намоён қилиш биз мусулмонларнинг зиммамизда фарз бўлиб турибди. Бугун дунёда ислом ҳақида, мусулмонлар ҳақида нотўғри тушунча шаклланиб қолган. Динимизга, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг шаънларига туҳмат, таъна-маломат тошлари отилмоқда. Бу даъволарнинг пуч, асоссиз эканини исботлаш, дунё афкор оммасининг кўзига асл ҳақиқатни кўрсатиб қўйиш, динимизнинг шаънини оқлаш учун ҳар биримиз ахлоқимизни мукаммал этишимиз зарур. Ҳар бир инсон, бутун жамият ўзаро муносабатларни халқларнинг турли-туман урф одатлари, маданияти ва қадриятларини тан олган ҳолда бағрикенглик асосига қуриши зарур. Зеро, тинч-тотувлик, бағрикенглик тараққиёт гаровидир.
Азиз ва мустақил юртимизда яшаётган кишиларнинг тинч-тотув, ўзаро ҳурмат ва эътиборда истиқомат қилишларида Аллоҳ таоло мададкор бўлиб, она Ватанимизни турли бало ва офатлардан ҳифзу ҳимоясида сақласин!
Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ, Тошкент ислом институти ўқитувчиси