Жиноятга жазо муқаррар
Маълумки, вилоятимиз нефть-газ саноати тармоғида "Oltin yo'l GTL" номи билан аталувчи йирик лойиҳа амалга оширилиб, унинг доирасида синтетик суюқ ёнилғи ишлаб чиқариш заводи барпо этилмоқда. Бу улкан корхона қурилишида бир нечта хорижий корхоналар, нуфузли компаниялар ҳам иштирок этаяпти.
Жумладан, лойиҳа доирасида Нишон тумани ҳудудида амалга оширилаётган ишларда Россиянинг "Надымстройгаздобыча" масъулияти чекланган жамияти ҳам бирмунча вақт мобайнида пудратчи ташкилот сифатида иштирок этган. Ўша пайтда кўплаб маҳаллий фуқаролар, мутахассислар мазкур корхона томонидан шартнома асосида ишга қабул қилинган. Бироқ уларнинг айримлари ўз иш ҳақини тўлиқ олишмаган. Қизиғи, корхона раҳбарияти барчага иш ҳақи тўлиқ тўлаб берилганини таъкидлаган бир пайтда ходимлар пул олишмаганини айтарди.
"Надымстройгаздобыча" МЧЖ раҳбарияти ҳамда бир қатор ходимларнинг бу борада ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қилган мурожаатидан сўнг, ҳолат атрофлича ўрганилди. Маълум бўлдики, калаванинг бир учи жамият ҳисобчиси лавозимида ишлаган, Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида яшовчи Айгул Серимбетовага бориб тақалар экан.
Айгул бир сафар корхонада ишлаётган А.Менглиевнинг номига очилган пластик карточкани Тошкент шаҳридаги банкдан олиб, ундаги 6 миллион сўмдан зиёд пулни ўз эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади ва ходимга пластик карточканинг ўзинигина олиб келади. А.Менглиев эса илк маоши пластик карточкага ташланганидан бехабар қолади.
Осонгина топилган даромаддан руҳланган ҳисобчи бу борадаги ишларини яна давом эттира бошлайди. Хусусан, 2019 йил февралидан апрель ойи ўрталаригача 10 нафар ходимнинг пластик карточкасидан жами 59 миллион 429 минг сўм пулини ечиб олган.
Олиб борилган тергов-суриштирув ҳаракатлари давомида А.Серимбетованинг бу қилмишлари ўз исботини топди.
Энди эса ўзгалар маблағини қўлга киритиб, жавобгарликдан қочиб қолдим, деб ўйлаган ҳисобчи пулларни ўз эгаларига қайтариши баробарида, ишидан ҳам, обрў-эътиборидан ҳам айрилди. Боз устига қилган жинояти учун қонуний жазони ўташга мажбур.
Илҳом ШЕРАЛИЕВ,
Нишон тумани ИИБ ҳузуридаги ТБ бошлиғи, капитан