Бугун биз инсониятнинг экотизимларга нисбатан давомий нотўғри муносабати туфайли юзага келган экологик муаммоларнинг гувоҳи бўляпмиз. БМТнинг Тараққиёт дастури, Глобал экологик фонд (ГЭФ) ва Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг “Глобал аҳамиятга эга биохилма-хиллик учун муҳим асосий тоғли ҳудудларда табиий ресурслардан барқарор фойдаланиш ва ўрмонларни бошқариш” қўшма лойиҳаси эса тоғ экотизимларига диққатни қаратган ҳолда, биохилма-хилликни асраш масалаларини ҳал этишда Ўзбекистон ҳукуматини қўллаб-қувватлаб келади. Ҳамкорликдаги ишларнинг асосий қисми муҳофазаланувчи табиат ҳудудлари яқинида яшовчи аҳолининг экологик маърифатини оширишга қаратилган.
Бу ҳақда лойиҳа доирасида Ҳисор давлат қўриқхонасининг ташриф маркази очилиш маросимида айтиб ўтилди. Унда БМТ ТД Европа ва МДҲ бўйича Минтақавий бюроси директорининг ўринбосари Марина Вольтер хоним, Давлат экология қўмитаси раиси ўринбосари Ж.Казбеков иштирок этди.
- Билим ва ахборот алмашинуви бўйича янги платформалар, инновацион экспонатлар, нашрлар ва маҳаллий ҳамжамиятлар, айниқса болалар билан баҳс-мунозаралар орқали ташриф маркази кислород, тоза сув ва ҳавонинг муҳим манбаси бўлмиш Ҳисор минтақаси экотизимларининг аҳамиятини, шунингдек, чанглатиш жараёнлари, ҳашаротлар популяциясини назорат қилиш, оқова сувларни қайта ишлаш ва бошқа муҳим табиий жараёнларнинг муҳимлигини янада тўлиқроқ тушунишни шакллантира олади, деб умид қиламан, - дейди ўз сўзида Марина Вольтер хоним.
Маросимнинг иккинчи қисми табиий ресурсларни муҳофаза қилиш ва улардан оқилона фойдаланиш ҳамда биохилма-хилликни асрашдаги замонавий ёндашувлар, жумладан, IT-технологиялардан фойдаланиш мавзусига бағишланди. Тадбирда БМТ ТД томонидан Давэкоқўмга Ford Transit автомобили негизидаги учувчисиз парвоз аппаратларини бошқариш мажмуаси топширилди.
- Замонавий дунёда қўлланиладиган самарали услублардан бири учувчисиз парвоз аппаратларидан фойдаланиш саналади, улар турли хил, жумладан, топографик ва аэрофотосъёмка ўтказиш орқали маълумотлар тўплаш ва таҳлил қилиш имконини беради. Бу олинган маълумотларнинг аниқлигини оширади, уларни муайян жойга боғлайди, келгуси мониторинг учун маълумотлар долзарб базасини яратиш имконини беради, - дейди Ҳисор давлат қўриқхонаси директори Қаҳрамон Нормуҳаммедов. - Ford Transit – бутун бошли мажмуа бўлиб, унга кенг имкониятларга эга учувчисиз парвоз аппарати ҳамда маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилиш учун барча зарур жиҳозлар билан таъминланган ва Давэкоқўм ходимлари бригадасини республиканинг исталган нуқтасига боришдаги мобиллигини оширувчи автомобиль киради.
Тадбир иштирокчилари Шаҳрисабздаги Оқсарой хиёбонида ҳам бўлиб, "Яшил макон" умуммиллий лойиҳаси доирасида ўзаро ҳамкорлик ва дўстлик рамзи сифатида дарахт кўчатларини ўтқазишди.
Шоҳиста БОЗОРОВА