Туркистондаги, хусусан, Ўзбекистондаги жадидчилик ҳаракати тарихи, унинг атоқли намояндалари ҳақида олимларимиз томонидан катта ва чуқур илмий тадқиқотлар олиб борилиб, кўплаб монографиялар, китоблар ёзилди, жадидларнинг асарлари нашр этилди.
Фидойи жадидлар меросини чуқур ўрганган, умрининг катта қисмини шу хайрли ишга бағишлаган олимлардан бири ўзбек адабиётшунослигининг йирик вакили, филология фанлари доктори, профессор Бегали Қосимов эди.
Бегали Касбининг Аллот қишлоғида Иккинчи жаҳон уруши давом этаётган, фашизм балосига қарши жанглар қизғин кетаётган паллада таваллуд топди.
- Қишлоқ аҳли асосан чорвачилик билан шуғулланарди, - деб эслайди ўша кунларни узоқ йиллар мактабда муаллимлик қилган олимнинг укаси Шомурод Қосимов. - Дарсдан бўш вақтимизда асосан акам билан бисотимиздаги моллар, қўй-қўзиларни яйловга олиб чиқиб боқардик. Акам дарсдан ҳеч қолмас, ўзи билан далага китоб олиб бориб мутолаа қилар, жуда қизиқувчан, дутор чалишни ҳам ўрганиб олган эди. 7-синфда ўқиётган пайтда мактабга ёш ўқитувчи Ҳалим Додхоев келиб, ўзбек тили ва адабиётидан дарс бера бошлади. Ўз фанини чуқур билгани учун акам бу муаллимнинг дарсларини интиқиб кутишини яширмасди.
Ҳозирги Ўзбекистон Миллий университетининг филология факультетида ўқиш даврида унинг омади чопиб, Ғулом Каримов, Аюб Ғуломов, Озод Шарафиддинов каби ўз фанининг дарғалари бўлган устозлардан сабоқ олди. Ўқишга жиддий қаради, муаллимлардан эшитганларини имкон қадар ёдда сақлашга, ўзлаштириб олишга ҳаракат қилди. Айниқса, Алишер Навоий латиф шеърлар битган, Бобур мирзо "Бобурнома"ни яратган, бошқа шоиру алломалар шеъру ғазаллар ёзган эски ўзбек тилини, аждодларимизнинг фаннинг турли соҳаларида асарлари қаламга олинган араб тилини мукаммал ўрганди.
1967 йилда "Мирмуҳсин Шермуҳамедов (Фикрий) ва унинг адабий муҳити" мавзуидаги номзодлик диссертациясини муваффақиятли якунлаб, филология фанлари номзоди илмий даражасига эга бўлди. Натижада жадидлар билан сафдош, ҳамфикр, уларнинг амалий фаолиятларида фаол иштирок этган Мирмуҳсин Шермуҳамедовнинг номи тикланиб, ўзбек адабиётида муносиб ўрнини эгаллади.
Бегали Қосимов энди "Ўзбек инқилобий поэзиясининг майдонга келиши ва тараққиёти (1905-1917 йиллар)" мавзуида илмий тадқиқот ишларини бошлади. Ана шу даврда фаолият олиб борган ижодкорлар ўзларини жадид деб атаган эдилар. Улар яратган асарлар аслида жадид адабиёти, жадид поэзияси эди. Шўро замони мафкурасига кўра, диссертация мавзусини бошқачароқ тарзда қўйишга мажбур бўлинди, бу пайтга келиб "жадидлар синфий душманимиз" дея тамға қўйилгани учун жадидлар масаласини тилга олиш мушкул эди. Жадидлар илгари сурган ғоялар, шубҳасиз инқилобий эди. Диссертация мавзуси ана шундай тарзда тасдиқланди.
Докторлик диссертацияси устида ишлашда ёш олимни қатор қийинчиликлар кутиб турарди, чунки бу мавзудаги материаллар жуда тарқоқ, турли жойларга тарқалиб кетган эди. Бироқ тадқиқотчи бундан асло чўчимади, астойдил ишга киришди. Тошкент ва Самарқандаги кутубхоналар, архивларга қатнаб, керакли материаллар тўплади. Аммо бу етарли эмас эди. У Татаристон ва Бошқирдистондаги кутубхоналарга ҳам бориб ишлади. Қозон ва Уфа шаҳарларида ХХ аср ўзбек адабиёти намуналаридан кўпгина манбалар топди. Қримга бориб, жадидлар отаси Исмоилбек Гаспирали қабрини зиёрат қилди, бутун турк элини уйғотган инсондан руҳий мадад олди.
"ХХ аср бошидаги жадид адабиётининг бош мавзуи, - деб ёзган эди Бегали Қосимов, - миллат, унинг тарихи ва тақдири масаласидир. Беҳбудийдан Фитрату Чўлпонгача, Авлонийдан Қодирийгача адабиётнинг мақсад ва мазмуни шундай талқин қилинди ва шундай ёндашув собит ва устувор келди. Бу янги ўзбек адабиётини бошлаб берган жадидларимизнинг энг катта ютуқларидан эди".
Бегали Қосимов жадид адабиёти намояндалари ижоди ва амалий фаолиятини синчиклаб ўрганиб, илмий ишида уларни ҳар томонлама мукаммал ва ишонарли ёритишга эришди. Шунга кўра, 1984 йилда илмий кенгаш қарори билан унга филология фанлари доктори илмий даражаси берилди.
Мазкур йирик ва салмоқли тадқиқот натижасида адабиётшуносликда янги - "жадид адабиёти", "миллий уйғониш адабиёти" деган тушунчалар пайдо бўлди.
Бегали Қосимов истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ университетда миллий уйғониш даври адабиёти кафедрасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди. Таклиф маъқуллангач, унинг ўзи янги кафедра мудирлигига тайинланди. Бу давр адабиётини ўрганишга қизиқувчи ёшлар кўп эди, улар орасидан энг иқтидорлилари, қобилиятлилари кафедра атрофида жамулжам бўлишди. Натижада жадидларга бағишланган монографиялар, рисолалар, мақолалар чоп этилди. Беш-олти йил ичида Беҳбудийнинг танланган асарлари нашр қилинди. Абдулла Авлоний асарларининг 2 жилдлиги, Абдурауф Фитрат, Сидқий-Хондайлиқий, Чўлпон, Исҳоқхон Ибрат, Муҳаммадшариф Сўфизода, Саид Аҳрорий, Сидқий-Ажзий, Мунаввар қори, Абдулҳамид Мажидий, Каримбек Камий асарлари босилиб чиқди. Хорижий мамлакатларда ҳам жадидчилик, унинг машҳур сиймоларига қизиқиш пайдо бўлди. Хусусан, Японияда Фитрат, Германияда ХХ аср ўзбек адабиёти вакиллари ҳақида китоблар чоп этилди. Туркияда Чўлпон, Фитрат ҳақида докторлик диссертациялари ёқланди.
Маълумки, ўтган аср 20-йилларида Фитрат, Чўлпон ва бошқа шоиру ёзувчилар ўз асарлари воқеаларини четга кўчиришга, ишорага, рамзга зўр беришга мажбур бўлиб, шу орқали шўро тузумини рад этган эдилар. Лекин шу давр адабиётшунослигида, илмда бу нарса қийин эди. Шунинг учун Бегали Қосимовнинг ўзи эътироф этиб таъкидлаганидек, 60-70-йилларда жадидчиликни ўрганишда осон ва қулай йўлдан фойдаланилди. Яъни ҳодисанинг сифатлари айтилдию, номи айтилмади.
Бегали Қосимов жадидчилик ва жадид адабиёти бўйича етук мутахассис сифатида илмий алоқалар доирасида хорижий мамлакатларда ҳам бўлди. 1997 йилда германиялик жадидшунос олима И.Балдауф таклифи билан Германия академик танловида қатнашди. Икки ой Берлиндаги архивда ишлади. Олмон шарқшунослари, ўзбекшунос олимлар билан қизғин суҳбатлар ўтказди. Бу ердаги институт туркологлари ўртасида "Ўзбекистонда жадидчиликнинг ўрганилиши ҳақида" маъруза ўқиди.
Икки марта Туркияда бўлди. Бу диёрда туркий халқлар адабиёти бўйича кўп жилдлик асарлар тайёрлаш муносабати билан ўзбек адабиётига бағишланган жилд бўйича ўз фикр-мулоҳазаларини, таклифларини билдирди. Шу туфайли бу жилд анча тўла, илмий қиммати баланд ҳолда нашр этилди.
1995 йилда Туркияда "Турк дунёси адабиёти" номли минг саҳифадан иборат дарслик 6 тилда чоп қилинди. Дарсликдан Бегали Қосимовнинг саъй-ҳаракати билан 28 нафар ўзбек адабиёти вакиллари ҳақидаги маълумотлар жой олди. Ушбу дарсликнинг ўзбекча вариантини олимнинг ўзи таржима қилди. Ўзбек адабиёти намояндалари, уларнинг асарларидан намуналар Туркиядаги Отатурк нашриётида босилган 30 жилдлик "Турк дунёси адабиёти тарихи"га ҳам киритилди.
Бегали Қосимов миллий уйғониш даври адабиёти ҳақида илмий тадқиқотлар олиб бориш билан бирга Аҳмад Яссавий, Алишер Навоий, Бобур ижодига ҳам мурожаат қилди. Ўзбек адабиётини ўқитиш методикаси устида илмий иш олиб борди, бир неча дарсликлар яратди. Илмий ишлар билан шуғулланишга иштиёқи баланд ёшларга устоз бўлди, номзодлик ва докторлик диссертацияларига илмий раҳбарлик қилди.
Майманоқлик Узоқ Жўрақулов ҳам университетнинг филология факультетида ундан сабоқ олган эди. Ўқишни битиргач, устози билан тўрт йил миллий уйғониш даври ўзбек адабиёти кафедрасида бирга ишлади. Унинг раҳбарлигида 1998 йили "Фитратнинг тадқиқотчилик маҳорати" мавзусида номзодлик диссертациясини ёқлади. Шундан кейин "Навоий "Хамса"сида замон-макон бадиияти" мавзусида докторлик илмий иши олиб борди.
Профессор Бегали Қосимовга ўзбек адабиётшунослиги соҳасидаги хизматлари учун 1999 йилда "Ўзбекистон Республикаси фан арбоби" унвони берилди. Аҳмад Яссавий мукофоти билан тақдирланди.
Ана шундай қизғин педагогик, илмий-ижодий иши давом этаётган пайтда у кутилмаганда касалхонага тушиб, юраги уришдан тўхтади. Бу мудҳиш воқеа 2004 йил 25 сентябрда юз берди. Олим бу пайтда энди 60 ёшдан ошган эди.
Ҳамкасблари профессор Бегали Қосимовни яхши хотиралар билан эслайдилар. "Бегали Қосимов нафақат етук истеъдодли тадқиқотчи олим эди, - деб ёзган эди Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддинов, - у айни чоғда ўқитувчилик санъатини пухта эгаллаган моҳир педагог эди. Талабалар уни яхши кўришар ва унинг теварагидан аримас эди. Бегали Қосимов илмий фаолиятининг ҳаммасини тўлалигича жадидлар мавзуига бағишлаган, уларнинг маърифатпарварлик соҳасидаги, миллатни уйғотиб, ҳозирги замон цивилизациясига эш қилиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттирган эди. Деярли ярим аср давом этган бу иш жараёнида Бегалининг ўзи ҳам жадидларнинг қайси бир хислатларини ўзлаштириб олгандай кўринарди. Шунинг учун ўртоқлари ҳазиллашиб аташган "Сўнгги жадид" лақаби унга жуда мос тушган эди".
Олимлар, ижодкорлар жисмонан йўқ бўлса-да, маънан тирик бўлишади. Таниқли адабиётшунос олим, профессор Бегали Қосимов ҳам ўзи ёзиб қолдирган асарлари, илмий тадқиқотлари, шунингдек, ҳамкасблари, шогирдлари, фарзандлари олиб бораётган эзгу ишларда яшамоқда.
Мўмин АЗИЗОВ,
тарихчи-журналист