Ўзбекистон Экологик партияси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида "Табиат учун бирлашайлик" шиори остида иштирок этиб, Сайловолди дастурида давлат ва жамият бошқаруви, суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар самарадорлигини ошириш ҳамда қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан 2 та кодекс, ўнга яқин янги қонун лойиҳалари ҳамда миллий дастур, концепция ва стратегияларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишни кўзда тутмоқда.
Эколог-ҳуқуқшунослар тайёрлаш ва ихтисослашган судлар ташкил этиш зарурати
Ўзбекистон Экологик партияси экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш зарурлигини таъкидлаган ҳолда юридик ва жисмоний шахсларнинг экологик ҳуқуқларини, мулкий ва бошқа манфаатлари ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданияти ва саводхонлигини ошириш, уларга соҳада қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳиятини етказиш мақсадида юридик ёрдам ва хизматларни йўлга қўйиш зарур деб ҳисоблайди.
Партиянинг малакали юридик ёрдам ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ҳамда эколог-ҳуқуқшунос кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйиш ташаббуси экологик низоларни хал этишда ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда, тадбиркорлик субъектларининг фаолиятига турли аралашувлар, тазйиқ, тўсиқларга йўл қўйилмаслик, шунингдек, уларнинг экологик ҳуқуқлари чеклашини олдини олиб, ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтиради.
Ҳозирда экологик ҳуқуқбузарликлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарликнинг амалдаги санкциялари айрим ҳолларда табиатга ва табиий ресурсларга етказилган ҳақиқий зарарга нисбатан номутаносиб равишда белгиланган бўлиб, бу экологик ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишига олиб келмаяпти. Масалан, ўтган 2023 йилда чиқиндилар билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар сони қарийб 17 400 тани, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар 11 580 тани, ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш соҳасида 5 220 дан ортиқни, сув ва сув объектларини муҳофаза қилиш соҳасида 1 400 дан кўпроқни ташкил этган.
Маълумотларга кўра, 2023-2024 йиллар давомида экологик ҳуқуқбузарликлар юзасидан 27 та ҳолат бўйича жиноий иш қўзғатилган бўлиб, уларнинг барчаси бўйича енгил молиявий жарима жазоси қўлланилган, холос. 9,5 мингга яқин ноёб турдаги дарахтлар ноқонуний кесилиши оқибатида табиатга 36 миллиард сўмлик зарар етказилган.
Сўнгги уч йилда қурилаётган объектлар сони 3 баробар ошиб, дарё ўзанларидан ноқонуний қум-шағал қазиб олиш билан боғлиқ 303 та ҳолатда ҳуқуқбузарларга нисбатан 68 миллиард сўм миқдорида жарима қўлланилган, шундан 42 та ҳолатда табиатга 45 миллиард сўм миқдорида зарар етказилганлик учун жиноят ишлари қўзғатилган.
Партия экологик ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтириш, шу жумладан, атроф-муҳитга ва аҳолининг соғлиғига етказилган зарарни тўла қоплаш мажбуриятини ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини такомиллаштириш тарафдоридир.
Экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар камаймаётганлигини қайд этган ҳолда партия экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни ва жиноят ишларини кўриб чиқиш бўйича ихтисослаштирилган судлар ташкил этиш ҳамда маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексдаги жавобгарлик чораларини қайта кўриб чиқиш, маъмурий жазо чораларини қўллашда судларга кенгроқ ваколат бериш ташаббуслари орқали соҳадаги бир қатор муаммоларнинг олдини олиш мумкин, деб ҳисоблайди.
БМТнинг Атроф-муҳит бўйича дастури (UNEP) маълумотларига кўра, 44 мамлакатда 1200 дан ортиқ миллий экологик судлар фаолият кўрсатмоқда. Статистикага кўра, уларнинг аксарияти сўнгги ўн йил ичида Англия, Хитой, Бельгия, Боливия, Парагвай, Филиппин, Таиланд, Жанубий Африка Республикаси ва бошқа мамлакатларда ташкил этилган.
Жаҳон ҳамжамиятининг амалий фаолиятида халқаро органлар томонидан ҳал қилиниши талаб қилинадиган экологик низолар юзага келганлиги сабабли 1993 йилда БМТ халқаро суди таркибида "экологик масалалар палатаси" ташкил этилган. Шу билан бирга ҳуқуқшунослар ташаббуси билан 1994 йилда Мехико шаҳрида бўлиб ўтган конференцияда халқаро экологик суд ташкил этилган.
Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда янги ёндашув
Ўзбекистон Экологик партияси Сайловолди дастурида йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солишни қонуности ҳужжатларидан қонун асосида тартибга солишга ўтказиш ташаббусини илгари сурмоқда. Боиси, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидалари ҳар қандай мамлакатда аҳолининг ҳаёти, саломатлиги ва мол-мулкини ҳимоя қилишнинг кафолати ҳисобланади.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида 1,19 миллионга яқин одам вафот этади, йўл-транспорт ҳодисалари 5 ёшдан 29 ёшгача бўлган ёшлар ўлимининг асосий сабабчисидир. Йўл-транспорт ҳодисалари туфайли аксарият мамлакатлар кўраётган зарар улар ялпи ички маҳсулотининг 3 фоизигача етади. Бу каби муаммоларни ҳал этиш учун яхлит қонуний ечим керак. Бу ечим Экопартия Сайловолди дастурида таклиф этилган.
Мисол учун, мамлакатимизда 2023 йилда транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинганига қарамай, яна рулга ўтирган шахслар томонидан 707 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Бунинг оқибатида 212 нафар шахс ҳаётдан кўз юмган, 546 киши эса турли даражада тан жароҳатлари олган.
Партиянинг таклифи халқаро миқёсдаги ташаббусларга ҳам бевосита ҳамоҳанг. БМТ Бош Ассамблеяси 2030 йилга қадар бутун дунё бўйлаб йўл-транспорт ҳодисалари оқибатида ўлим ва жароҳатлар сонини камайтириш бўйича резолюция (A/RES/74/299) қабул қилган. Унда йўл ҳаракати хавфсизлиги муаммосини ҳал қилиш учун асосий шартлар ва хизматларни тақдим этиш, авваламбор, қонун чиқарувчи органлар зиммасида экани қайд этилган.
Шу боисдан мамлакатимизда ҳам яхлит қонун қабул қилиниши қуйидаги муҳим жиҳатлар билан ҳам тавсифланади.
Биринчидан, Конституциямизнинг 21-моддасида инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари фақат қонунга мувофиқ ва фақат конституциявий тузумни, аҳолининг соғлиғини, ижтимоий ахлоқни, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, жамоат хавфсизлигини ҳамда жамоат тартибини таъминлаш мақсадида зарур бўлган доирада чекланиши мумкинлиги кафолатланган. Демак, йўл ҳаракати хавфсизлиги доирасида чеклов ва мажбуриятлар қонун билан тартибга солиниши керак.
Иккинчидан, ҳозирда йўл ҳаракати хавфсизлигини тартибга солиш масалалари "Йўл ҳаракати тўғрисида"ги Қонун, йўл ҳаракати қоидалари, йўл ҳаракати қоидаларининг бузилишига доир маъмурий ишларни кўриб чиқиш тартиби, йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомлар билан ҳам тартибга солинади. Бу, ўз навбатида, тарқоқ ҳолдаги ўзаро боғлиқ қоидаларни битта қонун ҳужжатига жамлашни тақозо этмоқда.
Ёшларга тамаки маҳсулотлари сотилишини тақиқлаш лозим
Партия 2009 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга 2030 йилдан бошлаб тамаки маҳсулотлари сотилишини тақиқлаш ва инсон саломатлиги, айниқса, болалар соғлиғига энергетик ичимликларнинг салбий таъсирини инобатга олиб, 21 ёшдан кичик шахсларга энергетик ичимликлар сотишни тақиқлаш таклифини Сайловолди платформасига киритган.
Кўплаб мамлакатларда ёшларнинг тамаки маҳсулотлари истеъмол қилишига чек қўйишга қаратилган саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Масалан, Янги Зеландияда 2009 йил 1 январда ва ундан кейин туғилган шахсларга тамаки маҳсулотларини сотиш тақиқланган бўлиб, белгиланган тартибни бузганлик учун 50 000 дан 150 000 долларгача жарима назарда тутилган.
Экспертлар фикрича, ёшлар ўртасида кашандалик иллати кўлами ортишига бир-биридан жозибадор рекламалар кўпайиб, қонуний чекловлар тобора сусайиб бораётгани сабаб бўлмоқда. Мутахассислар 2050 йилгача сайёрамизда чекиш туфайли 450 миллион инсон ҳаётдан кўз юмиши мумкинлигини прогноз қилмоқда.
Шулардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Экологик партияси томонидан илгари сурилаётган ташаббус - 2030 йилдан бошлаб 2009 йил 1 январдан кейин туғилган шахсларга тамаки маҳсулотлари сотилишини тақиқлаш таклифи айни бугунги кундаги муҳим масалалардандир. Қолаверса, бу ёш авлодни кашандалик иллатидан ҳимоя қилишда самарали механизмга айланиши шубҳасиз.
Экологик қонунчиликни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқиш - устувор мақсад
Ўзбекистон Экологик партияси томонидан экологияга оид қонунчиликни кодификациялаш орқали Экология ва Ўрмон кодексларини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилиб, мазкур соҳалардаги қонунчилик ҳужжатларини яхлит тизимлаштирилишига эришиш кўзда тутилмоқда.
Шу билан бирга, Ўзбекистон Экологик партияси қонун ижодкорлиги йўналишида бир қатор янги қонунларни қабул қилишни бугунги куннинг зарурати, деб ҳисоблайди. Хусусан, "Атроф-муҳит мониторинги тўғрисида"ги қонун атроф-муҳит мониторинги тизимини такомиллаштириш ва унинг самарадорлигини ошириш, прогнозлаштириш орқали атроф-муҳитга салбий таъсир юзага келишининг олдини олиш, шунингдек табиий ресурслардан фойдаланишни тизимли равишда кузатиш, атроф табиий муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида давлат назорати юритилишини баҳолаш ҳамда ахборот билан таъминлашга хизмат қилади.
Аҳолининг экологик ахборотга бўлган конституциявий ҳуқуқини таъминлаш мақсадида эса "Экологик ахборотлаштириш тўғрисида"ги қонунни, атроф-муҳитни тиклаш, унга бўладиган зарарли таъсир оқибатларини бартараф этиш ва табиий ресурсларни такрор ишлаб чиқаришнинг ҳуқуқий асосларини белгиловчи "Табиатни тиклаш тўғрисида"ги қонунни, ҳозирда кимё саноати жадал ривожланаётганлигини эътиборга олиб, аҳолини кимёвий заҳарланишдан сақлаш, соғлиғини муҳофаза қилишга қаратилган "Кимёвий хавфсизлик тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш ҳам устувор аҳамиятга эга.
Бундан ташқари, партия чиқиндиларни бошқариш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳамда тамойилларини ва соҳада давлат-хусусий шериклик механизмини ҳамда давлат бошқаруви органлари ваколат ва функцияларини аниқ белгиловчи янги таҳрирдаги "Чиқиндилар тўғрисида"ги қонунни, атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш, иссиқхона газлари нормадан ортиқ чиқарилишининг олдини олиш ва бу борада ташкилий-ҳуқуқий механизмларни аниқ белгилаш мақсадида замонавий халқаро стандартлар асосида янги таҳрирдаги "Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида"ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш тарафдори ҳисобланади.
Шунингдек, дунёда генетик муҳандислик технологиялари ривожланиб бораётганлигини инобатга олиб, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда аҳоли соғлигини сақлаш мақсадида янги таҳрирдаги "Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида"ги қонунни қабул қилиш ҳам соҳадаги ҳуқуқий асосларнинг мустаҳкамланишига хизмат қилади.
Атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга хизмат қиладиган стратегик ҳужжат
"Барқарор экологик ривожланиш стратегияси" мамлакатимизда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик барқарорликка эришиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналишларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, аҳоли учун қулай атроф-муҳит шароитларини яратиш, иқлим ўзгаришларига мослашиш, Орол фожиаси оқибатларини юмшатишни назарда тутади. Бу бебаҳо табиий бойликларимизни кўпайтиришга ҳамда ҳозирги ва келажак авлодлар учун асраб-авайлашга ҳамда атроф-муҳит мусаффолигини сақлашга хизмат қиладиган стратегик ҳужжат бўлади.
Қишлоқ хўжалиги, саноат ва иқтисодиёт тармоқларида сувдан самарали фойдаланишга қаратилган Миллий дастур эса атрофимизда рўй бераётган сув билан боғлиқ экологик муаммолардан ҳар биримиз тегишли хулоса чиқариб, сувни тежаш ва исроф қилмаслик тамойилини кундалик мезонимизга айлантиришга хизмат қилади.
Партия илгари сураётган янги қонунларни қабул қилиш ва амалдаги қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш ташаббуслари инсон ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш ва экологик ҳуқуқларини таъминлашга, экология соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни олдини олишга, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини оммалаштиришга хизмат қилади.
Табиатнинг бетакрор мўъжизаси - муқаддас тупроқ, мусаффо ҳаво, зилол сув, ўз нурини сахийлик ила сочаётган қуёш, барча-барчаси биз, инсонлар учун бебаҳо неъмат эканлигини доимо ёдда тутайлик!
Она-табиатимизни, атроф-муҳитини асраб-авайлаш, келажак авлодларга бекаму-кўст етказиш йўлида бирлашайлик!
Хайрулло ГАППОРОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати
Дилдора КАМАЛОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига номзод