Нефть-газ саноати мамлакатимиз иқтисодиётининг етакчи тармоқларидан биридир. Ўзбекистон газ қазиб олиш бўйича дунёда етакчи мамлакатлар қаторида туради. Мустақиллик йилларида мамлакатимиз газ, полиэтилен ва қайта ишланган нефть маҳсулотларининг йирик экспортчисига айланди.
Жумладан, Муборак газни қайта ишлаш заводи йилига 29 миллиард куб метр табиий газни қайта ишлаш, 400 минг тонна олтингугурт, 125 минг тонна барқарорлаштирилган газ конденсати ва 258 минг тонна суюлтирилган газ ишлаб чиқариш қувватига эга.
Жорий йилнинг 6 ойи давомида завод томонидан 9 миллиард 260 миллион метр куб табиий газ қайта ишланиб, истеъмолчиларга етказиб берилди. Бу кўрсаткич "Ўзбекнефтгаз" акциядорлик жамияти тизимидаги ташкилотлар томонидан етказиб берилаётган табиий газнинг 67,5 фоизини ташкил қилиши аҳамиятга молик.
Шу билан бир қаторда, 192 минг 700 тонна суюқ углеводород ишлаб чиқарилиб, шундан 140 минг 700 тонна суюлтирилган газ республикамиз аҳолисига етказиб берилди. 138 минг тонна олтингугурт маҳсулоти ишлаб чиқаришга эришилди.
Кейинги 3 йилда заводимиз томонидан бир қатор йирик истиқболли лойиҳалар амалга оширилди. Жумладан, Президент қарорларига асосан, ишдан чиққан қувватлар ўрнини тўлдириш мақсадида йилига 6 миллиард метр куб хом ашёни тозалаш қувватига эга табиий газни олтингугуртли бирикмалардан ажратиш қурилмалари ишга туширилди. Бунинг натижасида қайта ишланган табиий газнинг сифат кўрсаткичлари яхшиланди ва энергия ресурслари ҳажми 20 фоизгача тежалди.
Аҳолини суюлтирилган газ маҳсулоти билан таъминлаш, табиий газ ва суюлтирилган углеводородларни янада кўпайтириш, экспортбоп маҳсулотларни ошириш юзасидан корхонамизда 2 та йирик инвестицион лойиҳа амалга оширилиб, жорий йилда тўлиқ ишга туширилади.
Ушбу лойиҳаларнинг умумий қиймати 73,6 миллион АҚШ долларини ташкил қилади, улар амалга ошиши натижасида йилига қўшимча 60 минг тонна суюлтирилган газ маҳсулоти ишлаб чиқарилади ва 83 та янги иш ўрни яратилади.
Шунингдек, корхонада босқичма-босқич маънан ва жисмонан эскирган мавжуд қурилмаларни модернизация ва реконструкция қилиш бўйича 10 дан ортиқ лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган.
Хусусан, мавжуд 6 та табиий газни олтингугурт бирикмаларидан тозалаш технологик қурилмаларини тўлиқ модернизация қилиш; ишлаб чиқаришга яроқсиз ҳолга келиб қолган 2 та олтингугурт ишлаб чиқариш технологик қурилмалари ўрнига янги, жаҳон андазаларига мос, қуввати йилига 270 минг тонна олтингугурт ишлаб чиқариш имконини берадиган технологик қурилмани ишга тушириш режа қилинмоқда.
30 фоизгача энергия тежамкор 3 янги замонавий қозонхона қуриш лойиҳаси амалга ошгач, йил давомида корхона учун сотиб олинадиган электр энергиясига бўлган эҳтиёж сезиларли даражада камаяди.
Шунингдек, олтингугурт ишлаб чиқарадиган технологик қурилмани реконструкция қилиш; машъала қурилма технологик тизимини реконструкция қилиш; сув билан совутиш қурилмалари ўрнига энергия тежамкор, замонавий совутиш тизимларини қуриш; ишлаб чиқарилаётган табиий газ таркибидаги меркаптан бирикмаларидан тозалаш технологик тизимини жорий этиш; мавжуд вентиляция технологик тизимини реконструкция қилиб, замонавий энергия тежамкор ускуналарини ўрнатиш; завод ҳудудидаги темир йўлларни реконструкция қилиш кўзда тутилмоқда.
Ушбу лойиҳалар 2020-2021 йилларга мўлжалланган манзилли дастурга киритилган бўлиб, ҳозирги кунда лойиҳалаштириш институтлари билан дастлабки ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари, заводда яна бир янги йўналишдаги лойиҳа амалга оширилмоқда. Мазкур лойиҳа ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар турларини кўпайтириш ҳамда қишлоқ хўжалигида минерал ўғитларга бўлган эҳтиёжни қондириш ва экспортбоп ўғитлар, яъни олтингугуртли бентонит ва олтингугуртли карбамид минерал ўғитларини ишлаб чиқариш билан боғлиқ. Ушбу минерал ўғитлар тупроқни кремний, кальций, магний, фосфор, калий, натрий ва олтингугурт оксидлари билан таъминлаб, тупроқ унумдорлиги, ҳосилдорлигини ҳамда совуққа чидамлилигини оширади. Лойиҳани рўёбга чиқариш бўйича Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали билан шартнома тузиб, ҳамкорликда дастлабки тажриба-синов ишлари бажарилаяпти.
Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, завод марказий диспетчерлик хизматида замонавий бошқарув ва кузатув тизими ишга туширилиб, заводдаги барча технологик жараёнларни онлайн режимда "Ўзбекнефтгаз" АЖга узлуксиз равишда етказиб туриш имкони туғилди.
Бу каби рақамларни кўплаб келтириш мумкин. Муҳими, янги режалар, истиқболли лойиҳалар талайгина. Уларнинг амалдаги рўёби ҳам кўп куттирмаяпти. Буларнинг барчаси нимадан? Истиқлол берган кенг имкониятлардан, албатта. Оилалар фаровонлиги, турмуш ободлиги, эртанги кунга ишончимиз юксаклиги эса ана шу имкониятлардан унумли фойдаланаётганимиз натижасидир.
Шермат ШАМСИЕВ,
Муборак газни қайта ишлаш заводи директори, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзоси