Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
25 ноябрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

17.02.2017


ИСТИҚЛОЛ НАФАСИДАН ЯШНАЁТГАН ГЎША

Бир пайтлар хароба, ташландиқ, қишлоқ хўжалиги учун ишлатиладиган кимёвий ўғитлар сақланадиган  омбор вазифасини ўтаган обидалар истиқлол шарофати билан бугун буткул ўзгача чирой очиб, кўзни қувнатадиган, дилларга хушнудлик, эртанги кунга юксак ишонч уйғотадиган масканга айланди.

Яқин ўтмишда, аниқроғи собиқ совет тузуми даврида бу жойларни обод қилиш тугул, тарихий обида сифатида сақлаб қолиш ҳақида ўйлаб ҳам кўрилмаган эди. Қайтага йўқотишга уринишлар, урингичлар кўп эди. Бу масканларда кишилар бошида қиличу қамчи ўйнатган, ҳукмфармолик билан миллатни тарихидан, ўзлигидан айро қилишга уринган кишиларнинг   нопок қадамлари изғирди.

Вазирлар Маҳкамасининг “Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида объектларни қуриш ва реконструкция қилишга доир комплекс чора-тадбирлар дастури тўғ-рисида”ги қарори асосида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари, бунинг самарасида барпо бўлган яшиллик, фавворалар, декоратив деворлар, ҳунармандлар учун мўлжалланган қўш қаватли бинолар бугун кўҳна Кешни файзга буркаган. Аллеяга экилган 31 минг 500 тупга яқин ноёб, ҳамиша яшилликка бурканиб турадиган дарахт кўчатлари ва буталар Шаҳрисабзнинг исмини жисмига монанд этган. Муҳташам Оқсарой узоқ ўтмишимиздан, аждодларимизнинг қудратидан, қандай буюк зотларнинг давомчиси эканимиздан сўйлаётгандай.

Кўҳна Кешда амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳар биримизнинг кўз ўнгимизда, дилида яратиш, янгиланиш иштиёқи бўлган ҳар бир кишининг иштирокида ўтди. Бунёдкорлик, яратувчанлик қўлдан тилга, тилдан дилга жо бўлди. Бугун қайта чирой очган муҳташам иморатлар ҳар бир кишининг маънавий мулкига айланиб улгурди, десак муболаға бўлмас.

Бугун бутун маҳобатини кўз-кўз қилаётган обидаларга боқиб, худдики бу иморатлар азалдан шундай бўлиб келган, деган ўйга борасан киши. Аммо тарихнинг қора кунларини бошдан кечирган иншоотларимизнинг турли архивларда сақланиб қолган суратларига назар соларканмиз, тарихий гўшаларимиз фақат истиқлол нафасидан яшнаётганини, яшараётганини чуқур англаб етамиз. Кеча ва бугунни солиштириш баробарида бу кунларга етиш осон бўлмаганини, бу нурафшон кунларни неча-неча ота-боболаримиз орзу қилиб ўтганини ҳис қилиб, истиқлол неъмати абадул абад юртимизни тарк этмаслигини тилаб дуога қўл очамиз...

Н.ХЎЖАЕВ

* * *

Таҳририят ва архив суратларидан фойдаланилди.

 

Report typo