Вилоят ҳокими қарийб 100 минг нафар ёшнинг келгуси тақдири қамраб олинган қарорни имзолади
Шарҳ
Жорий йилнинг охиригача вилоятимизда IT-паркнинг янги резидентлари сони яна 60 тага кўпайиб, кўрсатилган IT-хизматлар ҳажми 300 миллиард сўм, уларнинг экспорти эса 30 миллион долларга етказилиши зарур.
Шу ва бошқа бир қатор мақсадли кўрсаткичлар вилоят ҳокимининг жорий йил 9 январдаги "Қашқадарё вилоятида рақамлаштириш соҳасини янада ривожлантириш бўйича устувор вазифаларни амалга ошириш тўғрисида"ги қарори билан тасдиқланган. Мазкур ҳужжат Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 2023 йил 20 декабрь куни кенгайтирилган тарзда ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар - ҳудудларда рақамлаштириш соҳасини янада ривожлантириш, IT соҳасида кўрсатилаётган хизматлар ва экспорт ҳажмини ошириш, ёшларни IT ва хорижий тилларга ўқитиш қамровини кенгайтириш бўйича берилган муҳим топшириқлар ижросини таъминлашга қаратилган. Унга кўра, 2024 йил давомида вилоятимиздан халқаро IT бозорга камида 150 нафар ёш дастурчини чиқариб, халқаро профессионал IT-сертификат олиши учун 300 нафар давлат хизматчисини ўқитиш назарда тутилган. Ўз навбатида, 2 минг 400 нафар мактаб ўқувчиси ва 810 нафар талаба инглиз тилига (сўзлашув - C1 даражасида), шунингдек, 700 нафар ўқувчи ва 220 нафар талаба немис ва бошқа тилларга (B2 даражасида) чуқурлаштирилган тарзда ўқитилади. "Бир миллион дастурчи" лойиҳаси доирасида 75 минг нафар ўқувчи ва 4 минг нафар талаба махсус билим ва кўникмаларга эга бўлади, айни пайтда қашқадарёлик ёшлардан 300 нафари халқаро профессионал IT-сертификатлар олиш имконини берувчи ўқувга жалб қилинади.
"Ҳар бир маҳаллада камида икки нафар дастурчи" лойиҳаси бўйича ўқитиш манзиллари тасдиқланиб, йил якунига қадар 1 минг 600 нафар ёш Ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан IT технологиялар бўйича ўқитилади.
Вилоят ҳокимининг қарорига асосан 2023-2024 ўқув йили якунига қадар информатика фани бўйича 5-8-синф ўқувчилари ўртасида "мактаб-туман-вилоят" босқичларида олимпиадалар ташкил этилиб, шу жараёнда энг иқтидорли 50 нафар ўқувчи саралаб олинади ва уларни халқаро олимпиадаларга тайёрлаш ишлари бошланади.
Чекка ҳудудлардаги ёшларни IT соҳасига жалб қилиш ва ўқитиш мақсадида жорий йил 1 сентябрга қадар вилоятимиз туманларида ҳам Самарқанд вилояти Нуробод туманида ташкил этилган IT-шаҳарчадек IT-шаҳарча фаолиятини йўлга қўйиш учун тегишли мутасаддиларга зарур чоралар кўриш вазифаси қўйилган.
Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарлари ҳокимликларига йил якунига қадар салоҳиятли тадбиркорларни жалб этиб, биттадан киберспорт марказини очиш топшириғи берилган.
Бундан ташқари, ҳужжатда воҳамизда рақамлаштириш соҳасини янада ривожлантиришга қаратилган яна кўплаб муҳим чора-тадбирлар, шу жумладан, ҳудудий резидентларни халқаро миқёсга олиб чиқиш учун илғор хорижий мамлакатлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, чет эл капитали иштирокидаги IT-компаниялар ва хорижий инвестицияларни жалб этиш, нуфузли хорижий IT-компаниялар бизнесини вилоятга релокация қилиш (кўчириш), бўш турган биноларда IT-парк резидентларини бир йил муддатга текин фойдаланиш шарти билан жойлаштириш, мавжуд муаммолар ечимига қаратилган инновацион лойиҳалар танловини эълон қилиш, Қашқадарёдаги ҳар бир олий таълим муассасасида IT-парк резидент компаниясини ташкил этиб, IT-хизматлар экспортини бошлаш, энг яхши истиқболли IT-лойиҳалар ташаббускорларини маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан мазкур соҳа ривожланган давлатларга тажриба алмашиш мақсадида юборишга доир режалар ва амалий ишлар белгилаб берилган.
Сирасини айтганда, мазкур қарор, вилоят ҳокими Муротжон Азимов алоҳида таъкидлаб ўтганидек, биз учун ўта муҳим аҳамиятга эга, зеро, унда қарийб 100 минг нафар ёшнинг келгуси тақдири қамраб олинган.
Ўз мухбиримиз