I
Ҳақиқатан ҳам, тозалик бор жойда ҳатто фикрлар ҳам тоза бўлади, дейди донолар. Жондан азиз дилбандларимиз ораста, бақувват ва соғлом бўлиши учун уларни тозаликка ўргатиш, бунинг учун боғча-мактабда етарли шароит яратиш лозим. Жуда кўп мактаб ва боғчаларда (ҳозир ҳам) болалар қўли ифлосланса, оёқ кийимларини тозалашда, ҳожатдан кейин сув қидириб юришади, ёмғир ёққанида кўлмаклардан фойдаланишади. Мактаб олдига ўрнатилган қўл ювиш дастгоҳлари (умивальниклар)да доим ҳам сув бўлавермайди. Баъзи ҳолларда мактаб хизматчилари "сувни исроф қилма", деб болаларни ҳайдаб солишади. Муаллим ҳам, ўқувчилар ҳам бўрдан кўп фойдаланадилар, бироқ шундан кейин қўлни ювишадими ёки наридан-бери рўмолчасига артиб, катта танаффусда тамадди ҳам қилишадими?
Тиббиётда сариқ касални "ифлос қўллар касаллиги" деб аташади. Унинг болаларда кўпроқ учраши бежиз эмас, албатта. Тўғриси, бу борада болаларимизга кўп эътибор бермаймиз. Айниқса қишлоқ жойларда...
Қимматбаҳо кийимлар киямиз, маҳобатли уйлар қурамиз, аммо энг зарур масалаларга эътибор қаратмаймиз. Уларни майда-чуйда деб ҳисоблаймиз. Зиёфатлар уюштирамиз, совға-саломлар учун ортиқча харажатдан қочмаймиз. Буларни салгина қисқартириб, фарзандларимиз учун энг зарур шароитларни (мактабларда қўл ювиш учун шароит яратиш, ёғин-сочин вақти оёқ кийимларини ювишга махсус тарновчалар қилсак, буларни назорат қилиш учун танаффусларда юқори синф ўқувчиларидан навбатчилик) ташкил этсак, қандоқ яхши бўларди.
Нафақадаги кекса ўқитувчи бўлсам-да, таълим-тарбия соҳасидаги ўзгаришларни доим кузатиб бораман. Шундай дамларда ёшларга қарата "Қандай бахтлисизлар. Сизларга яратилаётган имкониятларга қаранглар, биз ишлаган пайтлар билан таққосласак, ер билан осмонча фарқ бор. Ёш боламиз бўлса ҳам ойлаб пахта теримида юрардик. Баҳорда ягана, ўтоқ ўқувчи ва ўқитувчилар зиммасида эди. Синфхоналар совуқ, ис чиқариб турган печлар тафтида исиниб дарс ўтардик... Энди чин дилдан ишланглар, билдирилган ишончни оқланглар", дегим келаверади.
Дарҳақиқат, кўримсиз мактаблар ўрнида юрганда ҳар томондан аксингиз кўринадиган ажойиб мактаблар қурилди. Набираларимизга у мактаблар ҳақида гапирсак, ишонишмайди, эртак бўлиб туюлади. Майли, улар учун эртак бўлиб қолсин. Аммо мана шундай замонавий мактабларда иситиш, қўл ювиш масалалари кўнгилдагидек эмас-да. Буни ким ҳал қилиши, ким жавоб бериши керак? Халқаро қўл ювиш кунини билган зукко, билимдон болаларимиз ҳеч кимдан кам бўлмасин. Соғлом ва бақувват бўлсин. Ахир юрт келажаги уларнинг қўлида-ку!
II
Таълим тизими тубдан янгиланаётган экан, ўқитувчиларимизнинг маънавий қиёфаси ҳақида айрим фикрлар айтишни жоиз деб билдим. Йўловчи машинада кетаётган икки аёлнинг суҳбати қулоғимга чалинди: "Набирамнинг ўқитувчиси дарс пайти тескари қараб, лабига буёқ, қошига қалам суртиб олармиш". Иккинчи аёл давом эттирди: "Менинг набирамнинг ўқитувчиси конфет шимиб ўтирармиш. Аввалига ишонмадим, синфдошларидан сўраб кўрдим, рост экан..."
Устоз осмон қадар юксак, юлдузлардек сирли, офтобдек меҳрли, она заминдек саховатли эмасми?
Буюк Алишер қалбига шеър завқини солган Абу Лайс эмасми у? Ўзбекистон Қаҳрамони Абдулла Орипов муаллимларни "Камолот ичра кўзгу" демаганмиди. Уларнинг шу қадар юксак қадрини ерга уришга, ўқувчилар кўз ўнгида номаъқулчилик қилишга ҳадди сиққан одам муаллим деган номга лойиқ эмас. У синфдан, йўқ, умуман, мактабдан чиқиб кетиши керак.
Бошланғич синфда дарс берган Гавҳар опани асло унутмайман. Бола эмасмизми, қишда мактабга келгунча сумка кўтарган қўлларимиз яхлаб қотиб қоларди. Гавҳар опа печка ёнига ўтқазиб, қўлларимизни пуфлаб иситиб қўярди. 8 март байрамида мен у кишига бир сиқимгина бинафша олиб борганман. Устозим шу қадар севинганки, пешонамдан ўпиб, "Сен кўнгли гулдек нозик қизсан, насиб бўлса шоира бўласан" деганди. Дунёда устоз дуосидан ҳам улуғ нарса борми? Ўқувчилар наздида ўқитувчи - одоб, ахлоқ, билим, кийиниш, юриш-туриш борасида энг намунали бенуқсон инсон.
Бошланғич синф ўқувчиларидан бири ўқитувчисининг чой ичаётганини кўриб: "Ия, ўқитувчимиз ҳам чой ичаркан", деганини эшитганман...
Ҳа, ўқувчи наздида ўқитувчи ҳамиша буюк зот бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади.
Мактабларда ўқитувчи ва ўқувчиларнинг ягона мактаб формасига ўтганидан ҳамма хурсанд, айниқса, ота-оналар. Аммо соч турмаклаш борасида ҳам бир тўхтамга келинса, нур устига аъло нур бўларди. Аксарият қизларимиз сочини ёйиб юради, бу соч ҳамма жойга илакишиб, тўкилиб, бошқалар кўнглини хира қилади. Ўзбек зиёли аёллари - Сора Эшонтўраева, Зулфияхоним, Саида Зуннунова сочларининг фарқини тўғри очиб, ихчамгина турмаклаб қўйишарди, бу жуда ярашиб турарди.
Яқинда телевизорда бир мактаб раҳбари, аёл гапираяпти. Кийиниши жойида, аммо саватдек сочини сариққа бўяб олган. Боғчада ишлайдиган таниш аёл тирноғини шу қадар ўстириб олганки, бирор болага тегиб кетса, жароҳат етказиши ҳеч гап эмас. Бинобарин, улуғларимиз "Тарбиячининг ўзи тарбияланган бўлиши керак", деб бежиз айтмаганлар ахир.
Таълим ва тарбия доимо бирга олиб борилган. Буни асло унутмайлик. "Бугунги кун ўқитувчиси" мақоласининг муаллифи Абдунаби Абдиев айтганидек, "... вақт борида узатган этагимизни йиғиб олиш" пайти келди.
Бўстон РАҲМОНОВА,
Ўзбекистон халқ ўқитувчиси