Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ш.БОЗОРОВА

23.08.2019


ҚИЗАМИҚДАН ҚАНДАЙ АСОРАТЛАР ҚОЛАДИ?

Умуман, қизамиқ қандай касаллик? У қанчалик хавфли? Бу ҳақда вилоят давлат санитария-эпидемиология назорат маркази иммунопрофилактика бўлими мудири Омон Исмоилов   қуйидагиларни сўзлаб берди:

- Қизамиқ - хавфли юқумли касаллик бўлиб, у кўпроқ шунга қарши эмланмаган ёш болаларда учраши мумкин. Эмизикли гўдаклар она сути орқали иммунитет ҳосил қилгани сабабли қизамиққа чалинмайди. Уларга касаллик юққан тақдирда ҳам асоратсиз кечади.

Касаллик тана ҳароратининг кўтарилиши, юқори нафас йўллари, кўз шиллиқ пардаси, оғиз бўшлиғининг яллиғланиши ва терида қизил, йирик доғли тошмалар тошиши орқали белги беради. Хасталик қўзғатувчиси вирус ҳисобланиб, бемор йўталганда, аксирганда, гаплашганда тупугининг майда томчилари ҳавога тушади, кейин нафас йўллари орқали соғлом бола организмига ўтади.

Касаллик тўрт босқичда кечади. Яширин даври 6-18 кунни ташкил этиб, белгилари деярли сезилмайди. Сўнг хасталик ўткирлашиб, тана ҳарорати кўтарилади, қуруқ йўтал, тумов, кўз қизариб ёшланиши, товуш бўғилиши кузатилади, бемор ёруғликка қарай олмайди. Бу даврда лунж шиллиқ пардаси атрофида майда қизил-оқ доғлар пайдо бўлади. Улар тошма тошишдан 2-3 кун олдин юзага чиқиб, 1-2 кун ўтиб йўқолади. Боланинг дармони қуриб, инжиқ бўлиб қолади, иштаҳаси йўқолади, тез-тез ичи кетади. Катта ёшли болаларда бош оғриғи, қусиш, бурун қонаши, қорин оғриғи кузатилади.

Тошма тошиш даврида бемор қайта иситмаламайди, томоғи қизаради. Қизил, йирик доғ тошмалар бир неча соатда бутун юзга ёйилади. Иккинчи куни тошмалар баданга, учинчи куни қўл ва оёққа тарқалади.

Қизамиқда тери нам бўлиб, бироз қичишади. 3-4 кундан сўнг соғайиш даври бошланади. Юздаги тошмалар қорая бошлайди ва жигарранг доғларга айланади. Касалликдан зотилжам (ўпка яллиғланиши), томоқнинг шиши, ўрта қулоқнинг яллиғланиши (отит), ичак касалликлари каби асоратлар қолиши мумкин.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) маълумотига кўра,  Европанинг қатор давлатларида сўнгги  икки йил давомида қизамиқ касаллиги бўйича эпидемиологик нохуш вазият сақланиб қолмоқда. Ўтган йили мазкур ҳудудда ушбу касалликдан 72 та ҳолатда ўлим қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, касалликнинг олдини олиш ва юқтирмаслик, организмда унга қарши иммунитет ҳосил қилишнинг ягона чораси, бу - эмлашдир. Афсуски, эмлаш даражаси паст ёки эмлашдан воз кечган мамлакатларда бу касаллик авж олган.

Мамлакатимиз ЖССТ томонидан қизамиқ ва қизилча касалликларини бартараф этган мамлакат сифатида тан олинган ва Ўзбекистон Республикасига 2017 ва 2018 йилларда ЖССТнинг қизамиқ ва қизилча касаллигининг элиминацияси, яъни ушбу касалликлар маҳаллий тарзда тарқалишининг тўхтатилганлиги тўғрисида халқаро сертификат берилган. 2018 йилда эса республика бўйича қўшимча профилактик ва эпидемияга қарши чора-тадбирлар натижасида 22 минг 310 нафар киши қизамиқ касаллигига қарши эмланган.

Ш.БОЗОРОВА

Report typo