“Қинғирлик – тириклик гўри, эгрилик – умрнинг шўри” деган нақл бор халқимизда. Боиси, нотўғри йўлга кирган инсон кун келиб барибир фош бўлади ва унинг бошқалар олдида кўтариб юргулик боши қолмайди. Балойи нафс кўйида ўтказилган вақт эса умрнинг энг қимматли дамларини ҳавога совуришдир.
Турмуш қийинчиликларидан азият чеккан, ё бўлмаса мураккаб вазиятдан чиқиш йўлларини билмай жиноят йўлига кирганлар хатти-ҳаракатини қандайдир сабаб билан изоҳлаш мумкиндир, аммо ўзига тўқ бўла туриб, қинғирликка қўл урадиганлар хатти-ҳаракатига қандай муносабат билдиришга ожиз қоласан айрим ҳолларда.
Қарши шаҳридаги “И.А.Б” МЧЖ раиси А.Б.ни дасти калталардан деб бўлмасди. Ҳар ҳолда ўзига тегишли шохобчалардан тушадиган пулнинг ўзи катта рақамларни кўрсатарди. Аммо нафс истаги устун келиб, у жамият бош ҳисобчиси С.М. ва назоратчи Э.Х. билан бир гуруҳга бирлашиб, жамиятга тегишли савдо дўконлари ва омборхоналаридан ижара шартномаси асосида фойдаланаётган хўжалик юритувчи субъектлар томонидан ойма-ой тўланадиган ижара тўлови маблағини ўзлаштириш ниятида жиноий тил бириктиришган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти Қарши шаҳар бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширишда ушбу шахслар хўжалик юритувчи субъектлар томонидан тўланган 1 миллиард 331 миллион 398 минг сўмлик ижара тўлови пулларини жамият ҳисоб рақамига кирим қилмасдан, ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан А.Б., С.М. ва Э.Х.га нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, суднинг ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.