Ўша мақолани ёзганимниям, уни почта орқали газета таҳририятига жўнатганимниям отам билмасди. Кейинчалик мақола ёзсам, албатта отамга кўрсатадиган бўлдим. Отам эринмасдан мақолани ўқиб чиқарди, ўрни келса, таҳрир ҳам қиларди, ўзининг тўғри маслаҳатларини берарди.
– Газетада ишловчиларни анойи деб ўйлама, улар ақлли одамлар. Мақола ёзсанг пишиқ-пухта қилиб ёз. Ёзганларингдан уларнинг ўзлари ҳам ҳайрон қолишсин ва бирдан чоп этишсин, – дерди отам.
Отамнинг маслаҳатларига доимо қулоқ тутдим. Мактабимиздаги ва хўжаликдаги янгиликлар, илғор ва меҳнаткаш, ҳалол ва фидойи одамлар ҳақида кўплаб мақолалар, очерк ва лавҳалар ёзиб, газетага жўнатардим. Фурсат ўтмаёқ мақолаларим босилиб чиқаверарди. Кейинчалик вилоят ва республика нашрларида мақолаларим чоп этила бошлади. Хуллас, атоқли адибимиз айтганидек, анча “машҳур” ҳам бўлиб қолдим.
Болалигимдаёқ журналист, ёзувчи бўлишни дилимга тукканман. Ундан бошқа ҳеч қандай орзуим бўлмаган. Ҳатто фалон-фалон жойларда ишлайман деган ниятим ҳам бўлган эмас.
Мактабни тамомлаб, бир йил газетада ишладим. Сўнг университетга ўқишга кирдим. Талабалик билан газетачиликни ҳеч қачон айро тутган эмасман. Ҳажвларим ва мақолаларим вилоят ва республика нашрларида тез-тез чиқаверарди ва булар, албатта, университетда катта шов-шувга ҳам сабаб бўларди.
Университетни битириш чоғида, қўлимга диплом олаётганимда ҳам «Энди қаерда ишламоқчисиз?» дейишганида, «Газета-журналлар ёки нашриётларда ишлашни хоҳлайман», дея жавоб берганман.
Алқисса, ўқишни битириб, газетада иш бошладим. Турган гапки, ёзишдан сира тўхтамадим. Икки йилдан кейин мени ёшлар ташкилотига ишга таклиф этишди. Агар ушбу ташкилотга ишга ўтсам, ижод, журналистика билан буткул хайрлашаман, деб ўйладим ва янги ишга розилик бермадим. Унга ҳушим ҳам йўқ эди. «Юқори»дагилар отамга ҳам айтиб, мени кўндирмоқчи бўлишди. Кўнмадим. Ахийри «катта»лар сенга ишонч билдиришаяпти. Ўтиб ишла, ёмон бўлмайди. Одамларни ўрганасан. Шу жойда ҳам ёзадиганингни ёзаверасан», дейишди. Охири туман ёшлари қўмитасида ишлашдан бошқа иложим қолмади. Кўп ўтмай туман партия қўмитасига ишга ўтказишди. «Иш билганга минг танга» деганларидек, иккала жойда ҳам шунақанги кўп ёзиш-чизиш билан банд бўлиб, қоғозлар уюмига кўмилиб қолардим. Шунда ҳам вақт топиб, ишдан сўнг – кечаси билан ёзиб чиқардим. Кўп ҳолларда турмуш ўртоғим мени ижодга ундарди, қўллаб-қувватларди, рағбатлантирарди. Шу даврда ҳам ҳикояларим газета-журналларда мунтазам равишда чиқиб турди, ёзганларим радиоларда эшиттирилди. Турли мавзуларда ўзим ҳам радиода чиқишлар қилдим. Албатта, булар хусусида раҳбарларимиз, устозларимиз ва одамлардан мақтов сўзларини эшитиб, кўнглим тоғдай кўтарилиб кетарди ва тағин ҳам катта куч билан ижодга шўнғирдим.
1994 йили ҳокимият тизимига ишга ўтдим. Аммо ёзишни канда қилмадим. Республика нашрларида ҳикояларим бот-бот чиқиб турди. 1996 йили «Ёзувчи» нашриётида «Кайфият» номли ҳикоялар тўпламим кўп минг нусхада чоп қилинди ва илиқ кутиб олинди.
Орада вақт топсам, ҳафсала тополмай, ҳафсала топсам, вақт тополмай газета-журналларда «кўриниш»им сусайиб, тушкун кайфиятда қолган пайтларим ҳам бўлди. Лекин шундай паллада ҳам уйда нималарнидир қоралаб қўярдим.
Албатта, меъёрдаги рағбат, мақтов яхши нарса. Одамнинг кўнглини кўтариб, уни эзгу ишларга ундаб туради. Абдушукур Омонов Деҳқон-обод туманига ҳоким бўлиб келгач, мени яна ижодга ундай бошлади. «Сиз ижоддан тўхтамаслигингиз керак. Кўп буюк одамлар қийинчиликда машаққат билан ижод қилишган. Сизам ҳар қандай шароитда ижод қилишингиз керак» дея гап бошларди ҳар маҳал. Мен эса «Мен энди бутун умр қийналишим керакми?» дердим ҳазиллашиб.
Аслида қалби тоза ижодкорлар, меҳри дарё инсонлар билан ҳар гал учрашганимда, уларнинг рағбати ва эътирофлари кўнглимни осмон қадар кўтариб юборади. Демак, мен тўхтамай ёзаверишим керак экан, деб ўйлайман.
Ҳокимиятда иш қанчалик тиғиз ва кўлами кенг бўлмасин, газеталардан ёхуд бошқа нашрлардан ҳамон «буюртма»лар тушиб туради: «Ижод намуналарингиздан жўнатинг», «Фалон инсон ҳақида чиройли нарса ёзиб юборинг»...
Ахир бундай «буюртма»ларга қош чимирилиши керакми? Асло, йўқ! Мен буни ўзимга билдирилган ишонч деб тушунаман ва албатта, уни ўз вақтида кўнгилдагидек бажо қилишга ҳаракат қиламан.
Ижод – ҳаётим мазмунига айланиб қолган. Бошқа ҳеч қандай касбни ёки вазифани орзу қилмаганман. Токи, юрагим уриб турар экан, бир лаҳза ҳам ижоддан тўхтамайман. Зеро, мустақил она юртим истиқболи ва иқболи йўлида ижод қилавериш – мен учун чинакам бахтдир!
Абдуқаюм БЕККАМОВ