Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
14 декабрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Маънавият
  • “Ижодимда Амир Темур даври тасвири” танлови вилоят саралаш босқичи ўтказилди

Б.САЙФИЕВ

31.05.2024


“Ижодимда Амир Темур даври тасвири” танлови вилоят саралаш босқичи ўтказилди

Танлов

Қарши шаҳрида  “Биз – буюк Соҳибқирон издошларимиз!” кўрик-танлови доирасида “Куч – адолатдадир” шиори остида ташкил  қилинган “Ижодимда Амир Темур даври тасвири” танлови вилоят босқичи ўтказилди.

Соҳибқирон Амир Темур ва Темурийлар даврини рангтасвир, графика, амалий санъат ҳамда ҳайкалтарошлик каби 4 та йўналишда энг яхши ифода этган иштирокчилар Шаҳрисабзда ўтадиган якуний босқичга йўлланмани қўлга киритишди.

Ҳакамлар ҳайъати аъзолари ижодий ишларни баҳолашда тарихий мавзунинг тўлақонли ёритилгани, композицион мукаммаллик, маҳорат даражаси, этнографик ашёлар (деталлар) ҳаққонийлигига асосий эътибор қаратишди.

- Танловда ижодий ишларнинг бошқа асарлардан кўчирилмагани, тасаввур кучига асосий эътибор қаратдик, - дейди Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Азамат Сатторов. – Маълумки, Амир Темур ва Темурийлар даври ҳақида кўплаб асарлар ёзилган, сурат ва ҳайкаллар ишланган. Ҳар бир ижодкор билим ва тасаввур дунёси кенглигига қараб мавзуни акс эттиришга ҳаракат қилади. Дарҳақиқат, ҳали мактаб ўқувчиси бўлса-да, тарихий мавзуга профессионал нуқтаи назардан ёндашган ёшлар кўплиги бизни қувонтирди.

Қайд этиш лозим, Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда Ўзбекистон бадиий ижодкорлар уюшмаси вилоят бўлимлари ҳамкорлигида ўтказилган мазкур танловнинг ҳар бир йўналишда 1-ўринни олган иштирокчиларга 5 миллион сўмдан, 2-ўрин соҳибларига 3 миллион ва 3-ўринни олганларга 2 миллион сўм пул мукофоти ҳамда меҳнат анжомлари тақдим этилади.

Б.САЙФИЕВ

 

 

Report typo