Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

НАСРИДДИН

11.05.2021


ИЖОДКОР ВА РАҲБАР ҲАММА ВАҚТ ҲАМ ЧИҚИШИБ КЕТАВЕРМАЙДИ

Сараланган сатрлар

Ижодга мойил кўп кишилар ҳаётнинг баланд-пастини кўриб, оқ-қорасини танигач, кўрган-кечирганларини китоб ҳолига келтиради. Одатда бундай асарлар автобиографик характерда, кенгайтирилган таржимаи ҳол шаклида бўлади.

Аммо шундайлар борки, бир умр ўзга соҳалар нонини еб, умрининг маълум палласида бадиий адабиётга юз буради ва кутилмаган санъат намунасини яратиб қўйганини ўзи ҳам сезмайди эҳтимол.

Хусусан, Ўзбекистон халқ рассоми, Бадиий академия аъзоси, шахсий кўргазмалари 1977 йилдан буён Германия, Франция, АҚШ, Россия, Болгария, собиқ Югославия, Ҳиндистон, Сурия, Корея, Норвегия, Литва ҳамда юртимизда тасвирий санъат ихлосмандлари эътирофига сазовор бўлган, кўплаб асарлари дунёнинг машҳур музей ва галереяларида сақланаётган Алишер Мирзонинг 2018 йилда "Каллахоналик йигитча" номли романи нашр этилиши юқоридаги фикримизга далил бўла олади.

Тўғри, мазкур романда рассом болалик, ўсмирлик йилларини қаламга олади - бироқ буни шунчаки қуруқ шаклда эмас, ҳақиқий бадиий ифода этадики, мутолаа асносида ровийни буткул унутасиз - асар воқеаларига шўнғийсиз беихтиёр.

Тошкентда ўқиган, маълум вақт яшаганлар Эски шаҳар, Чорсу тарафларни ўзгача меҳр, ўзгача соғинч билан эслайди. Роман муаллифи айни ўша минтақадаги воқеа-ҳодисаларни қаламга олади ва шахслар, кечинмаларнинг бу қадар аниқ баёни адибнинг кучли хотирасидан дарак бериши баробарида жин кўчалар аро сайру саёҳатга бошлайди.

Китоб муаллифи рассом эмасми, биз бунда шахслар, ҳодисотларнинг тиниқ манзарасини, тирик лавҳаларни кўрамиз, яна бир ўзига хослик - муаллиф китобини мавзуга оид гўзал суратлар билан безаганки, бунақаси энди жаҳон адабиётида ҳам кам учрайди.

Ўзгачароқ, мароқли ва қизиқарли асар ўқишни дилга тугиб юрган бўлсангиз, "Каллахоналик йигитча" романини варақлаб кўринг. Дарвоқе, рассом-адибимиз китобнинг давомини ҳам ёзишга улгурибди, номи "Мусаввир". У ҳақда бошқа сафар...

* * *

Туғилишга туғилдиму менга исм қўйиш оғир кечди чоғи. Қулоқ қилиб олис Сибирияга бадарға қилинган қиблагоҳлари Мирзамуҳаммадбойнинг қисматидан ташвишда юрган ва қама-қаманинг янги мавсуми бошланиб қолишидан хавотирда бўлган отам - Тўлаган Мирзаев ўғилча, яъни каминанинг исмини Абдулла ёинки Саидваққос қўйсалар, маҳалла "ёзувчи"ларидан бирортаси ана, халқ душмани бўлмиш фалончининг исмини танлади, дея гапни чувалатишдан тоймаслиги эҳтимолдан йироқ эмаслигини ўйлаб, бир неча антиқа исмларни мўлжаллаб оладилар. Антиқа исмлар қандай бўлади, дерсиз? Бир чеккадан айтаман: Мэлс, Ҳамза, Максим (Горький), Октябржон ва ҳатто Маркс (Маркс Мирзаев)... Ҳай-ҳай, бир Худо асрагани шуки, қиблагоҳимизнинг зиёли табиатлиги, қолаверса, жўмардлиги зўр келиб, таваккалига "Алишер" деган исмни қўядилар, вассалом!.. Бу ёғини сўрасангиз, айни жаҳон муҳорабаси кезларида ўтказилмай қолган Навоий бобомизнинг таваллудига бағишланган мўътабар анжуман 1948 йилнинг февралида ташкил этилган, бир чеккаси, отамиз шул воқеадан руҳ олган бўлишлари анча ҳақиқатга яқин.

* * *

Каллахонада истиқомат қилувчи жумлаи мўмин борки, лақаби бўлмаса! Ён атрофимизда Қосим шақилдоқ, Шу-Шу домла, Пайзи чакай, Хури пошшо, Қора ялоқ, Холгаранг, Раҳим патак, улуғлардан эса Орип ўрис, Маркис, Абдупаттох Румий, Чапаев ва ҳоказо. Разм солинса, лақабда ўзига яраша ҳикмат йўқ эмас. Аксари лақаблар узукка кўз қўйгандек "эга"сининг шахсиятига, феълига чунонам ярашиб тушадики! Дейлик, Қосим шақилдоқ - қотмадан келган киши шанғиллашидан қулоқни қоматга келтиради. Унинг "Пахтакор"нинг ашаддий мухлиси эканини айтмайсизми?! Футбол ўйини чоғидаги стадионни бошига кўтариб бақиришлари ўз йўлига, илло у ўйиндан кейинги кунлар ҳам ҳеч кимни ҳоли-жонига қўймайди - маҳалла-кўйни бошига кўтариб футболдан вайсагани-вайсаган. Ўйиндан кейин эса "Пахтакор"нинг ютуғини назарда тутиб, шанғиллаб, дуч келганга: "Ҳа Пахтакор шундай, ёмонга ёмон", деб ғурур билан маҳаллага кириб келишини айтмайсизми?!

* * *

Фарҳод жинни қирқ-элликларни қоралаган, баланд бўйли киши. Каллахонага "қайси гўрдан" келиб қолган - ҳеч ким билмайди. Қиладиган иши ёки тирикчилиги - қўлидаги телефонни қулоғидан қўймай қаерларгадир, кимларгадир қўнғироқ қилгани-қилган.

Шўрликка сиёсатдан теккан, аниқроғи, Сталинни тилдан қўймас, кимни ҳибсга олмоқ керак, кимни афв этмоқ кераклиги ҳақида даҳоларнинг даҳосига ахборот бергани-берган.

* * *

Онамиз мени кабобчига ёрдамчи қилиб бериб: "Эти сизники, суяги бизники", дедилар-да, шогирдликка топширдилар. Мени қассоб-кабобчига топшириб, бундай демасалар бўларди. Кўнгилдан нималар ўтмайди дейсиз, нималар ўтмади!

* * *

Менга иш жараёнининг бир хиллиги, қайтарилавериши ёқмайди. Табиатан ҳали-ҳануз бир хилликка тоби-тоқатим йўқ.

* * *

...менга ўхшаган ёш рассомлар қарияларни чизишни хуш кўришади, чунки уларнинг юзларида маъно бор, шакл ўйини бор, харитани эслатувчи чизгилар кўп, ўнқир-чўнқирлар бисёр бўлиб, расмни эгасига ўхшатиш осон кечади.

Ёш одамнинг нимасини чизасиз? На соқол бор, на мўйлов, бет сип-силлиқ, кўсага ўхшаса. "Майсаранинг иши" спектаклидаги Ҳидоятхонга ўхшаганларнинг пичоққа илинадиган нимаси бор?

Чизсанг обрўли, ёши катта одамларни чизмоқ керак, шунинг учун бўлса керак, бозорга тушсанг ҳам, Чорсу ёки Эски жўвага ўтсанг ҳам, қаерга қарама, Ленин ва Исталин боболарни ва муридларини (политбюро аъзолари) сенга тиккасига боқиб турган қиёфаларини кўрасан.

Юзларида фарқ бўлгани билан   костюмлари барчасида бир хил, худди Яша аканинг фото дўконидан ижарага олишганга ўхшайди.

* * *

Эски шаҳарликларда чакки бир одат бор. Биров эҳтирос билан ўта муҳим нарсани гапира бошласа, албатта, нафсларини қондириб кавшана бошлашади. Бояқиш нотиқнинг алангали сўзи ҳавода қолиб кетаверади.

* * *

...устозларим гоҳ-гоҳ Жанггоҳдаги Абулқосим Тўйчиевнинг чойхонасида йиғилишиб маишат қилишади. Оддий чойхоначининг исми-фамилиясини қўшиб, ваҳима билан зикр қилаяпманми? Шуни ҳам билмайсизми? Абулқосим ака машҳур Тўйчи ҳофизнинг пушти камаридан бўлган ўғли-да!

Абулқосим акага отасидан бир оз юққан, улар аския айтадилар, баъзида наҳор ошига раво кўришса - катта гавдаларини букчайтириб, қўлтиқларини тагида кўринмай кетадиган оталарининг танбурини олиб бораверади ҳам. Отасининг ашулаларини айтади, "Қора кўзимдан" бошлаб, "Қаро кўзим" билан тугатади. Фақат қўшиқни "Гулоб билан ювгилу, гул баргидан кафан қилгил" сўзи билан айтиладиган авж пардаси келганда кучаниб, зўриқиб томоқларини томирлари бўртиб кетса ҳам авжини ололмайди, тўхтаб қолади. Худойим бермагандан кейин, нафаси ҳам, овози ҳам етмайди. Қўшиқ айтиш гавдага қарамас экан. Товуш етмаган чоғда қоядек сохт-сумбат ҳам бефойда. Тумонат одам. Вазиятдан чиқиб кетиш керак. Абулқосим ака аскиячи эмасми, қолган овозларини жамлаб, микрофонни еб қўйгудек хириллаб: "Бу ёғини отамдан эшитгансизлар!" дея қўшиқни расвосини чиқариб тугатади. Кулган кулади, кулмаган ҳайрон.

* * *

Савдогар зоти сўзамол бўлади, айёр бўлади, ваъдабоз бўлади, кўпам сўзининг устидан чиқавермайди.

* * *

Театр артистлари саҳнада Алпомиш ёки шоҳ бўлса ҳам ҳаётда камбағалликлари шундай кўриниб турар экан - ҳофизнинг шимини почаси калта, тўпиғи кўриниб турибди, тагидан йиртиқ пайпоғи илжайиб турибди.

* * *

Ўқиганим бор, ўрисларнинг ҳофизи машҳур Шалапин ҳам мардикор, ёзувчи Максим Горький аччиқ қисмати билан ғирт қора авом орасидан чиққан экан. Алишер Навоий фильмида Ҳусайн Бойқаро ролини ўйнаган Асад Исматов ҳам Шайхонтоҳур даҳасида чойхоначи бўлган, дейишади. Чойхона ҳам кичкина бозор-да. Домлам айтганларидек, ҳамма ёқ - типаж.

* * *

Асарларимга тикилдим. Бамисли бир кўргазма. Наҳотки бир кўргазмага етадиган ишлар йиғилиб қолган бўлса?

Синфда думалаб ётган дўстларим - томошабин. Кўнгил мақтовга муҳтож. Буларнинг чапакбозлигига кўпам беш кетмайман.

Кўнгил холис танқид дардида.

Ҳунарманд дўстлар, баъзи рус фильмларида ифода этилгандек - қизиллар келса ҳам "Ура!", оқлар келса ҳам "Ура!" қабилида иш тутишади.

* * *

Ижодкор аҳли дунёси билан раҳбар ходимлар дунёси ўртасида дўст-биродарлик, яқинлик ҳамма вақт уйғун бўлавермаган. Улар орасида уйғунлик ҳар доим кузатилавермаган.

Ижодкор - қайсар шахс. Ўз билганидан қолмайди. Барча икир-чикир нарсани унутиб, бирдан-бир танлаган ижод йўлидан оғишмай кетаверади.

Катта ижодкорлар халқ-омма томонидан ҳам ҳар доим қадрланмаган. Устозлардан Винсент Ван Гогни олайлик. У ҳаётлигида атиги битта дона асари сотилибди. Ўша асарни ҳам бегона эмас, мухлис эмас, рассомнинг укаси Тео Ван Гог харид қилибди. Шу кунда эса жаҳоннинг барча нуфузли музейлари орасида устознинг асарлари талаш.

Рус рассомларидан Филоновнинг нафақат ҳаётлигида асари сотилмабди, балки тайёр шахсий кўргазмасини очишга рухсат беришмаган. Оч-наҳор яшаган, маишати ва егулиги нон ва чойдан нарига ўтмаган. Ўлимидан сўнг рассом рус модерн санъатининг оталаридан дея эътироф этилди.

Ижод бу қалб амри экан, биродарлар. Ижодкор шоирга моддий рағбат берасизми, бермайсизми - барибир ёзади, ижоддан тўхтамайди. Ижод унинг турмуш тарзига айланган, тирикчилик манбаи эмас - турмуш тарзига.

Шунинг учун бўлса керак, яхши рассомнинг устахонасида ҳар доим бирталай асарлар тахланиб туради.

Биродарлар! Ҳунарманднинг бисотида бор биргина асарини (олти қиррали ўйма курси) харид қилишмаса, ўша заҳоти қўлидаги ўйма ускунасини ёнига қўяди. Уларни чанг босади. Бу ҳам етмагандек, илҳомни, сўнг харид қилувчи халоскорини пойлаб ўтирмайди, шартта ўз касбига хиёнат қилиб, уни ўзгартиради-қўяди.

Чунки у ижодкор эмас, ҳунарманд-да.

НАСРИДДИН тайёрлади.

Report typo