Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • Ижро интизоми: таҳлил МАҲАЛЛИЙ ҲОКИМЛИКЛАРНИНГ 98 ХОДИМИГА ЧОРА КЎРИЛДИ

Абдишукур ОМОНОВ

22.01.2019


Ижро интизоми: таҳлил МАҲАЛЛИЙ ҲОКИМЛИКЛАРНИНГ 98 ХОДИМИГА ЧОРА КЎРИЛДИ

Хўш, вилоятимизда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда 2018 йилда қандай ишлар амалга оширилди ва бу йилги вазифалар нималардан иборат? Тегишли қарорлар ижроси қай даражада таъминланди?

Таҳлилларга кўра, 2018 йил давомида вилоят ҳокимлиги тизимида (шаҳар ва туман ҳокимликлари билан бирга) жами 65 минг 496 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларнинг 29 минг 755 таси Президент виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхонаси орқали келиб тушган. Фуқаролар асосан уй-жой, уй-жой қуриш учун ер участкаси олиш, ишга жойлашиш, соғлиқни сақлаш, кредит, моддий ёрдам ва нафақа олиш, коммунал соҳадаги камчиликларни бартараф этиш ва аҳоли турмуш шароити билан боғлиқ бошқа масалалар юзасидан мурожаат қилишган.

Виртуал ва Халқ қабулхоналари орқали келиб тушган мурожаатларнинг 4299 таси Қарши шаҳрига, 2927 таси Деҳқонобод, 2709 таси Чироқчи ва 1924 таси Қарши туманига тўғри келади. Ушбу шаҳар ва туманларда мурожаатлар билан ишлашда самарали тизим ташкил қилинмагани сабабли фуқаролар республика ва вилоят идораларига чиқишга мажбур бўлишган.

Вилоятда мурожаатларни қаноатлантириш даражаси 56,2 фоиз бўлганда Қарши шаҳрида 34,2, Шаҳрисабз шаҳрида 35,3, Китоб туманида 36,4 фоизни ташкил қилади, холос. Таҳлиллар мазкур туман ва шаҳарларда мурожаатларнинг ижобий ечимини топишга етарли даражада эътибор қаратилмаганини кўрсатмоқда.

Вилоятда ўтган йили виртуал ва Халқ қабулхонаси орқали келиб тушган мурожаатларнинг 2468 таси муддатидан кечиктириб ёпилган. Уларнинг 318 таси Косон, 293 таси Ғузор, 247 таси Миришкор тумани ва 251 таси Қарши шаҳрига тўғри келади. 30 кундан ошиқ муддатда ёпилган мурожаатлар жами 1497 та бўлиб, шундан 203 таси Косон, 183 таси Миришкор туманига, 181 таси Шаҳрисабз шаҳрига ва 178 таси Ғузор туманига тўғри келади.

Шу асосда 2018 йилда мурожаатларни кўриб чиқишда масъулиятсизликка йўл қўйган 98 нафар вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликлари масъул ходимларига интизомий чоралар қўлланилди. Бир қанча ходимлар вазифасидан озод қилинди. Айрим раҳбарлар прокуратура идоралари ташаббуси билан маъмурий жавобгарликка тортилди.

Ўтган йилда такрорий мурожаатлар 2763 тани ташкил қилиб, 466 таси Қарши туманига, 456 таси Китоб, 380 таси Касби, 329 таси Ғузор ва 328 таси Яккабоғ туманига тўғри келган. Нега бу туманларда такрорий мурожаатлар сони юқорилигича қолган? Назаримизда бунинг асосий сабаблари аризада келтирилган масала бевосита унинг муаллифи иштирокида кўрилмагани, тўла ва холисона ўрганилмагани, натижаси бўйича қонуний ва асосли жавоб берилмаганидадир.

Вилоят ҳокимлиги масъул ходимлари томонидан шаҳар, туман ҳокимликларида ва бошқа қуйи ташкилотларда мурожаатлар билан ишлашнинг ҳолати 124 марта амалий ёрдам кўрсатиш орқали ўрганилган. Мазкур жараёнда айрим мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилгани, мурожаатда кўрсатилган барча ҳолатлар тўлиқ текширилмагани, текшириш натижалари бўйича муаллифга батафсил тушунтириш берилмагани аниқланган. Камчиликларни бартараф қилиш мақсадида 82 марта семинар ва ўқув машғулотлари ўтказилиб, шаҳар ва туман ҳокимликларига 102 марта таклиф ҳамда топшириқлар юборилган.

Вилоят Халқ қабулхонаси маълумотларига қараганда, 2018 йил давомида Шаҳрисабз шаҳри, Китоб, Чироқчи ва Миришкор тумани ҳокимлари томонидан фуқароларни Халқ қабулхоналарида тизимли қабул қилиш йўлга қўйилмаган. Шу сабабли фуқаролардан шаҳар ва туманларда ташкил қилинган секторлар фаолиятини кучайтириш зарурлиги, раҳбар ва масъул ходимларнинг сайёр қабуллари ва уйма-уй юришлари фақат ҳисобот учун бўлиб қолмаслиги бўйича кўплаб таклифлар тушган.

2019 йилда ўтган йил таҳлилларига асосан вилоят ҳокимлиги томонидан аҳоли ўртасида тушунтириш, тарғибот ва ташвиқот ишларини олиб бориш билан бир қаторда, фуқаролар мурожаатларида кўтарилаётган масалаларнинг жойида ечимини топишга эътибор қаратилади. Вилоят, шаҳар ва туман ҳокимликларининг тегишли қарорлари ва бошқа ҳужжатлари қабул қилиниб, уларда кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлаш чоралари кўрилади.

 Мурожаатларнинг асосий қисми бевосита шаҳар ва туман ҳокимликлари, ҳудудий корхона, муассаса ва ташкилотлар ваколатига тегишли эканлиги эътиборга олиниб, жойларга чиққан ҳолда сайёр ва оммавий қабуллар     ташкил этишга эътибор қаратилади. Вилоят ҳокими ва вилоят ҳокими ўринбосарларининг 2019 йилда жойларда сайёр қабулни ташкил қилиши борасида вилоят ҳокимининг 2018 йил 28 декабрь кунидаги фармойиши қабул қилиниб, қабул вақти ва жойи ҳақидаги маълумотлар жойларга юборилди, оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Вазирлар Маҳкамаси топшириқлари асосида вилоят ҳокимлиги котибиятларида ва таркибий бўлинмаларида, шаҳар ва туман ҳокимликларида мурожаатларни кўриб чиқишнинг аҳволини ҳар чоракда таҳлил қилиб бориш, масъул ходимларнинг мурожаатлар билан ишлаш юзасидан малакаларини ошириш, вилоят, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида, барча маҳаллий давлат бошқаруви органлари тизимида режа асосида ўрганишлар ўтказиш ва уларга ёрдам кўрсатиш амалиёти йўлга қўйилди. Вилоят ҳокими томонидан шаҳар, туман ҳокимларига белгиланган вақтда фуқароларни Халқ қабулхоналарида қабул қилиши шартлиги юзасидан топшириқ берилди.

Шу ўринда нима учун фуқароларнинг ариза ва шикоятлари юқорилигича қолаётгани масаласига ҳам тўхталсак.

Биринчидан, фуқароларимизнинг аризада келтирилган масала қаерда, ким билан ва қандай ҳал қилиниши борасидаги ҳуқуқий саводхонлигини ошириш керак. Иккинчидан, давлат идоралари масъул ходимлари ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаати турганини инобатга олиши шарт. Учинчидан, ваколатли масъул ходим мурожаат қилувчи иштирокида текширишни қонуний, асосли, адолатли ва холисона ўтказишни таъминлаши керак. Тўртинчидан, мурожаатни ўрганиш натижалари бўйича мурожаат қилувчини ўз вақтида хабардор қилиш, ўрганиш натижаларини тўлиқ тушунтириш зарур. Бешинчидан, мурожаатлар билан ишлашда қонун талабларини бузган масъул ходимларни ҳамда асоссиз, туҳмат, ғийбат ва ҳақоратдан иборат мурожаат қилувчиларнинг жавобгарлиги қатъий равишда кўрилишини таъминлаш керак.

Абдишукур ОМОНОВ,

вилоят ҳокимлиги юридик хизмати раҳбари

Report typo