Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста ТУРFУНОВА, Олим РАВШАНОВ

17.10.2024


ИЖТИМОИЙ ДАВЛАТГА САМАРАЛИ ИЖТИМОИЙ СИЁСАТ ОРҚАЛИ ЭРИШАМИЗ!

Кучли ижтимоий сиёсат - Халқ демократик партиясининг бош ғояси саналади. Айни йўналишда кутилган натижага эришиш учун "Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун", деган тамойилда сиёсат олиб бориш талаб этилади.

Янги таҳрирдаги Конституциямизга кўра, Ўзбекистон - ижтимоий давлатдир. Бу энг аввало, инсон салоҳиятини рўёбга чиқариш учун тенг имкониятлар, одамлар муносиб ҳаёт кечиришига зарур шароитлар яратиш, камбағалликни қисқартириш демакдир. Халқ демократик партиясининг бош дастурий мақсадлари, ижтимоий соҳани ривожлантиришга қаратилган энг муҳим ғоялари ана шу таърифда мужассамлашган, десак тўғри бўлади.

Мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар динамикасига мос равишда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш, самарали ижтимоий сиёсат юритишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.  Сайловолди дастуримизда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат барпо этиш мақсад қилиниб, ушбу йўналишда бир қатор ташаббуслар ўрин олган. Партиямиз ҳар бир шахснинг Конституция билан кафолатланган ижтимоий ҳуқуқларини адолатли ва самарали амалга оширилишини таъминлаш учун ҳаракат қилмоқда.

Давлат пенсия таъминоти тизимини такомиллаштириш

Партиямиз асосий ғоя  ва мақсадларига мос тарзда барча фуқаролар учун пенсия ва ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга етарли бўлишига эришишга алоҳида эътибор қаратади.

Биз пенсия тизимида янгича ислоҳотлар ва ўзгаришлар тарафдоримиз. Пенсия ҳамда ижтимоий нафақалар инсоннинг ҳаётий эҳтиёжларига етарли бўлиши керак. Бизда пенсиянинг ижтимоий жиҳатдан муносиб даражасига эришиш бўйича қилинадиган ишлар кўп.

Нима учун давлат пенсия таъминоти тизимини қайта ислоҳ қилиш зарур, деган ғояни илгари сурмоқдамиз?

Янгиланган Конституциямизнинг 46-моддасига кўра, ҳар ким қариганда, меҳнат қобилиятини йўқотганда, ишсизликда, шунингдек, боқувчисини йўқотганда ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга.

Бу борада партия пенсия жамғармасининг фаолиятини замонга мослаштириш ва адолатли пенсия тизимини яратиш зарур, деган қатъий фикрда. Бу тизим шаффоф ишлаши долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистонда касбий пенсия режалари мавжуд эмаслиги, фуқароларнинг шахсий жамғариб бориладиган пенсия ҳисобварақлари учун бадал ставкаси пастлиги, фуқаролар ўз жамғармаларини ихтиёрий равишда бошқа молиявий  инструментларга йўналтириш ҳуқуқига эга эмаслиги ҳам эътибор қаратиш керак бўлган масалалардан саналади.

Бу борада Халқ демократик партияси фуқароларга шахсий жамғариб борилаётган пенсия маблағларини бошқариш, уларни доимий равишда онлайн кузатиш имкониятини бериш таклифини илгари сурмоқда.

Меҳнат фаолияти маҳсулидан даромад ва ижтимоий солиқларни тўлаган пенсионерларнинг муқаддам тайинланган пенсиясини қайта ҳисоблаган ҳолда оширилган миқдорда тайинлаш мақбул ечимдир.

Энг муҳим жиҳатлардан бири - Халқ демократик партияси мамлакатимизда пенсия ёшини оширмаслик керак, деган позицияда қатъий туради.

Ёшга мос таълим

Партиямизнинг асосий ғоялари замирида таълим билан боғлиқ масалалар муҳим ўрин тутади. Келажакни билимли, зукко ва ақлли мутахассислар, малакали кадрларсиз тасаввур этиш қийин. Шу сабабдан дастурда тезлаштирилган таълим ғояси ҳам илгари сурилмоқда.

Гап ҳаётга бошқача нигоҳ билан қараб, онгу-шуурини ўстираётган, атрофни, оламни, унинг билимларини ўрганишнинг дастлабки босқичида турган болалар ҳақида кетганда, бунга ниҳоятда жиддий кўз билан қараш талаб этилади.

Биринчи синфга кеч борган болаларга тезлаштирилган таълим бериш ва ўзининг ёшига мос юқори синфга ўтказиш тартибини жорий этиш ташаббуси уларнинг интеллектуал, ижтимоий ва эмоционал ривожланиши учун қулай муҳит яратиш зарурлиги билан асосланади.

Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси биринчи синфга кеч борган болалар учун тезлаштирилган таълим бериш ва ўзининг ёшига мос юқори синфга ўтказиш тартибини жорий этиш таклифини илгари сурмоқда. Бу ҳар бир боланинг ақлий ва руҳий ривожланиши учун керак. Шу нуқтаи назардан, боланинг ёши у билимни ўрганиши учун аҳамиятли. Демак, бола ўз тенгдошлари билан таълим олиши керак, улардан ортда қолмаслиги керак. Шунинг учун биз тезлаштирилган таълим бериш методларини амалиётга кенг татбиқ этишимиз керак.

Замонавий кадрларни тайёрлаш борасидаги янги одимлар

Глобаллашув ва жаҳон интеграцияси натижасида бугун хорижий тилларни мукаммал билиш, IT дастурларини ўзлаштириш замонавий инсон ҳаётида ва иш фаолиятида муҳим ўрин тутмоқда. Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлик алоқалари кун сайин кенгайиб бориши чет тилларини мукаммал биладиган кадрларга эҳтиёжни оширмоқда. Яқин истиқболда халқаро бизнес алоқалари ва туризм ривожланиши кўплаб имкониятларни очиб беради.

Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси мактабларда чет тиллар ва IT ўқув соатларини кескин кўпайтириш масаласини илгари сурмоқда. Чунки хорижий тилларни билмаслик ва уларда сўзлаша олмаслик, IT йўналишини яхши ўзлаштирмаслик, ёшларнинг кўп имкониятлардан фойдаланиш даражасини чеклайди.

Яна бир муҳим томони бор. Мактаблар ўқув дастурларида чет тиллар ва IT бўйича ўқув соатларини кескин кўпайтириш орқали биз мактаб битирувчиларининг меҳнат бозоридаги рақобатбардошлигини оширишимиз аниқ.

Шу ўринда "Миллий тикланиш" демократик партияси ўз дастурида мактабгача ва бошланғич таълимда компьютер саводхонлигига оид машғулотлар ўтказилмаслиги таклифи билан чиқаётгани бизни ажаблантирмоқда. Замонавий ахборот технологиялари ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасига фаол кириб келаётган ва келажак касблари қаторида кўрилаётган IT соҳасини ёшларимиз ўрганишга интилаётган, ота-оналар ҳам ўз фарзандларини имкон қадар ёшлигиданоқ ушбу соҳани чуқур ўзлаштириши учун қўшимча курсларга бераётган бир вақтда рақибимизнинг ўта консерватив ушбу ғояси бугунги замон билан ҳамнафас эмаслиги аён бўлмоқда.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси олий таълим тизимини ислоҳ қилиш йўналишида ҳам қатор илғор таклифларни илгари сурмоқда.

Хусусан, бизнинг олий таълим муассасаларида таълим ваучери тизимини жорий этиш тўғрисидаги ташаббусимиз таълим тизимини янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Биринчидан, ваучерлар талабаларга ўз хоҳиш-истаклари ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда таълим муассасаларини танлаш имконини беради ва шу орқали сифатли таълим олиш имкониятини оширади.

Иккинчидан, олий таълим муассасалари ўртасидаги рақобатнинг кучайиши таълим хизматлари сифатини оширишда муҳим рағбат бўлади. Уларни талабаларни кўпроқ жалб этиш мақсадида ўз дастурларини такомиллаштириш, замонавий ўқитиш услуб ва технологияларини жорий этиш, инфратузилмани ривожлантиришга ундайди.

Ўзини ўзи банд қилиш - иқтисодий фаоллик асоси

Партиямиз фикрича, ижтимоий ҳимоя тизими тўғри йўлга қўйилса, эҳтиёжманд фуқаролар жамиятда ўз ўрнини топади.  Ижтимоий ҳимоя жамиятда боқимандаликни оширади, деган нотўғри қарашлар ҳам бор. Лекин, ривожланган давлатлар тажрибаси бунинг аксини исботлаган. Яъни, ижтимоий ҳимоя манзилли, мақсадли бўлса, жамиятда фаоллик, ишонч, барқарорлик кучаяди.

Мазкур долзарб масалага O'zLiDeP дастурида алоҳида эътибор қаратилмагани, аниқ таклифлар илгари сурилмагани таажжубли. Ваҳоланки, ўзини ўзи банд қилиш жамиятда иқтисодий фаоллик ошиши, тадбиркорлик ва хизмат кўрсатиш ҳаракатлари кенгайишининг муҳим омили ҳисобланади. Партия дастурида ички меҳнат миграциясини ривожлантиришга эътибор қаратилиши, бандликни молиявий қўллаб-қувватлаш манбалари кенгайтирилиши борасида таклифлар илгари сурилган бўлса-да, уларни амалга ошириш юзасидан аниқ ва амалий механизмлар назарда тутилмаган. O'zLiDeP аҳолимизнинг бу борадаги катта салоҳиятига кенгроқ ёндашиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Иқтисодий фаоллик, бандлик ҳақида сўз борар экан, ўзини ўзи банд қилганлар учун шарт-шароитларни яхшилаш масаласига тўхталиш жоиз, албатта.

Бундай бандликнинг фойдали жиҳатлари кўп. Аввало, уйдан ишлашнинг қонуний имконияти яратилади. Бунда уларнинг ижтимоий ҳимояси ҳам таъминланади, яъни улар пенсия ҳақида қайғурмаса ҳам бўлаверади. Чунки уларга иш стажи ҳисобланади. Улар учун даромад солиғи ёки бошқа йиғимлар ҳам йўқ. Фақат бир йилда БҲМнинг 1 баравари миқдорида ижтимоий солиқ тўлаш кифоя.

Ўйлаб қарасак, бундай касб-ҳунарлар билан одамларимиз аввалдан шуғулланиб келган. Масалан, қадимдан ҳунармандчилик, устачилик, заргарлик, дурадгорлик, сартарошлик каби касблар одамларимиз турмуш тарзининг асосини ташкил этган. Халқ демократик партияси эндиликда ўзини ўзи банд қилганлар учун шарт-шароитларни яхшилаш, имкониятларни кенгайтириш зарур, деб ҳисоблайди.

Биз ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароитини яратиш, ижтимоий тафовутларни камайтириш, муҳтожларга ёрдам бериш, камбағалликни қисқартириш, янги иш ўринлари ва даромад манбаини кўпайтириш бўйича сиёсатни мақсад қилганмиз.

Ҳар доим халқ манфаатлари ҳимояси ҳақида ўйлайдиган Халқ демократик партия ва унинг  номзодларига овоз беринг!

Шоҳиста ТУРFУНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати

Олим РАВШАНОВ,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилояти кенгаши раиси

 

Report typo