Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
22 ноябрь, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Шоҳиста БОЗОРОВА

27.10.2018


ИЖТИМОИЙ ДОРИХОНАДА ИСТЕЪМОЛ МУДДАТИ ЎТГАН ДОРИ?!

- Мазкур дорихоналарнинг ҳаммаси зарур жиҳозлар билан таъминланган, лицензияга эга мута­хас­сислар фаолияти йўлга қўйилди, -  дейди “Қашқадарё дори-дармон” АЖ бошқаруви раиси Иброҳим Алиқулов. - Ижтимоий дорихоналарга дори-дармонларни етказиб бериш учун 9 та “Дамас” автомашинаси ажратилган. Бир сўз билан айтганда, шароит етарли. Фақат энди дорихона ходимлари тегишли қарор ва меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини тўлиқ англаб етиши, имкониятга яраша масъулият ҳам борлигини ҳис қилиши лозим.

- Ижтимоий дорихоналар аҳолига қандай қулайлик яратди?

- Мазкур дорихоналар тиббиёт муассасаларига, қишлоқ врачлик пункти ва оилавий поликлиникаларга яқин масофада жойлашган, - дейди Иброҳим Алиқулов. - Шунингдек, уларда биринчи навбатда ижтимоий аҳамиятга эга, нархи чекланган дорилар сотилади. Яна бир муҳим жиҳат, бу дорихоналарда дори-дармонларнинг устамаси 10 фоиздан ошмайди. Бундан ташқари, ижтимоий дорихоналар наркотик-психотроп дориларни рецепт асосида бериш ваколатига эга. Рецептлар бўйича бепул дори воситалари ҳам ижтимоий дорихона орқали олинади.

Ижтимоий дорихоналар учун шароит яратилибди. Хўш, айни пайтда уларнинг фаолияти қандай кечмоқда? Кўзда тутилган вазифалар кўнгилдагидек амалга оширилаяптими?

- Афсуски, бу борада қонунбузилиш ҳолатлари ҳам учраб турибди, - дейди Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси бўлим бошлиғи Шароф Жумаев. - Жумладан, Қарши шаҳридаги ижтимоий дорихоналарда ўтказилган тадбирда фуқаро О.Т. ўзига тегишли дорихонада муддати ўтган “Ципроф” ва “Офлокс” дори воситалари муддатини этикеткаларда 2019 йил октябрь ойига қадар деб қалбакилаштириб, муомалага киритганлиги аниқланди. Натижада умумий қиймати 40 миллион 992 минг сўмлик 1248 дона “Ципроф” ва 864 дона “Офлокс” дори воситалари олиб қўйилди. Мазкур ҳолат юзасидан департаментнинг вилоят бошқармаси томонидан фуқаро О.Т ва унга алоқадор шахсларга нисбатан   Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди.

Кузатишларимиз шуни кўрсатмоқдаки, кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, жойларда ижтимоий дорихоналар фаолиятини йўлга қўйиш талаб даражасида эмас. Ҳали ҳам дори нархларининг асоссиз оширилаётгани, шунингдек, бир хил дори воситалари нархида катта фарқ борлиги аниқланмоқда. Аксарият дорихоналарда мазкур соҳага мутлақо алоқаси йўқ, бунинг устига ўспирин йигит-қизлар савдо қилмоқда. Улар на дорининг қайси бир дардга даво бўлишини, на унинг муддати ўтганини билади. Масъул раҳбарлар эса дорихоналар тармоғидаги жиддий камчиликларга панжа орасидан қараб, уларни бартараф этиш учун таъсирчан чораларни кўрмаётир.

- “Қашқадарё дори-дармон” АЖга қарашли 172 та дорихона мудирининг деярли ярми мутахассислиги - ҳамшира, - дейди вилоят фармацевтика тармоғини ривожлантириш  бошқармаси бошлиғи Фахриддин Худойназаров. – Тўғри, қарор бўйича агар ҳудудда фармацевт мутахассислиги бўлмаса, дорихоналарда фельдшер ёки ҳамшира маълумотига эга бўлганлар ҳам ишлаши мумкинлиги кўрсатиб ўтилган. Лекин улар 3 ой малака ошириш курсларида таҳсил олишлари кераклиги қатъиян белгилаб қўйилган. Жойлардаги аҳволни ўрганиш давомида ушбу ҳолат бўйича бир неча бор дорихона мудирларига огоҳлантириш хатлари бердик. Лекин улар ўз вазифаларига совуққонлик билан қарашаяпти. Саъй-ҳаракатларимиз натижасида уларнинг атиги 15 фоизигина малака ошириб қайтди.

Қисқача айтганда, вилоятимизда Президентимизнинг мазкур қарори ижроси доирасида аҳолини дори-дармон воситалари ва тиббиёт буюмлари билан таъминлаш, ижтимоий дорихоналар фаолияти устидан назоратни кучайтириш борасидаги ишларни тартибга солиш бирмунча суст олиб борилмоқда. Ахир, мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти ва саломатлиги олий қадрият даражасига кўтарилган. Дорихона хизмати эса эзгу ва савобли иш, у ҳалолликни, инсофни, инсонийликни талаб қилади.

Шоҳиста БОЗОРОВА

Report typo