Халқаро экспертлар дунё миқёсида глобал тармоққа мурожаат қиладиган ёшларнинг 38 фоизи зўравонлик руҳидаги, 26 фоизи миллатчилик характеридаги сайтларга мунтазам кириб туришини тасдиқламоқда.
Ушбу рақамлар дунё миқёсида олинган бўлиб, улар орасида айрим ёшларимиз ҳам борлигини унутмаслик лозим. Айни пайтда ўқувчи ёшлар орасида оммалашган ижтимоий тармоқларда инсон маънавиятига салбий таъсир кўрсатувчи 100 дан зиёд гуруҳлар мавжудлиги ва бу гуруҳ аъзоларининг 50 мингдан зиёди ёшлар эканлиги аниқланган.
Юртимиз фойдаланувчилари ижтимоий тармоқларнинг фақат биттасида бир кунда 10,5 миллион хабар, 450 минг изоҳ ёзмоқда, 120 минг сурат, 130 мингга яқин янги статус киритишмоқда. Шунингдек, 120 мингга яқин қўшиқ, куй эшитиб, 300 минг видеолавҳа кўришмоқда, бир-бирига 150 минг ўйин жўнатмоқда.
Хўш, бу рақамларда нималар акс этаяпти? Ижтимоий тармоқларни кузатар экансиз, ҳали оқ-қорани тўлиқ ажрата олмайдиган айрим ёшларнинг тармоқ орқали бир-бирини ҳақоратлаши, бир-бирига шарм-ҳаёсиз расмлар, видеолавҳалар, беҳаё сўзларни “тортиқ” қилишаётганини кўриш мумкин. Яна бир жиҳати, улар бу ижтимоий тармоққа мутлақо мурожаат қилмайдиган йигит-қизларнинг номига профиллар очишмоқда ҳамда уларнинг телефон рақамларини киритиб, номидан фойдаланишмоқда. Мазкур ҳолат кўплаб аянчли оқибатларни келтириб чиқараётгани ҳам маълум.
Бугун ижтимоий тармоқда нима кўрсам, нима эшитсам, нима фикр билдирсам мумкин экан, деган хомхаёлда юрган айрим ёшлар ҳар нарсанинг сўроғи борлигини унутмасликлари лозим. Яъни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида намойиш қилиш ёки тарқатиш мақсадида порнографик нарсаларни тайёрлаш, шунингдек уларни йигирма бир ёшга тўлмаган шахслар ўртасида намойиш қилиш ёки тарқатиш учун жавобгарлик белгиланган. Шунингдек, туҳмат қилиш, яъни била туриб бошқа шахсни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш, шахснинг шаъни ва қадр-қимматини беодоблик билан қасддан таҳқирлаш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўлади. Ижтимоий тармоқда хоҳлаган ишни қилиш мумкин, деб ҳисоблайдиганлар буни эътиборга олишлари керак.
Шунингдек, ижтимоий тармоқлардаги ўғил болалар қизларнинг номидан, қизлар йигитларнинг номидан профил очишлари, ярим яланғоч суратларни профилларига қўйиб, ўзларини бошқа жинс вакиллари қилиб кўрсатишлари муқаддас динимизда ҳам номақбул иш ҳисобланади ва улар лаънатланади.
Шуни ҳам таъкидлаш жоизки, глобаллашув шароитида ёшларни интернетдан ажратиб, ҳимоялаб бўлмайди. Мамлакатимиз раҳбарининг “Юксак маънавият – енгилмас куч” асарида таъкидланганидек, “Бугунги кунда ёшларимиз нафақат ўқув даргоҳларида, балки радио-телевидение, матбуот, Интернет каби воситалар орқали ҳам ранг-баранг ахборот ва маълумотларни олмоқда. Жаҳон ахборот майдони тобора кенгайиб бораётган шундай бир шароитда болаларимизнинг онгини фақат ўраб-чирмаб, уни ўқима, буни кўрма, деб бир томонлама тарбия бериш, уларнинг атрофини темир девор билан ўраб олиш, ҳеч шубҳасиз, замоннинг талабига ҳам, бизнинг эзгу мақсад-муддаоларимизга ҳам тўғри келмайди. Нега деганда, биз юртимизда очиқ ва эркин демократик жамият қуриш вазифасини ўз олдимизга қатъий мақсад қилиб қўйганмиз ва бу йўлдан ҳеч қачон қайтмаймиз”.
Демак, ёшларимиз қалби ва онгида соғлом ҳаёт тарзи, миллий ва умуммиллий қадриятларга ҳурмат-эҳтиром туйғусини болалик пайтидан бошлаб шакллантиришимиз зарур. Чунки жозибали кўринган виртуал оламга тобора бўйсуниб бораётган ёшлар ўзлари билмаган ҳолда ғараз ниятли кимсаларга шерик бўлиб қолиши мумкин.
Шуни унутмаслик керакки, “Ҳа ёшлар-да, ўйнаб-кулгиси келади, кейин йўлини топиб олади”, дея бугун эътиборсизлик қиладиган бўлсак, эртага зарарини ҳеч нарса билан қоплаб бўлмайдиган улкан зиёнга рўбарў бўлишимиз аниқ.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Дунёда турмоқ учун дунёвий фан ва илм лозимдур, замона илми ва фанидан бебаҳра миллат бошқаларга поймол бўлур”, деганидек, бизнинг замон билан ҳамнафаслигимиз бугунги техника ва ахборот технологиялари ютуқларидан эзгу мақсадлар йўлида, фойдали билимлар олиш билан бирга бўлиши зарур. Шундагина интернет ёмонликлар уяси эмас, туганмас хазинага айланади.
Абдували ДЎСТОВ.