Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
3 октябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

ЖАҲОНГИР

05.05.2018


“ҚИЗИЛ ИБЛИСЛАР”НИНГ АФСОНАВИЙ ЙЎЛБОШЧИСИ

Истеъдод нишонаси

Александр Чепмен Фергюсон 1941 йилнинг 31 декабрида, Иккинчи жаҳон уруши кетаётган таҳликали бир замонда кема устаси ёрдамчиси - Александр Битон Фергюсон ва Элизабет Фергюсон оиласида дунёга келган. Фергюсонлар оиласи ўртаҳол оилалар қаторига кирарди. Шу боис у болалигидан ишлашга, пул топишга ҳаракат қилади. Мактабдан кейин мустақил ишлаб, нон учун пул топа бошлайди. Дастлаб улкан “Рэмингтон Рэнд” компаниясида ускунасозга шогирд тушади. Бироз вақт ўтиб ускуналар омбори раҳбари вазифасига тайинланади.

Ўша вақтларда Фергюсондаги тиришқоқликни, меҳнатсеварликни, олдинга интилишни кўрган яқинлари унда қандайдир туғма талант борлиги ҳақида айтишади. Аммо улар вақти келиб, Алексдаги бу қобилият уни афсонавий футбол мураббийи даражасига олиб чиқиши мумкинлигини билмас эди.

Катта футбол оламига йўл

Ёшлигидан футболга қизиққан Фергюсон аввалига оддий болалар билан, сўнгра маҳаллий кичик жамоаларда футбол ўйнай бошлайди. 60-йилларнинг бошларига келиб эса  секин-асталик билан ном қозонишга тушади. Аввалига Глазгонинг ҳаваскор жамоаларида марказий ҳужумчи сифатида тўп суради. Аста-секин қўзга ташланиб, тилга тушади.

Футболчилик фаолияти давомида фақат Шотландия клублари шарафини ҳимоя қилган. Фергюсон 1974 йили “Эйр Юнайтед” клубида фаолиятини тугатади.

Мураббийлик сари илк қадам

Алекснинг футболдан мураббийликкача етиб келиши ҳам жуда қизиқ кечади. Дастлаб,  футболни тарк этганидан сўнг, оилани боқиш учун нимадир қилиши лозимлигини ўйлаган Алекс Глазго шаҳрида шахсий бар очади ва унга “Fergie’s”, деб ном беради. Аммо бу иши ўзига ҳам ёқмайди. Югур-югурларга асаби дош бермаслигини билган Фергюсон мураббий сифатида ўзини синаб кўришга қарор қилади. Унга маҳаллий “Ист Стерлингшир” жамоаси шартнома тузишни таклиф этади ва Ферги бунга рози бўлади. Бу пайтда жамоа таркибида атиги 8 киши бўлиб, унда ҳатто дарвозабон йўқ эди. Буни кўрган янги мураббий тушкунликка тушмай ишни жамоада интизом ўрнатишдан бошлайди. Баъзи ўйинларда ўринни тўлдириш учун шогирдларига қўшилиб, ўзи ҳам майдонга тушишга мажбур бўлади.

Юксалиш пиллапоялари

Илк жамоадаги беш ойлик фаолиятидан кейин Алекс “Сент-Миррен”га ўтади. Бу клуб турнир жадвалида “Ист Стерлингшир”дан пастроқда жойлашган, аммо обрўлироқ эди. “Сент-Миррен”да у 4 йил муваффақиятли иш олиб боради.

Бу вақтга келиб, анчагина ёрқин фаолиятга эга бўла бошлаган Алексни бир неча жамоалар, хусусан “Абердин” ўз сафида кўришни истайди ва у билан алоқага чиқади. Бу, албатта, “Сент-Миррен” раҳбариятига ёқмайди ва Фергюсонни ишдан ҳайдайди.

Шу тариқа “Сент-Миррен”  Алексни мураббийликдан ҳайдаган ягона клуб сифатида тарихда қолди. Клуб раҳбарияти шотландиялик мутахассисни истеъфога чиқаришда футболчиларга қонунга зид равишда маош берилгани, шартнома бандлари бузилгани асос қилиб кўрсатилади. Кейинчалик клуб раҳбари “The Guardian” нашрига берган интервьюсида Фергюсоннинг ҳайдалишига унинг “Абердин” билан музокара олиб борганлигини сабаб сифатида қайд этади.

Вазиятдан фойдаланган “Абердин” Алексни осонгина илиб кетади ва  1978 йилнинг июнь ойида уни бош мураббий сифатида таништиради. Мураббий бу жамоада 1986 йилгача фаолият юритади. Шу давр мобайнида Шотландия чемпионатида иккита гигант жамоа – “Рейнжерс” ва “Селтик”нинг гегемонлигига чек қўйишга эришди. Фергюсон ва “Абердин” уч бор Шотландия чемпиони ва тўрт бор Шотландия кубоги соҳибига айланади.

“Қизил иблислар” - истак ва ижобат

Бу вақтга келиб, жуда қийин ишларни уддалаган шотландиялик мутахассисга нисбатан Британия оролларида ҳақиқий “ов” бошланади. Унга “Арсенал”, “Тоттенхэм” ва “Вулверхэмптон” каби обрўли клублардан таклифлар туша бошлайди. Лекин, “Манчестер Юнайтед”ни бошқаришни мақсад қилган Алекс бу таклифларни рад этади.

1986 йил 5 ноябрь куни Фергюсоннинг орзуси рўёбга чиқади. Клубнинг ўша пайтдаги раҳбари Мартин Эдвардс унга шахсан қўнғироқ қилиб, Рон Аткинсон ўрнини эгаллашини таклиф этади. Ферги ўйлаб ўтирмасдан розилик беради ва 6 ноябрь куни уни жамоа бош мураббийи сифатида таништиришади. Ким ҳам ўйлабди дейсиз, бу футбол романи  27 йилга чўзилишини.

Орзусига етишган Алекс ҳатто маошининг анча пасайганига ҳам эътибор бермайди. Расмий маълумотларга қараганда, ўшанда “Абердин” унга “МЮ”дагига қараганда кўпроқ маош берган экан. Ҳатто, Алекснинг турмуш ўртоғи Кэти ҳам энг яхши дамлари ўтган “Абердин”ни тарк этишни ва Манчестерга кўчиб ўтишни истамайди. Лекин Алекс рафиқасини олдинда уларни буюк келажак кутиб турганлигига ишонтира олади.

Жонкуяр ва қаттиққўл раҳбар

Алекс жамоага келиши билан, бу ерда қаттиққўл раҳбар сифатида ўз йўриғини ўрнатади. Масалан, «Юнайтед»даги дастлабки ойларда Норман Уайтсайд, Пол Макграт ва Брайан Робсон каби етакчи футболчилар спортчиларга хос бўлмаган турмуш тарзларини ўзгартиришга мажбур бўлади. Улар алкоголь ичимликларига ружу қўйишган, турли оқшомларни қолдирмасдилар. Жисмоний тайёргарликлари талабга жавоб бермаслиги ҳам барчанинг ранжишига сабаб бўлаётганди.

Алекс Фергюсон манчестерликлар таркибида биринчи ўйинни “Оксфорд” жамоасига қарши ўтказади ва унинг шогирдлари 0:2 ҳисобида мағлубиятни қабул қилиб олади. Мағлубиятдан сўнг Алекс ечиниш хонасининг ўзидаёқ бутун Англияга машҳур даъватларини бошлайди. Шундан сўнг жамоа футболчилари учун ичишга тақиқ қўйилади. Машғулотларга ўз вақтида келиш, диета ва интизомга қатъий эътибор берила бошланади. Бунга амал қилмаганлар эса жазога тортилади.

Бунгача “Қизил иблислар” Англия чемпионатини 1967-йилдан бери ютишмаган, клуб мухлисларнинг ишончини йўқотиб улгурган эди.

Фақат ўз вақтида кескин қарорларни қабул қилган ва жамоанинг ҳурматини қозона олган Алексгина бу ишончсизликни йўққа чиқара олди. У “биз буюк жамоамиз” деган жумлани ҳар лаҳза такрорлар ва футболчиларни ҳам шунга ишонтиришга уринарди. Фергининг даъватлари билан жамоа яна руҳланади ва ўзининг чиндан ҳам буюк жамоа эканлигини исботлашга ҳаракат қила бошлайди.

Буюк натижалар шодаси

Ва ниҳоят “Иблислар”нинг ҳам ишлари ўнглана боради. Фергюсон трансфер бозорига мурожаат қилмаган ҳолда жамоани жадвал бўйлаб юқорига олиб чиқа бошлайди.

1989-1990 йилги мавсумда ҳаммаси ўзгариб кетди. “Манчестер Юнайтед” Англия кубогида раундма-раунд мусобақадан ҳамма жамоани чиқариб юборади ва Фергюсон эрасининг биринчи совринини қўлга киритади. Шундан сўнг уларнинг буюк натижалари давом эта бошлади.

Фергюсон ва “Манчестер Юнайтед” жамоаси 27 йил мобайнида инглиз футболида ҳукмронлик қилди. Шу йиллар ичида жамоа умумий ҳисобда 38 та совринни қўлга киритди! 2 марта Чемпионлар лигасида зафар қучди ва яна 2 маротаба финалчига айланди. Фергюсон  эса мураббий сифатида қўлга киритиш мумкин бўлган барча совринларга эга чиқди. 4 марта дунёнинг, 11 марта Англия Премьер-лигасининг энг яхши мураббийи сифатида тан олинди.

Ушбу совринлардан ташқари яна 25 та шахсий ютуқларга эришди. Мураббий сифатида 2000 дан ортиқ ўйин ўтказди. “МЮ” сафида эса роппа-роса 1500 ўйинда жамоасини мураббий сифатида майдонга олиб тушди.

Фергюсоннинг сўнгги ўйинлари

2013 йилнинг 12 май куни муҳташам “Олд Траффорд” ўйингоҳида майдон эгалари – “Манчестер Юнайтед” жамоаси Англия Премьер-Лигасининг 37-тур учрашуви доирасида “Суонси” жамоасини қабул қилди. Учрашувда 2:1 ҳисобида “қизил иблислар” ғалаба қозонди. Аммо стадионда ўтирган мухлисларнинг ҳамма-ҳаммаси бу ўйинни ҳаяжон билан томоша қилишди. Тўғри, уларнинг севимли жамоаси чемпионликни аллақачон ҳал қилиб бўлди, бу ўйинда ҳам ғалабага эришмоқда, бироқ бундан кейинги ўйинда мураббийлар ўриндиғида Сер Алекснинг бўлмаслигини тасаввур қилиш уларнинг юрагини ларзага соларди.

Худди ана шундай ҳаяжонли учрашувларнинг навбатдагиси ўша йилнинг 19 май куни Уэст-Бромиджда кечди. Унда Англия Премьер-Лигасининг сўнгги 38-тур учрашуви доирасида маҳаллий “Вест Бромвич” жамоаси Фергюсон шогирдларини қабул қилди. Юқоридаги учрашув сер Алекснинг “Олд Траффорд”даги сўнгги учрашуви бўлса, буниси фаолиятидаги энг сўнггиси эди. Ўйингоҳда ҳамманинг нигоҳи фақат Алексга қадалди. Футболчилар ҳам худди буни ҳис этгандек, мухлислар ва Алекс Фергюсон учун голлар шоусини уюштиришди - 5:5. 

Нима ҳам дердик, ўйин тугади ва биз билган машҳур Ферги ўйингоҳни тарк этди. Унинг кўзлари жиққа ёш эди.

Фергюсондан сўнг “МЮ”ни ҳозир учинчи мураббий бошқармоқда. Бироқ ҳали ҳамон жамоа қониқарли натижага эриша олгани йўқ. Клуб мухлислари эса Фергюсон давридаги шонли тарихни қумсаб яшамоқда.

ЖАҲОНГИР тайёрлади.

Report typo