Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
19 апрел, жума. 2024 йил                         Махсус версия RU

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

06.03.2020


ИЗЛАНУВЧАН МУАЛЛИМА

Эътироф

Она сайёрамиз, атрофимиздаги борлиқ, унинг ўзига хос сиру синоатлари, табиат ажойиботлари, турли қитъалардаги инсонларнинг турмуш тарзи, шаҳар ва қишлоқлар ҳаёти ҳақида ҳар қанча билсак-да, яна ва яна билгимиз, янги-янги маълумотларга эга бўлгимиз келаверади.

Қарши шаҳридаги 29-умумий ўрта таълим мактаби ўқитувчиси Дилфуза Муродова география фанини шу қадар қизиқарли, ўзига хос ижодкорлик билан ўтадики, ўқувчилар ҳар бир дарсини интиқиб кутишади. Раҳбарлигида ташкил этилган "Ёш табиатшунослар" тўгараги ҳам доимо ўқувчилар билан гавжум.

Катта тажрибага эга бўлган қаҳрамонимиз бугунги кунда ўқувчиларга таълим бериш билан бир қаторда, вилоятимизда фан бўйича ўтказиладиган турли семинарларда ўз маърузалари, кўргазмали дарс ишланмалари билан фаол иштирок этиб, ёш ўқитувчиларнинг малакасини ошириш ишларига ҳам муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. 2016-2019 йиллар давомида Дилфуза  Муродова ўттизга яқин методик тавсия ва қирққа яқин дарс ишланмаларини яратган. Бир қатор дарс ишланмалари шаҳар ва вилоят миқёсида оммалаштирилган. Кўплаб ўқувчилари география фани бўйича ўтказилган турли танлов ва олимпиадаларда юқори ўринларни қўлга киритиб қайтишмоқда.

- Менга куч ва шижоат берадиган, мудом ўқиб-ўрганишга ундайдиган нарса ўқувчиларимнинг маълум бир ютуқларга эришишидир, - дейди Дилфуза Муродова. - Уларнинг шаҳар, вилоят ёки республика миқёсидаги танловларда ғолиб бўлгани, олийгоҳга ўқишга киргани ёхуд бошқа муваффақиятлари ҳақида эшитсам қувонаман, кўпроқ изланишга, шогирдларимга янада яхшироқ билим беришга ҳаракат қиламан. Ўқувчиларим орасида шу фанга қизиқиб менинг соҳамни танлаганлари, турли мактабларда ёшларга сабоқ бераётганлари кўп. Улар билан ҳамон боғланиб, фикрлашиб турамиз, ўз маслаҳатларимни бераман.

Дилфуза Муродованинг таълим соҳасига, фан ривожига қўшаётган ҳиссаси Халқ таълими вазирлиги ва бошқа ташкилотлар томонидан мунтазам равишда эътироф этиб келинмоқда. Педагогик фаолияти давомида кўплаб фахрий ёрлиқлар, ташаккурномалар билан тақдирланган. "Халқ таълими аълочиси" кўкрак нишони соҳибаси ҳисобланади.

Жаҳонгир БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган сурат.

Report typo