Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 декабрь, душанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Н.ХЎЖАЕВ

16.03.2021


Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасидан маълумот олиш қийинми?

Оммавий ахборот воситалари вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ахборот хизматидан маълумот олишда қийинчиликка дуч келмоқда, боз устига бошқарманинг на веб-сайти, на ижтимоий тармоқларда расмий канали бор. Бу ўз навбатида барча соҳада очиқлик ва шаффофликка интилиш кучайган бир шароитда соҳа фаолияти ёпиқ ва қоронғилигича қолишига сабаб бўлаётир.

Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида мазкур бошқарма масъул ходимлари иштирокида ОАВ вакиллари ва блогерлар учун ташкил қилинган матбуот анжуманида шу ҳақда сўралди.

Маълум қилинишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси маълумотлари ҳозирча вилоят ИИБ веб-сайтига жойлаштириб борилмоқда.  Алоҳида сайт ва канал ҳақида эса энди ўйлаб кўрилади.

Фаолият очиқлигини бир қадар исботлашга қаратилган тадбирда соҳага оид маълумотлар қатнашчилар эътиборига ҳавола қилинди.

Айтилишича, жорий йилнинг 2 ойи давомида вилоят ҳудудида 58 та йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлиб, 46 киши жароҳат олган, 26 киши вафот этган ва уларнинг 3 нафари болалардир.

Икки ойлик йўл-транспорт ҳодисалари таҳлил этилганда, 11 ҳолат тўқнашув, 6 та ағдарилиш, 8 ҳолатда тўсиққа бориб урилиш, 27 ҳолатда пиёдани, 6 бора эса велосипедчиларни уриб юбориш кузатилган.

Маълумки, йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш соҳасида 2021 йил 1 мартдан тадбиркорларга автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилганини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситалари ўрнатилишини ташкил этиш ҳуқуқи берилди. Матбуот анжумани қатнашчилари вилоят ИИБ йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармасига айни масалада қанча тадбиркор радар ўрнатиш таклифи билан чиққанига қизиқишди.

Маълум бўлишича, бу бўйича Қарши-Шаҳрисабз йўналиши бўйича 2 тадбиркордан мурожаат бўлган.

Тадбирда, шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларига йўллар сифати ёмонлиги ҳам сабаб бўлаётгани, пиёдалар ўтиш жойларидаги чизиқлар ўчиб кетгани, шовқинли чизиқлар учун қанча маблағ сарфлангани ҳақида саволлар берилди.

Берилган маълумотга кўра, ҳайдовчилар ҳушёрлигини ошириши кўзланган шовқинли чизиқ учун ҳар бир нуқтада 864 минг сўм сарфланган.

Тадбир давомида англашилгани шу бўлдики, вилоят ИИБ ЙҲХБдан маълумот олса бўлади – фақат ана шундай тадбирлар пайтида...

Н.ХЎЖАЕВ

Report typo