Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
24 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Жамият
  • ЙЎЛ-ПАТРУЛЬ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИГА ЖАРОҲАТ ЕТКАЗГАНЛАРГА ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛДИ?

Шерзод ОБИДОВ

10.11.2018


ЙЎЛ-ПАТРУЛЬ ХИЗМАТИ ХОДИМЛАРИГА ЖАРОҲАТ ЕТКАЗГАНЛАРГА ҚАНДАЙ ЧОРА КЎРИЛДИ?

Бир неча кун илгари худди шундай ҳолат Косон тумани Гувалак маҳалласи ҳудудида содир бўлганидан хабардорсиз. Инспекторлар “Кобальт” автомашинасини тўхтатиб, ҳайдовчидан ҳужжатларни тақдим қилишни сўраганига жавобан машина ичида бўлганлар ёппа ҳужумга ўтганини нима билан изоҳлашга ҳайрон қоласан киши.

 Ўтган ойда эса Қамаши туманида “Каптива” автомашинаси тўхтатилиб, ён томон ойналарига парда ўрнатилганлиги сабабли маъмурий баённома расмийлаштирмоқчи бўлганида, ҳайдовчи ва йўловчилар милиция ходимларига фаол қаршилик кўрсатиб, тан жароҳати етказган, ходимнинг мобиль телефони ва маъмурий баённомани олиб, воқеа жойидан кетиб қолишган.

Биламизки, йўлда ҳаракатланишнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Инсон қўли рулда экан, ҳар бир вазият эҳтиёткорликни, ҳаракатланиш қоидаларига оғишмасдан риоя этишни талаб этади. Озгина шошқалоқлик, эҳтиётсизлик турли нохуш ҳодисага ёки кутилмаган фожиага сабаб бўлиши мумкин. Йўл-патруль хизмати ходимлари томонидан ўтказиладиган рейдлар эса ана шундай кўнгилсиз ҳодисаларнинг олдини олишдир. Яъни мазкур жараёнда ҳайдовчиларнинг белгиланган тезликдан ортиқча ҳаракатланиши, ажратилган йўлларда қарама-қарши йўналишда ҳаракатланиш, махсус белгиланмаган жойларда автомашиналарнинг тўхташи, йўловчи ташиш қоидаларига эътибор бермаслик каби кўпол қоидабузарлик ҳолатлари аниқланиб, қоидабузар ҳайдовчиларга нисбатан қонуний чоралар кўриб борилади. Аслида бундан ютадиган ҳайдовчининг ўзи: чунки бир сафар қонуний жазо олган ҳайдовчи кейинги сафар ўйлаб иш қилади, биргина ҳаракати ўзи ва ўзга ҳаётида кескин бурилиш ясашини хаёлдан ўтказади. Бироқ юқоридаги каби айрим кишилар ҳам борки, ЙПХ ходимларига қаршилик кўрсатиб, ҳатто тазйиқ ўтказишга ҳам уринадилар. Афсуски, бундайлар ҳамон учрамоқда. Ўз навбатида таъкидлаш ўринли, қонунга зид ҳар қандай қилмиш жазосиз қолмайди. Буни ушбу йўналишда биргина шу йилда содир этилган ҳолатлар натижаларидан ҳам билса бўлади.

Мисол учун, Қарши туманида йўл-патруль хизмати катта инспектори Санжар Расулов эрталабки йўриқномага асосан дислокацияда белгиланган Қарши тумани Бешкент шаҳридаги Ҳамза ва Мустақиллик кўчалари кесишган чорраҳада хизмат олиб бораётган вақтда шу ерда ҳаракатланиб келаётган М.Мадиёров бошқарувидаги давлат рақами 70 В 347 КА бўлган “Лада-Ларгус” автомашинасини тўхтатган. Ҳайдовчи эса сўралган ҳужжатларни тақдим қилиш ўрнига ходимнинг юзига уриб, тан жароҳати етказган ва воқеа жойидан қочиб кетган. Натижада ЙПХ ходими шифохонага ётқизилган, ҳайдовчи эса тез орада ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро М.Мадиёровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси 128-моддасига асосан энг кам ойлик иш ҳақининг 5 баравари миқдорида жарима жазоси   тайинланди.

Яна бир ҳолатда йўл-патруль хизмати инспектори Зокир Бўронов Қарши шаҳри Ўзбекистон кўчасида хизмат вазифасини бажараётган пайтида “Нексия” русумли 70 В 106 ЕA давлат рақамли автомашинани тўхтатган. Тегишли ҳужжатлар сўралганда, ҳайдовчи М.Латипов уларни тақдим этишдан бош тортиб, автомашинанинг эшиги очиқ ҳолатда бўлишига қарамасдан, ўт олдириб ҳайдаб кетишга чоғланган. Инспектор автомашинани тўхтатишга уринганида эса уни судраб кетган. Натижада ходим “Кўкрак қафаси, ўнг қовурға ёйи соҳасида юмшоқ тўқималарнинг лат ейиши, ўнг ва чап қўл кафт уст соҳалари шилинган жароҳати” ташхиси билан шифохонага ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан    фуқаро М.Латиповга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 2 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган.

Шунингдек, Косон туманида ЙПХ инспектори Ш.Чориев фуқаро Ф.Тўраев бошқарувидаги “Камаз” русумли 70 W 808 DА давлат рақам белгили автомашинани Косон-Қарши А-380 йўлида қарама-қарши йўналишда бошқариб келаётгани сабабли тўхтатган. Ҳайдовчи йўл-патруль хизмати ходимининг қонуний талабига бўйсунмасдан    зарур ҳужжатларни тақдим қилиш ўрнига автомашина эгаси О.Камоловни воқеа жойига чақирган. О.Камоловнинг бу ерга келиб кўрсатган “каромати” эса ЙПХ ходимининг юз соҳасига боши билан зарба бериш бўлган. Шу билан қоидабузарга нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилишига тўсқинлик қилган.

Мазкур ҳолат Косон тумани маъмурий судида кўриб чиқилиб, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 194-моддасига асосан Ф.Тўраевга нисбатан энг кам ойлик иш ҳақининг 8 баравари, О.Камоловга эса 5 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Албатта, хизмат вазифасини олиб бораётган ходимнинг ўз манфаати йўлида ваколатини суиистеъмол қилиши бошқа, қонуний фаолиятини амалга ошириши бошқа. Бордию, фаолият қонун доирасида бўлса, ким ҳам бунга қаршилик кўрсатиши мумкин? Албатта, айби бор одам. Бўйнида иллати борнинг тиззаси қалтирайди, деб бежиз айтишмаган ахир. Хўш, қоидабузарлар зўравонлик билан нимага эришишди? Аввало, судда қонуний жазо олишди. Жарима тўлашди. Қолганига юзи шувутлик, боши эгиклик... Агар улар йўл-патруль хизмати ходими нега йўлларда белгиланган қоидалар асосида ҳаракатланишни талаб қилаётганини чуқур ўйлаб кўрганида эди, қўл кўтариш ҳақида эмас, миннатдорлик билдириш қарорига келарди.

Шерзод ОБИДОВ,

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Ўз хавфсизлиги бошқармаси Қашқадарё вилояти бўйича бўлими ходими

Report typo