Халқ депутатлари вилоят кенгашидаги O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи томонидан вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бош бошқармаси ҳисоботини эшитиш мақсадида ташкил этилган тадбирда шу каби маълумотлар келтириб ўтилди.
Тадбирда депутатлар вилоятимизда йўл қурилиши соҳасида тегишли дастурлар ижроси бажарилиши ҳолати билан атрофлича танишишди. Бошқарма мутасаддилари томонидан бу борада шу вақтга қадар салмоқли ишлар амалга оширилгани таъкидланди. Шу билан бирга, йўл таъмирлаш ишларини сифатли ташкил этишга халал бераётган, ўз ечимини кутиб турган муаммолар мавжудлиги билдирилди.
Жумладан, йўл қурилиши ишларини давр талаблари даражасида тез ва соз амалга ошириш ёнилғи-мойлаш материаллари ва битумга бўлган эҳтиёжни оширади. Жорий йил давомида йўл қурилиши ва таъмирлаш ишлари ўз вақтида, сифатли бажарилишини таъминлаш учун 20 минг тонна битум маҳсулотига эҳтиёж бор. Аммо уни етказиб беришга масъул ташкилот томонидан фақат 5 минг 800 тонна битум ажратилган, холос. Бундан ташқари, қурилиш, таъмирлаш ишларини бажарадиган махсус техникалар ҳам анча эскириб қолган. Шу боис, 2018 йил охирига қадар бошқарма томонидан 29 та замонавий техника воситаси харид қилиш режалаштирилмоқда.
Йиғилишда сўз олган O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари айрим ички йўллар нафақат транспорт воситалари, балки одамлар юриши учун ҳам ниҳоятда яроқсиз бўлиб қолгани, уларни таъмирлашга эътиборсизлик билан қаралаётгани, бундан эса аҳоли, айниқса, кексалар ва мактаб ўқувчилари азият чекаётгани айтиб ўтишди.
Тадбир якунида O‘zLiDeP депутатлик гуруҳи аъзолари вилоят ҳудудидаги автомобиль йўлларини сақлаш, таъмирлаш ва қуриш ишларига жиддий эътибор қаратиш, йўл четларини ободонлаштириш, замонавий сервис хизматини ташкил этиш бўйича мутасаддиларга тегишли таклиф ва тавсиялар билдиришди.
МИРЖАҲОН