Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
10 ноябрь, якшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Собир НАРЗИЕВ

10.10.2024


ЙЎЛ ҚУРМОҚ - САВОБ, ЙЎЛ ЮРМОҚ - РОҲАТ!

Қурилиш индустрияси

Йўл қурмоқ - савоб, йўл юрмоқ - роҳат, дейишади. Кейинги йилларда ана шундай роҳатланиб юрадиган йўллар қурилиши кўлами кенгайди. Босқичма-босқич тарихда асфальт кўрмаган қишлоқ йўлларидан тортиб, шаҳар кўчаларигача кўзни қувонтирадиган даражада ровон бўлаяпти.    

Маълумки, аҳолини энг кўп қийнаб келаётган масалалардан бири шу эди, юқори ташкилотларга қилинаётган мурожаатларнинг салмоқли қисмида ҳам йўл қуриб бериш сўрови акс этгани шунга ишора. Шунингдек, "Очиқ бюджет"га киритилаётган ташаббусларда йўл қуриш лойиҳалари устунлик қилаяпти. Шунга кўра, кўрилаётган зарур чоралар ортидан қанча-қанча кўчалар ободликка юз тутаяпти.  

Шубҳасиз, шу кеча кундузда амалга оширилаётган йирик йўл таъмири лойиҳасига Қарши шаҳрида ҳам гувоҳ бўлиш мумкин. Маълумотларда келтирилишича, тегишли тартибда ажратилган 105 миллиард сўм маблағ ҳисобидан вилоят марказининг 32 километр узунликдаги марказий - Ислом Каримов, Мустақиллик, Насаф, Алишер Навоий, Амир Темур, Хонабод кўчаларига янгидан асфальт тўшалмоқда.

 Албатта бундай катта ҳажмдаги объектларга асосий маҳсулот - иссиқ асфальт қоришмасини узлуксиз етказиб бериш осон иш эмас. Бунинг учун бир нечта заводлар ишлаб турибди. Улардан бири - "Шаҳрисабз бунёдкори" масъулияти чекланган жамияти томонидан ўтган йили Қарши шаҳрида ишга туширган тайёрлов цехидир.

- 2012 йилда ташкил қилган корхонамизда дастлаб блок ғишт ишлаб чиқаришни йўлга қўйган эдик, - дейди жамият мулкдори Феруз Муртозоев. - Шу билан бирга турли объектлар қурилишларида пудратчи сифатида иштирок эта бошладик. Талабни ўрганиб, ўтган йиллар ичида темир-бетон маҳсулотлари, қум-шағал ишлаб чиқаришни ташкил этдик. Ўтган йили эса хориждан замонавий технологик ускуналар харид қилиб, иссиқ асфальт қоришмаси тайёрлашни ҳам бошладик.   

Маълум қилишларича, Шайхали маҳалласида жойлашган қиймати 500 минг АҚШ долларига тенг ихчам ва тежамкор завод соатига 120 тонна маҳсулот ишлаб чиқариш қувватига эга. Жамият қурувчиларининг ўзлари ҳам бугунги кунда йўл, кўприклар қурилишларида фаол иштирок этиб келмоқда. Бунда зарур бўладиган асосий қурилиш материалларининг бир қисмини ўзлари ишлаб чиқараётгани эса улар бажараётган бунёдкорлик ишлари таннархи арзонроқ, кўрадиган даромадлари кўпроқ бўлишини таъминламоқда.

Собир НАРЗИЕВ 

Муаллиф олган суратлар.

Report typo