Чироқчи туманидаги 63-мактаб ўқитувчиси Х.Алимов ҳам турли идораларга шикоят ёзди. Унинг шикояти юзасидан туман молия бўлими ходимлари томонидан мактабда текшириш ўтказила бошланди.
Бундан Х.Алимов ўз манфаати йўлида фойдаланиб қолишга уринди. Яъни у қаламининг “куч”ини кўрсатиб қўйиш истагида мактаб директори А.Ўткировга мазкур мурожаатни атайлаб чап қўлида ёзганлиги ва шу йўл билан гўёки шу мазмундаги шикоят билан мурожаат қилмаганлиги тўғрисида кўрсатма бериш орқали ушбу аризани оқибатсиз қолдириш, яъни аноним тарзда ҳал этилишига эришишни ваъда қилади. Фақат бунинг эвазига мактаб раҳбари “қалами ўткир” ўқитувчисига 1 миллион 300 минг сўм бериши керак эди.
Ўз-ўзидан аёнки, Х.Алимовни аввалбошдан мактабдаги молиявий ҳолат эмас, ариза баҳона директордан ундириладиган маблағ қизиқтирган.
Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш (СВОЖЖДЛҚК) департаменти вилоят бошқармаси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи бошқа идоралар ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Алимов Чироқчи туманидаги “Наврўз” чойхонасида А.Ўткировдан 1 миллион 300 минг сўм миқдоридаги пулни товламачилик йўли билан қўлга киритган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.
Мазкур ҳолат юзасидан Х.Алимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Суд ҳукми билан жазо муқаррарлиги таъминланди.
Бугун унинг йўли қирқилди, асоссиз шикоят ёзиб, тамагирлик қилишни одат қилган “ёзғувчи”нинг фаолиятига қонуний баҳо берилди. Бу эса қонунларимизда барча фуқаролар мурожаат этиш ҳуқуқига эгалиги “ёзғувчи”ларнинг тегирмонига сув қуйиш учун жорий этилмаганининг исботидир.
Ғулом ҚОДИРОВ,
СВОЖЖДЛҚК департаменти вилоят бошқармаси ходими