“Мақола бошқарма масъул ходимлари ҳамда Қарши-Бешкент йўналишида фаолият кўрсатаётган “Бешкент йўловчи транс”, “Шуҳратбек омад транс”, “Умаров Илҳом Ихтиёрович”, “Усмонов Бекзод Чориевич” МЧЖлар раҳбарлари иштирокида ўрганиб чиқилди. Йиғилишда корхона раҳбарлари йўловчи ташиш йўналишларида йўл кира ҳақини асоссиз равишда оширишга йўл қўймаслик, ҳайдовчиларни тилхат орқали огоҳлантириш, йўл кира ҳақидаги маълумотларни транспорт воситалари салонида йўловчиларга кўринарли жойларга осиб қўйиш ва назоратга олинишини таъминлаш, акс ҳолда тендер контрактлари бекор қилиниши юзасидан огоҳлантирилди.
Шунингдек, Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги бошлиғининг топшириғига асосан 2017 йилнинг 26 декабрь куни агентлик бошқарма бошлиғи Х.Икрамов вилоят бошқармасида бўлиб, бошқарма масъул ходимлари иштирокида Қарши-Бешкент йўналишида фаолият кўрсатаётган йўловчи ташиш корхоналари раҳбарлари билан учрашиб, тегишли кўрсатмалар берди.
Берилган топшириқлардан келиб чиқиб, 2017 йилнинг 26-30 декабрь кунлари бошқарма инспекторлари томонидан Қарши шаҳри ва Қарши туманида ўрганишлар ўтказилди. Ўтказилган тадбирлар жараёнида Қарши-Бешкент йўналишида “Эркинов Мухаммад Амин транс”, “Матрица супер”, 12-йўналишда хизмат кўрсатувчи “Саноат-Сервис”, 20-йўналишда хизмат кўрсатувчи “Мохи нур авто”, 6-йўналишда “Дилноза”, 28-йўналишда хизмат кўрсатувчи “Аз фахру транс” МЧЖларига қарашли транспорт воситалари ҳайдовчилари томонидан йўл кира ҳақини асоссиз равишда ошириш ҳолатлари аниқланди. Қарши-Бешкент йўналишида йўловчи ташиш фаолиятини амалга ошириб келаётган 160 дан ортиқ “Дамас” русумли автотранспорт воситалари ички ва ташқи томондан тўлиқ жиҳозланиб, ҳайдовчилардан йўлкира нархларини белгиланган тарифдан оширмаслик бўйича тилхатлар олинди.
2018 йилнинг 4 январь куни Қарши шаҳрида фаолият кўрсатувчи шаҳар ичи ва шаҳар атрофи йўналишларида йўловчи ташиш билан шуғулланиб келаётган 26 та ташувчи корхона раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилиб, тегишли тавсиялар берилди, йўл кира нархларини белгиланган тарифдан оширмасликни таъминлаш вазифаси топширилди.
Бу борадаги амалий ишлар давом эттирилмоқда”.
ТАҲРИРИЯТДАН: Кўриниб турибди: бу борада анчагина ишлар қилинган. Буни қисқа муддатда ташқи томонига корхона номи ва ишонч телефонлари туширилган “Дамас”лар сони кўпайганидан ҳам билса бўлади. Натижа нима бўлади? Тегишли таниқлилик белгиларига эга транспорт воситалари ажралиб, ким қонуний, ким ноқонуний ишлаётгани кўриниб қолади. Ўз-ўзидан лицензиясиз қатнаб юрганлар ё йўналишдан чиқиб кетади, ё қонуний ишлаш йўлига ўтади.
Бироқ энг асосий нарса ўзгармасдан турибди: НАРХ ТУШМАЯПТИ. Транспорт корхоналари раҳбарлари огоҳлантирилган, ҳайдовчилардан тилхат олинган бўлишига қарамай бирор кун бирорта “Дамас” қонуний, 1000 сўмдан қатнагани йўқ.
Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги вилоят бошқармаси томонидан тақдим қилинган мана бу суратда гўёки “Усмонов Бекзод Чориевич” МЧЖга қарашли “Дамас”лар 1000 сўмдан қатнаётгани кўрсатилган бўлса-да, кузатишларимиз жараёнида амалда бирор марта бундай бўлмади.
“Умаров Илҳом Ихтиёрович” МЧЖ томонидан эса ғалати “тариф” ишлаб чиқилди: Бешкент шаҳри ичида 500 сўм, Батошгача 1000, Қарши шаҳригача 1400 сўм. Бу “тариф”нинг мантиққа зидлиги шундаки, Бешкент шаҳри ичида транспорт воситалари нари борса, 2-3 километр юради. Километрига 80 сўмдан ҳисобласак, бу 200-250 сўм атрофида бўлади. Туман марказидан Батошгача эса 7-8 километр – бу 600-650 сўмга тўғри келади дегани. Бироқ “Умаров Илҳом Ихтиёрович” МЧЖ раҳбариятининг мантиқсиз ҳисоб-китоби билан 2 километрга 500 сўм, қолган 10 километрдан зиёд йўлга 900 сўм ҳақ олинаяпти. Яна уларнинг “1400 сўмлик йўли”да ҳеч бир йўловчига қайтим берилаётгани йўқ (бир кунда минг йўловчидан 100 сўмдан “уриб” қолинсаям шунинг ўзи 100 минг сўм бўлади).
Яна қайта таъкидлаймиз, Қарши-Бешкент йўналишидаги транспорт воситаларининг барчаси туман тиббиёт бирлашмаси ёнидан бошлаб ҳаракатланади. “Умаров Илҳом Ихтиёрович” МЧЖ йўналиш чизмасида Қуйи Бешкент кўрсатилгани билан у ерга бормайди маршруткачилар. Йўловчилар қўшимча 1000 сўм харажат қилиб, Қуйи Бешкентгача етиб олишади.
Хуллас, бу йўналишда йўлкира 1500 сўмдан тушгиси йўқ. Мақолада ҳам айтгандик, бу амалда ҳам ўз тасдиғини топди: мажлис ўтказиб, тилхат ёздириш билан иш битма(й)ди...