Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
23 ноябрь, шанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ж.БОЙМУРОДОВ

16.04.2021


ЙЎЛНИ ҚАЙТА-ҚАЙТА ЁРИБ ЧИҚАЁТГАН "БУЛОҚ"

уни йўлсозлар бартараф этиш керакми ёки сувсозлар?

Фотонигоҳ

Қарши шаҳридаги Насаф кўчасининг вилоят йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси рўпарасидаги қисмидан ўтиб қайтган киши борки, бу ердаги йўлнинг анча вақтдан буён носозлигини яхши билади.

Бунинг асосий сабаби эса йўл остидан ўтган сув қувури тез-тез ёрилиб, асфальт қоплама устида "булоқ" пайдо бўлиб туришида. Натижада атрофда вақти-вақти билан сув тўпланиб, йўл чўкиб қолади. Ҳайдовчилар гоҳ у четдан, гоҳ бу четдан улови билан сув, лой кечиб ўтишга мажбур бўлишади. Бундай ҳолат бир эмас, бир неча  йиллардан буён кузатилаяпти.

Хўш, вилоят марказининг энг серқатнов йўлларидан биридаги бу носозликдан масъулларнинг хабари йўқ, дейсизми? Аксинча, хабари бор. Бўлгани учун ҳам йилига икки-уч маротаба йўлнинг бузилган қисми таъмирланиб, муаммо гўёки бартараф этилгандек бўлади. Бир-икки ҳафта давомида машиналар текис, равон ҳаракатланиб қолади ҳам. Аммо бир ойга қолмай таниш "булоқ" яна кўз очади. Яна эски ҳаммом, эски тос.

Ўз-ўзидан савол пайдо бўлади: нега шундай? Нега носоз йўл таъмирланадию, бир ойга ҳам етмай аввалги ҳолига келиб қолади? Бу тахлит таъмирлашдан маъно нима, муддао не?

Муаммони тўлиқ бартараф этиш учун аввал ер остидан ўтган сув қувурини янгилаб, сўнг йўлни таъмирламаса аҳвол ўзгармаслигини соҳадан хабари бўлмаган киши ҳам яхши тушунади. Лекин мутахассис деган мақомга эга бўлган йўлсозларимизнинг шу ҳақиқатни англаб етмаётгани ёки англаб етса-да, унга амал қилмаётгани  тушунарсиз.

Куни кеча Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида бошқарма бошлиғи Бекмурод Раҳимовдан шу ҳолатга изоҳ олдик.

- Бу йўл айни пайтда вилоят ободонлаштириш бошқармаси балансида турибди, - дейди у. - Лекин ушбу муаммодан хабарим бор. Бу ердан диаметри 1,2 метрга тенг бўлган ерости сув қувури ўтган. Ушбу тизим 1960 йилларда қурилган. Бугунги кунда темир қувурлар ниҳоятда таъмирталаб аҳволга келиб қолган. Бир жойини беркитсангиз, бошқа жойи ёрилади. Яқинда бу масала вилоят ҳокимлигида ҳам кўрилувди. Ҳозир шу ердан ўтган ерости сув қувурини тўлиқ янгилаб, автомобиль йўли остидан эмас, балки ёнидаги пиёдалар йўлаги остидан олиб ўтиш чоралари кўрилмоқда. Хуллас, вилоятдаги сув таъминоти корхонаси ("Қашқадарё сув таъминоти" МЧЖ - таҳририят.) ушбу муаммони бартараф этса, кейин йўлни мустаҳкам қилиб таъмирлаш имкони бўлади. Бу йўл шаҳримизнинг энг равон кўчаларидан бирига айланади. Ҳозир шунинг ҳаракатидамиз.

Унгача эса... Айни пайтда Насаф кўчасининг ушбу қисмида яна таъмирлаш ишлари бошланган. Бир неча кундан буён уч-тўрт нафар йўлсоз ва махсус техника йўлни таъмирлаш билан оввора. Аммо эски "булоқ" асфальт қопламанинг гоҳ у томонидан, гоҳ бу томонидан ёриб чиқишда давом этмоқда.

Ж.БОЙМУРОДОВ

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo