Сараланган сатрлар
Юсуф алайҳиссалом қиссаси Қуръони каримда энг гўзал қисса ўлароқ эътироф этилади. Кўпчилик ўқиган, эшитган: Юсуф алайҳиссалом гўзал кўриниши билан тилларда достон бўлган, унга тушларни таъбир қилиш қобилияти берилган. Бинобарин, тўғри тадбири туфайли Миср халқини очарчиликдан қутқариб қолган.
Унинг насаби Иброҳим алайҳиссаломга бориб туташади. Отаси Яъқуб алайҳиссалом ҳам пайғамбар эди, бобоси Исҳоқ алайҳиссалом эса Иброҳим Халилуллоҳнинг фарзанди саналади.
Манбаларга кўра, Яъқуб ва унинг фарзандлари ҳозирги Иордания ҳудудида яшашган. Юсуф алайҳиссалом 12 ёшлигида акалари унга ҳасад қилиб, қудуққа ташлаб юборган ва отасига "Бўри еб кетди" деб қонли кўйлакни кўрсатишган.
Миср сари кетаётган карвон сув ичиш учун тўхтаб қудуққа челак солганида, арқонга тирмашиб чиққан болани кўришади. Қарангки, Юсуфнинг омон қолгани хабари акаларига етиб бориб, тезда карвонга етиб олишади ва бола уларга тегишли эканини, хоҳлашса, арзонга сотишлари мумкинлигини билдиришади. Шу тариқа Юсуф алайҳиссалом арзимаган 20 дирҳамга сотиб юборилади.
Мисрда эса уни бош вазир Қитфир қул сифатида қарамоғига олади. Шу ерда вояга етгач, бош вазирнинг хотини Зулайҳонинг макрига учмай, зинони рад қилади ва туҳматга учраб, 12 йиллик умрини зиндонда ўтказишга мажбур бўлади.
Кун келадики, Юсуф алайҳиссалом Миср тахтига ўтиради.
Хўш, бу қандай юз беради?
Боласи учун ҳасрат чекиб, кўзлари кўр бўлиб қолган Яъқуб алайҳиссаломга дийдор насиб этадими?
Макру ҳийла туфайли пайғамбарни зиндонга солдирган Зулайҳо қандай қилиб унинг умр йўлдошига, солиҳа аёлга айланади?
Тахтга ўтирган Юсуф алайҳиссалом очарчилик йиллари озиқ-овқат сўраб келган акаларига қандай муносабатда бўлади?
Буларнинг барчаси ҳақида Мустафо Нежати Бурсали қаламига мансуб "Юсуф ва Зулайҳо" асари орқали билиб олишингиз мумкин. Қуръони карим оятлари ва ҳадиси шарифлар билан қувватланган тасвирлар баёни Сизни бефарқ қолдирмайди.
* * *
Бу муборак зот мисоли дур, гўзал ва шон-шарафли Набий, барча хазиналар эгаси бўлишига қарамай, уч кунда бир овқатланар экан. Ундан:
- Эй қуёшдек порлоқ юзли Юсуф, бутун бойликлар молики бўлишингизга қарамай, нега уч кунда бир таомланасиз? - деб сўрадилар.
Ҳазрати Юсуф эса кўзларини ердан узиб, шундай деди:
- Менинг қорним тўқ бўлса, очларнинг аҳволини қандай ҳис қиламан? Шундай қилмасам эди, ўзимдаги бу порлоқ жавҳарни қаердан олардим?
* * *
Нафс даласига шайтон қўли билан экилган фисқу фасод уруғлари униб чиқиб бўй чўздими, оғули мевалари мияни заҳарлай бошлайди. Ана шундан сўнг ҳасадчига дунёнинг ҳар бир куни азобли ва чақмоқдек куйдирувчи бўла бошлайди. Бу хусусда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дейдилар:
"Ҳаргиз ҳасад қила кўрманг! Зеро, ҳасад, олов ўтинни қандай куйдириб адо қилса, савобларни ҳам худди шундай йўқ қилади".
* * *
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:
"Балолар оғиздан чиқадиган сўзга боғлиқ".
* * *
Бу мудҳиш ҳолатдан титраб-қақшайман, мени бир овчидек қувар тақдирим!
* * *
Агар бир банданинг дўсти Аллоҳ бўлса, бутун дунё душман бўлса ҳам ғами йўқ.
* * *
Бир пайтлар эри билан ораларида жанжал чиққан бир аёл йиғлаб-сиқтаб қози Шурайҳ ҳузурига келди:
- Қози жаноблари, шу аҳволимга бирор чора топиб беринг!
Шаъбий қози Шурайҳга деди:
- Эй або Умайя! - деди. - Бу аёл мазлум бўлса керак, деб ўйлайман. Қаранг, қандай ич-ичидан фарёд қилмоқда!
Қози жаноблари мийиғида кулганча жавоб берди:
- Юсуфнинг акалари ҳам золим бўла туриб, йиғлаганча оталари ёнига келганлар. Бундай йиғи-сиғиларга қараб ҳукм чиқариш тўғри эмас. Фақат ишончли ҳақиқатларга таянган ҳолда ҳукм қилинади.
Дарҳақиқат, Яъқуб алайҳиссалом ҳам ўғилларининг кўз ёшларига ишонмади. Бутун қалби билан Аллоҳга йўналди ва Унга сиғинди. Аллоҳдан ёрдам сўради ва деди:
"Албатта, мен дарду ҳасратимдан фақат Аллоҳнинг ўзига шикоят қилмоқдаман ва Аллоҳдан сиз билмаган нарсани билурман".
* * *
Валий зотлар Ҳаққа эришиши учун Аллоҳ уларнинг гўё етмиш икки томирини суғуриб олади, чунки уларнинг бир қисмида ёлғон, бир қисмида кибр, бир қисмида эса риё, бир қисмида дунё ҳирси, яна бирида шаҳват ва зинога майл каби ёмонликлар намоён бўлади. Аллоҳнинг севгили қуллари бўлмиш валий зотлар ҳақида ҳолат шундай экан, Аллоҳ барча гуноҳлардан поклаб қўйган пайғамбари қандай бўлишини ўйлаб кўр!
* * *
Инсонларнинг бошига тушадиган мусибатларнинг аксарияти ўзларининг тили туфайли келади.
* * *
Бу ёруғ оламдаги саодат Аллоҳнинг иноятидир. Уни билак кучи билан топиб бўлмайди. Қаноти синган қуш қандай қилиб фариштадек уча олсин? Қанот бўлмаса, ердан кўтарилишнинг ҳам иложи йўқ.
* * *
Ишққа қарши ақл ҳукм чиқара олмас экан. Ишққа қарши курашган одамнинг мағлуб бўлиши турган гап. Чунки ишқ йўлида жондан кечмаган одам ошиқ эмас!
* * *
Нафс ва ҳою ҳавас арслонига миниб олган билан бироз йўл олиш мумкин, бироқ ўша ёввойи арслон инсонни мутлақо парчалаб ташлаши аниқ.
* * *
Ҳикмат соҳиби ва улуғ валий зотлардан бири бўлмиш Малик бин Динордан ривоят қилинишича, ҳукмдорнинг шарбатчисига "Мени ҳукмдоринг ҳузурида ёдга ол!" деганда, Азиз ва Жалил бўлган Аллоҳ буюрдики:
- Эй Юсуф! Мендан ўзгани вакил қилдинг. Мен ҳам сенинг зиндонда қолишингни узайтираман.
Юсуф алайҳиссаломнинг кўзлари ёшга тўлди:
- Эй Роббим, қайғу ва ғам-ташвишлар кўпайгач, қалбим ҳасратга тўлди. Бундан буён оғзимдан бундай сўз чиқмайди.
Авлиёлар султони Ҳасан Басрий ҳазратлари бу оятни ҳар ўқиганда йиғлар ва шундай дер эди:
- Бошимизга ташвиш тушса, инсонларга чопамиз. Ва бу аҳволимиз билан оқибатимиз нима бўларкин?
* * *
Эй денгизга шўнғиб, инжу дурлардан олиб чиқмаган одам! Агар дур ололмасанг, сувга шўнғиб ўтирма! Ёмонликка бошловчи нафс отини ўйнаяпсанми? Шуни билки, ақлинг унинг жиловини тутолмайди. Чумоли қоплон билан жангга киришса, аҳволи не кечади? Юсуф алайҳиссалом улашган ирфон инжуларини кўриб, сен ҳам коинот денгизидан инжу дурларни қўлга кирит.
* * *
Икки жаҳон сарвари, Набийлар султони дедиларки:
"Кимки бир биродарини бирон гуноҳда айбласа, (ўзи ҳам) ўша ишни қилмагунча ўлмайди!"
* * *
Йўрға от минган киши елкасида ўтин ташиётганнинг ҳолини қаердан билсин. Қорни тўққа жавдар нони хуш ёқмайди, лекин унинг лаззатини оч одамдан сўра! Золим кимсанинг подшоҳ бўлиши бўрининг сурувга чўпон бўлишидек гап. Унинг қонли тиши подага тинчлик бермайди. Маълумки, булутлардан раҳмат ёғади, аммо тошнинг усти кўкармайди. Осмонлар оби-ҳаёт ёғдирса ҳам, толдан мева чиқмайди.
* * *
Кўз тегиши ҳам бор нарса. Аллоҳ Расули ҳам кўпинча Аллоҳга дуо қилиб, шундай дер эдилар:
"Аллоҳим! Икки оёқда юрганларнинг, тўрт оёқда юрувчи ҳамда судралиб юрувчиларнинг ёмонлигидан Сенга сиғинаман!"
Яна дейдики:
"Муҳаққақ назар инсонни қабрга, туяни эса қозонга тиқади!"
* * *
Қуёшга ошно бўлган шамни нима қиларди...
* * *
Ким тақво ва сабр қилса, Аллоҳ, албатта, гўзал иш қилувчиларнинг ажрини зое қилмагай.
* * *
Аллоҳ Юсуфнинг кўйлаги ҳидини мўъжиза сифатида Яъқубга билдираётганди. Бир пайтлар набийлар Султони соллаллоҳу алайҳи васаллам Вайсал Қароний (Увайс ал-Қароний) ҳақида шундай деганди:
- Муҳаққақ, мен Раҳмоннинг нафасини Яман тарафлардан ҳис қиляпман.
* * *
Гуноҳини эътироф этиб, тавба қилиш қандай яхши нарса.
* * *
Эй олам бўстонида очилган гул! Ўлим тиғи келиб, шохингдан узилмай туриб Аллоҳ йўлида солиҳ амал қил ва қабр ортидаги ҳаётни сира унутма! Сен унутсанг ҳам, сени асло унутмайдилар!
Б.САЙФИЕВ тайёрлади.