Қайд этиш лозим, маҳалла жамият бошқарувининг халқ қадриятларига асосланган тизими сифатида ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий соҳаларда қатор вазифаларни самарали амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ушбу тизимга доир кўплаб қонунчилик ҳужжатларининг қабул қилиниши унинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштирди.
Олдинги қонун фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда унинг маслаҳатчисини ҳам сайлашни назарда тутар эди. Раиснинг ваколат муддати 2,5 йил бўлиб, бу муддат уларга ўз билим ва бошқарув қобилиятини тўлиқ намоён этишга имконият бермаётганди. Шунингдек, раислар фуқаролар вакиллари йиғилиши томонидан сайланарди. Бунда сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берар, бошқа фуқаролар баъзан бундан бехабар қолаётган, ўз фикрини билдира олмаётганди. Яна бир жиҳати, сайлов очиқ овоз бериш йўли билан ўтказилгани боис, фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродаларини эркин билдириш имконияти чекланганди.
Қонундаги ўзгаришлар натижасида маслаҳатчиларнинг раис (оқсоқол) билан бир вақтда сайланишининг олди олинди. Унинг ваколат муддати 2,5 йилдан 3 йилга узайтирилди. Вакилликнинг минимал нормаси белгиланди, яъни у сайловчиларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги тартиби ўрнатилди. Шунга кўра Олий Мажлис Сенати Кенгаши томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи алоҳида республика комиссияси тузилиб, сайловлар яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди.
Жорий йилги сайловлар 2016 йил май-июнь ойларида ўтказилган сайловлар билан солиштирилса, кўплаб ўзгаришларга гувоҳ бўлиш мумкин. Жумладан, 3 йил аввал вилоятда фуқаролар йиғинлари раислигига 660 киши сайланган бўлса, бу йил уларнинг сони 768 нафарни ташкил этмоқда.
2016 йилда ўтказилган вакиллар йиғилишларида сайланган фуқаролар йиғинлари раисларининг 607 нафари олий, 53 нафари ўрта махсус маълумотли бўлса, бу йилги раисларнинг 624 нафари олий, 144 нафари ўрта махсус маълумотга эга. Олий маълумотли раислар сони бўйича вилоятимиз республикада биринчи ўринда. Сайланган 160 раиснинг мутахассислиги ўқитувчи, 156 нафари иқтисодчи, 182 нафари муҳандис, 37 нафари ҳуқуқшунос ва ижтимоий-иқтисодий ҳаётда фаол қатнашаётган бошқа мутахассисликка эга шахслардир.
Яна бир жиҳати, сайланган фуқаролар йиғини раисларининг 11 нафари шу вақтгача маҳаллий ҳокимлик тизимида, 26 нафари ҳуқуқни муҳофаза қилиш органида, 67 нафари тадбиркорлик соҳасида, 69 нафари таълим, 477 нафари маҳалла тизимида ишлаб келган.
Бу йилги сайловларда 547 нафар йиғин раиси биринчи марта сайланди ва бу кўрсаткич бўйича ҳам вилоятимиз пешқадам. Фуқаролар йиғинлари раисларининг 34 нафари аёллар бўлса, 15 нафари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари саналади.
Йиғин раислигига сайланган кишиларнинг ёши ҳам эътиборга молик. 2016 йилда 40 ёшгача бўлган раислар сони 27 нафар бўлса, бу йил 163 нафарни ташкил этмоқда.
Маълумки, сайловларни ташкил этишга доир қонунда фуқаролар вакилларининг сони сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар умумий сонининг камида 12 фоизини ташкил этиши белгиланган. Шунга асосан ташкилотчилик қобилиятига эга, ҳаётий тажриба ва эл орасида ҳурмат-эътибор қозонган 242 минг 922 киши сайловларда вакил сифатида иштирок этиши белгиланган бўлиб, жараёнларда уларнинг 205 минг 915 нафари ўз овози билан қатнашди.
2016 йилги сайлов натижасига кўра муқобиллик асосида яширин овоз бериш йўли билан сайланганлар сони 188 нафар (28,5 фоиз) бўлса, қонунга киритилган ўзгаришларга кўра, бу йил сайлов 768 та фуқаролар йиғинида (100 фоиз) яширин овоз бериш йўли билан ўтказилди. Бу албатта, таниш-билиш эмас, халқ учун қайғурадиган номзодлар тизимга келишида муҳим ўрин тутади.
Шу билан бирга, бошқа давлатлар билан чегарада жойлашган 22 та маҳалла фуқаролар йиғинида ҳарбий соҳадан хабардор, Қуролли Кучлар сафида хизмат қилган, қўшни давлатлар қонунчилигидан бохабар, турли миллат ва дин вакиллари ўртасида обрў-эътиборга ҳамда фавқулодда вазиятларда ҳаракатланиш қоидаларини биладиган ва аҳолини сафарбар эта олиш кўникмаларига эга шахслар сайланганини ҳам алоҳида таъкидлаш лозим.
Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи вилоят комиссияси раиси Исломиддин Аброровнинг маълум қилишича, айни пайтда вилоятдаги барча фуқаролар йиғинлари аҳоли сони, ижтимоий-маънавий муҳит ва ҳудудий географик жойлашуви бўйича тоифаларга ажратилиб, шу асосда йиғин раисига қўйиладиган талаблар ишлаб чиқилган.
Ҳудуддаги муаммолардан келиб чиқиб, ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш бўйича 2019 йил июнь-сентябрь ойларига мўлжалланган Ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, сектор раҳбарлари ва туман (шаҳар) кенгашлари бошқаруви раислари томонидан тасдиқланган.
Кўриниб турибдики, йиғин раислигига бу йилги сайловлар аввалгиларидан тубдан фарқ қилади. Энди ҳамма гап - сайланган раисларнинг ўзига билдирилган ишончни қай даражада оқлай билишида.
Б.САЙФИЕВ