Ватаннинг катта-кичиги, бой-камбағали бўлмайди. У танланмайди. У сотилмайди. Ватанга меҳр иймондан, иймонсиз одам Ватанини сева олмайди. Ватаннинг ҳар бир гиёҳини асраш, уни ҳимоя қилиш – бурч...
Ўйлаб қарасангиз, жаҳон ардоқлаган машҳур шоир Байроннинг “Ўз юртига меҳри бўлмаган одам бошқа ҳеч нимани сева олмайди”, деган гапида беназир ҳикмат мавжуд. Бу – юртини севмаган одам фарзандини, отасини, онасини, жигарларини севмайди деганидир. Бу Юртга, Ватанга хиёнат деганидир аслида.
Тилимизда оҳангдош, аммо маъно жиҳатдан зид сўзлар кўп. Шулардан бири – диёнат, яна бири эса – хиёнат. Қаранг, фарқи биттагина ҳарфда. Масофа жиҳатидан ҳам яқинлиги бор. Диёнатсиз одам бир қадамгина қўйса, хиёнат оламига кириб қолганини ўзи ҳам сезмай қолади. Ким Ватансиз яшаш мумкинлигига ишонса – у диёнатсиздир. У хору зордир. Ўз юртини севмаган, сева олмаган одам ҳатто ўзини ҳам сева олмайди, оқибатда эса ўзидан ўзи нафратланади.
Ватан ҳар биримиздан доимий равишда фидойи хизматимизни кутади. Ватан тузини оқламаклик инсоний бурчимиз эканини бир нафас ҳам унутмаслик лозим. Дилимиздаги диёнат бизларни шунга даъват этади. Бу нарса айниқса ҳарбий хизмат даврида янада яққол сезилади. Юрт осмонининг мусаффолиги, сарҳадларининг дахлсизлигини таъминлашга озгина ҳиссанг қўшилса, бурч, садоқат тушунчаларини дилдан ҳис этасан киши.
Эгнингга ҳарбий либосни кийган дамдаёқ сенга ишонишганини, ишониб армия сафига қабул қилишганини ўйлайсан. Демак, юртнинг осойишталиги, яқинларинг тинч ухлаб, хотиржам тонг оттиришига масъул эканлигингни ўйлайсан. Энди бу ишончга лойиқ бўлиш керак. Тўғри, армияга борганларнинг барчасида ҳам ўша вақтда ватанпарварлик туйғулари жўш урмаган бўлиши мумкин. Лекин ҳарбий тартиб ва ҳаёт шунга ўргатади.
Масалан, шаҳдам қадамлар билан сафда юришингнинг ўзи, гуруҳ командири айтганидек, душман кўнглига ғулғула солади. Ўзингга бўлган ишонч қанчалик юксалиб бораверса, юрт тинчлигига кўз олайтираётган ғаламисларнинг юраги орқага тортиб бораверади. Билиминг, дунёқарашинг, малаканг қанча ўсса, ёвлар ўз-ўзидан қочади. Чунки бугун низоларни ҳарбий қурол-аслаҳалар эмас, юксак ақл-заковат ҳал этмоқда. Атом қуроллари билан эмас, билим билан устунлик қилинмоқда. Бу – қуролни бир чеккага отиш керак дегани эмас. Қурол юртнинг осойишталигини, халқнинг фаровон ҳаётини кўролмайдиган кимсаларни даф қилиш учун. Уни моҳирлик билан ишлатиш – ҳарбийнинг муҳим вазифаси. Тўғри, биринчи бор у ҳар қандай кишини довдиратиб қўяди. Тепкини босганда, ўқ учиб, ўзингга қараб отилган гильза, порох ҳиди ҳар қандай ботирни ҳам бир сескантиради. Бироқ рўпарада нияти бузғунчилик, тилаги буюк элнинг хору зор бўлишини кўриш бўлган нобакорлар борлигини ўйларкансан, ҳар қандай титроқ, ҳар қандай қўрқинч ўз-ўзидан йўқолади. Ғанимни ер тишлатиш истаги ҳар недан устун туради...
Маълумки, ҳар қандай давлатнинг мустақиллиги, халқнинг эрки унинг ўз армияси, Қуролли Кучлари томонидан ҳимоя қилинади. Зотан, Биринчи Президентимиз таъкидлаганидек, “Ўз истиқлоли ва озодлигининг қадрини билмайдиган, уни ҳимоя қилолмайдиган, бунга куч-қурби етмайдиган миллат ҳеч қачон эркин яшай олмайди, кимгадир итоат этишга, бўйин эгишга мажбур бўлади”.
Дарҳақиқат, ўз мустақиллигини, тинчлигини асрай олган давлатгина барқарор ривожланади, тинчлик, хотиржамлик, осойишталик қарор топган мамлакат гуллаб-яшнайди. Биз келажаги буюк давлат қуришни, тараққиётда энг пешқадам давлатлар сафида бўлишни ўз олдимизга улуғ мақсад қилиб қўйган эканмиз, бунинг учун биринчи навбатда, мамлакатимиз мудофаасини мустаҳкамлашга катта эътибор қаратишимиз табиий.
Шуниси эътиборлики, истиқлол йилларида миллий армиямиз Ватанимиз мустақиллиги, суверенитети, унинг ҳудудий яхлитлиги ва халқимиз тинч-осойишта ҳаётининг ишончли кафолати сифатида шаклланди. Мамлакатимиз Қуролли Кучларини шакллантиришда аниқ ва реал геостратегик ҳамда геосиёсий шароит, замонавий урушлар ва қуролли можароларнинг хусусиятлари, минтақамизда юз бериши мумкин бўлган ҳарбий ҳаракатларнинг ўзига хос жиҳатлари таҳлили эътиборга олиниб, халқимизнинг азалий миллий фазилат ва анъаналарига таянилди.
Армияда ана шулар ҳақида сабоқ оларкансан, Ватаннинг қадри билиниб бораверади. Ота-онанг, яқинларингдан узоқда, юртнинг бир чеккасида бекорга қурол кўтариб юрмаганинг ҳақида ўйлайсан. Ўйлайсану кўнглинг фахрга тўлади. Ватан ҳимоячиси деган шарафли номга мушарраф бўлганингдан ғурурланасан.
Тез-тез “наряд”да туришга ҳам тўғри келади. Бир сафар казармани қўриқласанг, кейинги гал бутун бошли ҳарбий қисмга тенгма-тенг жавобгар бўласан. Дейлик, “казарма”ни қўриқлаш у қадар қийин эмасдай, ҳаммаси жойида, ҳеч қандай хавфу хатар йўқ. Аммо бир сония бўлсин, сергакликни унутишга ҳаққинг йўқ. Чунки шу ердаги аскарларнинг ҳаётига сен масъулсан. Казарма ҳам Ватаннинг бир бўлаги, рамзи, уни ишонч билан қўриқлай олсанг, зарурат бўлганда, Ватанни, унинг осойишталигини ҳам ҳимоя қила оласан. Бугун казармада эътиборсиз бўлган аскарга эртага чегарани ишониб топшириб бўлмайди. Чунки казармада бир неча соат тик оёқда тура олмаган ҳарбий сарҳадлар дахлсизлигини таъминлашда ҳам панд беради.
Дунёда шундай нотинч вазият давом этаётган бир пайтда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталик ҳукм суриб, халқимиз турмуши тобора фаровонлашиб бораётгани ўз-ўзидан бўлаётгани йўқ. Бунинг замирида энг аввало, давлатимиз томонидан барча таҳдид ва хавф-хатарлардан халқимизни ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбирларнинг ўз вақтида ва тизимли равишда амалга ошириб келинаётгани мужассам.
Бироқ халқимизнинг ана шундай тинч-осойишта, фаровон ҳаётини кўролмайдиган, уни бузишга ҳар соат, ҳар сонияда тиришиб ётган ғаламислар қанча. 1999 йил 16 февраль воқеалари, 2000 йил Узун ва Сариосиё туманлари, 2004 йил Тошкент шаҳри ва вилояти, Бухорода амалга оширилган террорчилик ҳаракатлари, 2005 йил 12-13 май кунлари Андижон шаҳрида рўй берган ҳодисалар, 2010 йилда этник ўзбеклар яшайдиган Ўшда содир этилган хунрезлик ортида ҳам шу каби бузғунчи кучлар турибди.
Ватан ҳимоясини муқаддас бурч санаб, шу азиз юрт осойишталигини ҳаётидан азиз билган қаҳрамонлар, мард ўғлонлар жасорати туфайли ҳаётимиз ўз тинч ўзанида давом этмоқда. Бузғунчилар ўз ниятига эришолмади. Эришолмайди ҳам.
Ҳарбий қисмда Ватан ҳимоясида собит турган қаҳрамонларнинг суратига боқарканмиз, улар нигоҳида акс этган шиддат, жасорат ҳар бир аскарга юқади. Дилдаги гап тилга кўчади: “Беватан, нобакорлар ўзларининг бузғунчи ғоялари билан, эгри йўллари билан жонажон ва улуғ Ватанимизга қадам қўйишларига йўл очиб бермаймиз! Уларга бош эгиб, Ватанимизни, ўзимизни, ўз келажагимизни хўрлатиб қўймаймиз. Чунки бизнинг келажагимиз буюк, ҳеч қачон ҳеч кимдан кам бўлмаганмиз ва кам бўлмагаймиз!”.
Қасамёд кунида ҳарбийча берилган салом гулдурагининг ўзиёқ тантанага келган барча ота-оналарни, болаларни чўчитиб юборганини эсласам, ҳар бир сафдошимиз Ватан ҳимоясини шарафли иш деб билганига, бу гулдурак юракнинг туб-тубидан отилиб чиққанига амин бўламан. Ҳа, Ватан нелигини ҳарбийлик англатди. Энди бу юрак юрт тинч ва фаровон бўлсин деб уради. Бундан ўзгасига ҳаққи ҳам йўқ. Бундан шарафли иш бўлиши ҳам мумкин эмас...
Захирадаги оддий аскар Бекзод САЙФИЕВ