Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси томонидан ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда ўтказилган тадбирда танловнинг шаҳар ва туманлар босқичи ғолиблари ўз билим ва маҳоратини намойиш этди.
Қайд этиш лозим, танлов турли соҳаларда меҳнат қилиб, жамиятимизда юз бераётган янгиланишларга муносиб ҳисса қўшаётган ташаббускор, изланувчан, ижодкор ва ишбилармон хотин-қизларни рағбатлантиришга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Бугунги кунда юртимиз аҳолисининг 51,4 фоизини хотин-қизлар ташкил қилишини ҳисобга олсак, аёлларнинг мамлакат ривожидаги қанчалар салмоқли улуши борлигини англаш қийин эмас.
Танловда “Миллий қадриятларини улуғлаган йил аёли”, “Йилнинг энг мурувватли аёли”, “Йилнинг энг тадбиркор аёли”, “Ибратли оиланинг намунали бекаси”, “Йилнинг энг билимли аёли”, “Йилнинг энг яхши ижодкор аёли”, “Ўз касбининг устаси бўлган йил аёли”, “Йилнинг энг зўр маънавий-маърифий тарғиботчиси”, “Саноатда саодат топган йил аёли” каби номинациялар бўйича ғолиблар аниқланди. Ғолиблар танловнинг республика босқичида иштирок этади.
- Аёллари улуғланадиган, эъзозланадиган юртда яшаётганимдан жуда хурсандман, - дейди Чироқчи туманидаги 3-ўрта мактаб ўқитувчиси Нодира Бобоева. - Ҳар бир эътибор, рағбат инсоннинг янада шижоат ва катта масъулият билан фаолият юритишига туртки бўлади. Бундай тадбир биз, аёлларни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида янада фаол иштирок этишга ундайди.
Барча иштирокчилар вилоят хотин-қизлар қўмитасининг диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
ШОҲИСТА
Суратда: тадбирдан лавҳа.
Ж.НОРҚОБИЛОВ олган сурат.