Танлов
Қарши шаҳар маданият марказида “Йил аёли” миллий танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда танловнинг шаҳар ва туманларида 2000 нафарга яқин номзод орасидан сараланган 30 нафар аёл ўзаро беллашди. Иштирокчилар ўзини таништириб, турли мавзуларга оид саволларга жавоб беришди ва “Замонавий ўзбек аёли” мавзусидаги видеороликларини намойиш этишди.
Муайян бир соҳада кўп йиллар самарали меҳнат қилганлиги, изланувчанлиги, эришган ютуқлари, ташаббуслари инобатга олинган ҳолда аниқланган 11 нафар номзод танловнинг республика босқичига иштирок этадиган бўлди.
– Меҳнат фаолиятимни бошлаганимга 40 йил бўлган, шунинг қарийб 20 йилини Қуролли Кучлар сафида хизмат қилдим, - дейди “Йилнинг энг фаол соғлом турмуш тарзи тарғиботчиси” номинацияси ғолиби, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ тарбиявий ва мафкуравий ишлар бошқармаси ва ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари билан ишлаш бўйича етакчи мутахассис Тамара Маманова. – Ўз касбим билан фахрланаман ва уни жуда яхши кўраман. Бугун хотин-қизларимизга қаратилаётган эътибор ва рағбат уларни янада катта масъулият билан фаолият юритишига туртки бўлаяпти. Бу каби тадбирлар бизни мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар жараёнида янада фаол иштирок этишга ундайди.
Барча иштирокчилар вилоят оила ва хотин-қизлар бошқармасининг эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Шоҳиста БОЗОРОВА