Долзарб рақамлар
Президент фармони билан тасдиқланган мақсадли кўрсаткичларга мувофиқ жорий йилда вилоятимизда уй-жойга муҳтож фуқароларга умумий ҳажми 657,3 миллиард сўмга тенг 2 минг 892 та ипотека кредити берилади. Шунингдек, 99,9 миллиард сўм миқдоридаги 1 минг 988 та субсидия ҳам ажратилади.
Давлатимиз раҳбари томонидан шу йил 13 апрелда имзоланган мазкур ҳужжат жисмоний шахсларга ипотека кредити беришнинг замонавий ва барқарор тизимини шакллантириш баробарида уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож бўлган оилаларни давлат томонидан манзилли қўллаб-қувватлаш, айни пайтда маҳаллий ва халқаро капитал бозорларида молиявий ресурсларни жалб қилиб, кейинчалик уларни ипотека кредитларини қайта молиялаштиришга йўналтириш каби мақсадларга қаратилган.
Фармонда 2023 йилда бозор тамойилларига асосланган ипотека кредитлари орқали аҳолини уй-жой билан таъминлаш дастурини амалга ошириш билан боғлиқ кўплаб чора-тадбирлар жамланиб, хусусан, Қашқадарёда йил давомида давлат бюджети маблағлари ҳисобидан квартиралар сотиб олиш учун 481,4 миллиард сўмлик 1 минг 931 та, якка тартибдаги уй-жойлар қуриш ҳамда реконструкция қилиш учун 114,3 миллиард сўмлик 762 та ипотека кредити ажратилиши ҳам белгиланган. Ўз навбатида "Ўзбекистон ипотекани қайта молиялаштириш компанияси" акциядорлик жамияти томонидан жорий йилда воҳамизда қайта молиялаштириладиган кредитлар сони 199 тани, уларнинг ҳажми эса 61,6 миллиард сўмни ташкил этади.
Мақсадли кўрсаткичларга мувофиқ, Қашқадарёда 2023 йилда ипотека кредитлари бўйича бериладиган субсидияларнинг 994 таси (умумий ҳажми 37,3 миллиард сўм) республика бюджети ва яна худди шунчаси маҳаллий бюджет қўшимча манбаларининг маблағлари ҳисобидан кредит бўйича дастлабки бадалнинг ва фоиз тўловларининг бир қисмини қоплаш учун ажратилади. Яна 25,3 миллиард сўм эса республика бюджетидан 2020-2022 йилларда ажратилган ипотека кредитлари бўйича фоиз тўловлари учун 1 минг 673 та субсидия кўринишида йўналтирилади.
Эътиборли томони, вилоят ҳокимлигига маҳаллий бюджет даромадларининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан фармон билан Қашқадарё учун белгиланган ипотека кредитлари ва субсидиялар сонини оширишга рухсат берилган.