Сарҳисоб
Якунига етаётган 2019 йил вилоят ҳаётида улкан воқеликлар билан ёдда қоларли бўлди. Биз улардан энг муҳимларини таснифладик. Ўйлаймизки, шунинг ўзиёқ янгиланиш ва ўзгаришлар салмоғини яққол кўрсатади.
"Veteran" жангчи-фахрий ва ногиронлари бирлашмаси ташкил этилганининг 25 йиллиги кенг нишонланди
Ушбу тадбир Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 24 январдаги фармойиши асосида ташкил этилди.
Маълумки, Афғон урушида Қашқадарёдан 4 минг 20 киши қатнашиб, 104 жангчи ҳалок бўлган, 4 нафари бедарак йўқолган. Айни пайтда вилоятимизда ушбу уруш заҳматларини кўрган уч ярим мингга яқин жангчи-фахрий истиқомат қилмоқда.
Моҳигул ва Эъзоза - Зулфияхоним қизлари сафида
Ўзбекистон Республикаси Президентининг тегишли қарорига мувофиқ, Тошкент давлат аграр университети талабаси, деҳқонободлик Моҳигул Шукурова ҳамда Қарши шаҳридаги Абдулла Орипов номидаги ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактаб-интернати ўқувчиси Эъзоза Алишерова Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланди.
Китобда - халқаро мусобақа
18 март куни полвонлар ва моҳир чавандозлар Китоб тумани Қайнар қишлоғи яқинидаги кенгликларда жам бўлишди.
Халқаро кўпкари мусобақасида шаҳрисабзлик Сирож Жовлиев бош соврин - "Gentra" автомобилини қўлга киритган бўлса, кураш мусобақасида ғузорлик Шерали Жўраев мутлақ вазн тоифасида ғолиб чиқиб, бош соврин - "Spark" автомобилини қўлга киритди. Шунингдек, кураш бўйича аёллар ўртасида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди.
Халқаро миллий либослар фестивали
Президентимиз таклифига биноан Шаҳрисабзни "фестиваллар шаҳри"га айлантириш борасидаги амалий ишлар доирасида Халқаро миллий либослар фестивали ташкил этилди. Унда Россия, Озарбайжон, Туркманистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Грузия ва Ўзбекистоннинг турли брендларга оид миллий либослар коллекциялари намойиш этилди.
Ўзбекистонлик Ирода Агзамхўжаева, қирғизистонлик Катя Заболотнова ва Алия Эдилова, туркманистонлик Айна Избасар томонидан тақдим этилган миллий либослар экспертлар томонидан юқори баҳоланди.
Қозоғистон йили доирасида олий таълим муассасалари тақдимоти ўтказилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти Нурсултон Назарбоев 2017 йилда олий даражадаги мулоқотлар сўнгида 2018 йилда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва 2019 йилда Ўзбекистонда Қозоғистон йилини ўтказишга келишиб олган эди.
Ўзаро ҳамкорликка кўра, Қарши шаҳрида Қозоғистон Республикасидаги 47 та олий таълим муассасасининг тақдимоти бўлиб ўтди. Якунда икки ҳудуд олий таълим муассасалари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
40 мингдан зиёд адабиётлар жамланган "Китоб карвони" ҳудудларга йўл олди
Давлат раҳбари илгари сурган бешта муҳим ташаббус асосида китоб тарғиботига оид кўргазмалар билан жиҳозланган ва турли жанрлардаги 40 мингдан ортиқ китоблар тўплами ортилган "Китоб карвони" Қарши шаҳридан вилоятнинг барча туман ва шаҳарларига фаоллар ва ташаббускор ёшлар ҳамроҳлигида тантанали равишда етказиб берилди.
"Қадрдон мактабимга китоб совға қиламан", "Кутубхонага китоб совға қиламан" хайрия акцияларида тўпланган китоблар эса чекка қишлоқларда мактабларга ва кўчма кутубхоналар учун берилди. Шу орқали ёшларнинг билим олиш имконияти янада кенгайтирилиб, кутубхона фондлари зарур адабиётлар билан бойитилди.
Йиғин раислигига сайловлар
Ушбу йилда маҳаллалар ҳаётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз берди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Кенгашининг 2019 йил 15 февралдаги "Фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида"ги қарорига мувофиқ юртимизнинг барча шаҳар ва туманларида ўтказилган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайлови бўлиб ўтди. Овоз бериш орқали раисликка энг муносиб деб топилган 768 номзод 3 йил давомида маҳалла ишига бошчилик қилиб, аҳоли фаровонлиги, ҳудуд ривожига ҳисса қўшадиган бўлди. Бу йилги сайловларда 547 нафар йиғин раиси биринчи марта сайлангани ҳам эътиборга молик.
"Qr-book" электрон китоб жавони ишга туширилди
Аҳоли ва ёшларнинг компьютер технологиялари ва интернетдан самарали фойдаланиши ҳамда улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этиш мақсадида Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети Қарши филиалида махсус код орқали китоб юклаб олиш имконини берадиган дастурий таъминот яратилиб, филиал серверига юкланган китобларнинг электрон шаклини олиш имконини берадиган "Qr-book" электрон китоб жавони ўрнатилди.
Дўстлик ва маданият фестивали
24-25 май кунлари "Ўзбекистон - умумий уйимиз" республика дўстлик ва маданият фестивалининг вилоят босқичи ўтказилди. Маданий-маърифий тадбирлар бу йил янгича руҳ ва мазмунда ҳудудий ва республика босқичларида ташкил этилди.
Маълумотларга кўра, бундан 100 йил аввал ҳозирги Ўзбекистон худудида 70 га яқин миллат вакиллари истиқомат қилган. 30 йил ўтгач бу рақам 91, 1959 йилда 113, 1978 йилда 123 тага етган. 2011 йилда олинган рўйхатда Ўзбекистонда 137 миллат ва элат вакиллари истиқомат қилиши кўрсатилган. Бугун улар юртимизда бир оила фарзандларидек, тенг ҳуқуқлилик ҳамда ўзаро ҳамжиҳатлик шароитида яшаб, Ватанимизни янада равнақ топтириш йўлида меҳнат қилиб келишаётгани муҳим ютуғимиздир.
Республика болалар ижтимоий мослашуви маркази Қарши минтақавий филиали иш бошлади
Ушбу филиалда Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларидаги ҳимояга муҳтож, ногиронлиги бўлган, имконияти чекланган ва ота-она қарамоғисиз қолган болаларга мажмуавий ижтимоий педагогик, тиббий реабилитацион, ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш кўзда тутилган.
Бош вазир қабулхонаси - тадбиркорлар муаммосини ҳал этишда янги тизим
Давлат раҳбарининг 2019 йил 14 майдаги "Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармонига асосан, Бош вазирнинг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари фаолият бошлади.
Уларда ишбилармонлар тўғридан-тўғри қабул қилиниб, видеоконференцалоқа тарзида сайёр қабуллар уюштирилиши, тадбиркор, хорижий инвесторнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари поймол этилишига йўл қўйилмаслиги, мавжуд бюрократик тўсиқлар бартараф этилиши мақсад қилинган.
Суриядан - Қаршига
2019 йилнинг 30 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан 156 нафар Ўзбекистон фуқароси, асосан аёллар ва болалар махсус авиарейсда Суриядан Тошкент шаҳрига олиб келинди. Турли йўллар билан Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудига бориб қолган ва "Меҳр" инсонпарварлик амалиёти туфайли юртимизга қайтарилган ушбу инсонларнинг 4 нафари вилоятимиздан бўлиб, улар бир муддат Тошкент вилоятида жойлашган "Бўстон" сиҳатгоҳида саломатликларини тиклашди ва кейин вилоятимизга қайтишди. Қарши темир йўл вокзалида улар яқинлари, масъул ташкилотлар ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари томонидан кутиб олинди.
Таъкидлаш жоиз, "Меҳр" амалиёти Президент ташаббуси билан, бевосита Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан амалга оширилган тадбир бўлиб, у инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги асосий халқаро ҳужжатларга тўлиқ риоя этилган ҳолда, шунингдек, халқаро гуманитар ҳуқуқнинг меъёр ва тамойилларидан келиб чиқиб амалга оширилди.
Хонободдаги ҳарбий қисмнинг 70 йиллиги
Тантанали маросим Ҳаво ҳужумидан мудофаа ва Ҳарбий ҳаво кучлари қўшинлари қўмондони, генерал-майор Аҳмад Бурҳонов, Россия Федерациясидан келган меҳмон, ҳарбий қисмнинг собиқ ҳарбий хизматчиси, захирадаги полковник Валерий Голдишев, вилоят раҳбарлари, ҳарбийлар, кенг жамоатчилик ва ёшлар иштирокида ўтди. Ҳарбий қисмнинг тажрибали учувчилари томонидан "Миг-29", "Су-25" русумли қирувчи самолётларда самода намойиш этилган кўргазмалар унутилмас бўлди.
Абул Мўъийн ан-Насафий илмий мероси халқаро миқёсда ўрганилмоқда
Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамда вилоят ҳокимлиги ташаббуси билан бир гуруҳ мутахассислар буюк ватандошимиз Абул Мўъийн ан-Насафий илмий меросини ўрганиш бўйича Туркияда бўлишди.
Туркияга сафар бундан минг йил олдин ҳам жаҳолатга қарши маърифат билан курашган аллома илмий мероси бўйича изланишлар олиб бориш, асарлари қўлёзмалари билан танишиш, улардан нусха олиш, харид қилиш ҳамда келгусида ҳамкорлик масалаларига қаратилди.
Делегация аъзолари кўплаб муассасалар, хусусан, Туркиянинг ISAM (Ислом тадқиқотлар маркази) кутубхонасида бўлиб, алломанинг асарлари, илмий тадқиқотлар билан танишдилар. Мавжуд асарлардан нусха олиш, харид қилиш юзасидан музокаралар олиб борилди.
Ноябрь ойида эса Халқаро туризм фестивали доирасида Малайзия, Бангладеш, АҚШ, Германия, Ҳиндистон, Индонезия, Хитой, Франция, Албания, Покистон, Сурия, Жанубий Африка Республикаси, Россия, Буюк Британия каби 18 дан ортиқ мамлакатдан 200 нафарга яқин меҳмон ташриф буюриб, буюк ватандошимиз қабрини зиёрат қилишган бўлса, декабрда Қарши шаҳрида Туркия, Миср, Россия, Бангладеш, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғизистон каби давлатлардан келган таниқли исломшунос олимлар иштирокида "Жаҳолатга қарши маърифат билан курашган буюк аллома" мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
Ҳарбийларимиз - Халқаро армия ўйинлари ғолиблари сафида
Жорий йилги "АрМИ - 2019" халқаро армия ўйинларида 36 та давлатдан 221 та жамоа сафида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари ҳам муносиб иштирок этишди.
Эътиборлиси, мусобақада асосий таркибдан ўрин олиб, Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округ қўшинларидан қатнашган мутахассислар "Рем Бат" номинациясида 2-ўринни қўлга киритган бўлса, "Ҳарбий ралли" номинациясида якка тартибдаги йўналишлар бўйича 2 та 2-ўрин ва 2 та 3-ўринга муносиб деб топилди. Мусобақада ҳарбийларимизнинг маҳорати, билим ва кўникмалари алоҳида эътироф этилди.
Олий ҳарбий авиация билим юрти очилди
Президент Шавкат Мирзиёев 2018 йилнинг 28-30 январь кунлари вилоятимизга ташрифи чоғида Қарши туманидаги Хонобод ҳарбий аэродромида ҳам бўлиб, ҳарбий учувчилар тайёрлаш, уларнинг амалий машғулотлар олиб боришида объектнинг имкониятларидан самарали фойдаланиш мақсадида 1994 йилда асос солинган Жиззах олий ҳарбий авиация билим юртини Қарши шаҳрида қайта ташкил этиш таклифини берганди.
Шундан сўнг Қарши сержантлар тайёрлаш мактаби негизида олий ҳарбий авиация билим юрти ташкил этилиши белгиланиб, бу ерда кенг кўламдаги қурилиш-бунёдкорлик ишлари бажарилди. Ажратилган 73 миллиард сўм эвазига ўқув корпуси ва ёрдамчи бинолар замонавий кўринишга келтирилиб, энг сўнгги русумдаги тренажёрлар, ўқув-услубий қўлланмалар, ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозланди.
Муассаса ҳаво ҳужумларидан мудофаа қўшинлари ва ҳарбий ҳаво кучлари учун 7 та йўналиш бўйича мутахассислар тайёрлайди.
Малакали кадрларга бўлган эҳтиёж асосида
Президент таклифига асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 28 майдаги қарори билан Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти Қарши филиали ташкил этилди.
Филиалга жорий ўқув йилида 6 та бакалавриат таълим йўналишига Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлардан ҳам келган жами 291 нафар ёш талабаликка қабул қилинди.
Ҳукуматнинг 2019 йил 11 июндаги қарорлари билан эса Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамда Тошкент кимё-технология институтининг Шаҳрисабз филиаллари ташкил этилиб, уларга республика олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш квоталаридан келиб чиққан ҳолда талабалар қабул қилиниб, сентябрь ойидан ўқув жараёни бошланди.
Вилоятда қоракўлчилик илмий-наслчилик тажриба станцияси иш бошлади
Мазкур станция Президентнинг жорий йил 16 августдаги "Қоракўлчилик тармоғини комплекс ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорига мувофиқ ташкил этилди.
Станциянинг энг муҳим функцияларидан бири юқори наслдор элита синфига мансуб қора ва кўк рангли қоракўл зотли қўйлар отарларини илмий асосда ташкил этишдан иборат. Бунинг учун наслчилик ва сунъий уруғлантириш ишларини тизимли йўлга қўйиб, бунда ранглар бўйича қимматли экспортбоп ярим доира қаламгул, қовурғасимон ва ясси гул типидаги қоракўл қўйлар селекциясига алоҳида эътибор қаратилади.
Ғузор тумани Қоракамар қишлоғида жойлашган қоракўлчилик илмий-наслчилик тажриба станциясига бугунги кунда 7400 гектар яйлов ер ажратилиб, 1200 бош наслдор қоракўл қўйлар олиб келинган. Яқин вақт ичида уларнинг бош сонини 2000 тага етказиш назарда тутилган.
Қаршида вакциналар сақлаш омбори фойдаланишга топширилди
Ушбу замонавий вакцина омборхонаси вилоятимизда биринчиси бўлиб, йилнинг ҳар қандай фаслида ичкаридаги ҳавони бир хил сақлайди. Омборхона бир ёшгача бўлган 78 минг 400 болани эмлашга мўлжалланган 37 минг 500 литр ҳажмдаги вакциналарни сақлаш имконини беради. Чироқчи ва Шаҳрисабз туманларида ҳам шундай омборхоналар қурилиши режалаштирилган.
Варганзада I халқаро "Анор" агротуристик фестивали ўтказилди
Фестивалда Варганза қишлоғига Ўзбекистондаги илк агротуризм қишлоғи мақоми берилиб, йиғин раисига рамзий калит топширилди.
Тадбир доирасидаги яна бир аҳамиятли воқеалардан бири Италиянинг Казерта шаҳри ва Қашқадарё вилояти ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши бўлди.
"Оқсув-Деҳқонобод" сув қувури орқали туманнинг 75 фоиз ҳудудига оби ҳаёт етиб боради
Маълумки, Деҳқонобод туманида аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш масаласи энг катта муаммолардан биридир. Истеъмол учун яроқсиз сувни ишлатишга мажбур бўлаётган хонадонлар ҳам йўқ эмас.
"Оқсув-Деҳқонобод" лойиҳаси эса туманнинг тоғли Оқсув ҳудудидан олинадиган ер ости сувини аҳолига етказиб беришни назарда тутади.
Лойиҳага кўра, узунлиги 77 километр, диаметри эса 273 миллиметрдан 530 миллиметргача бўлган магистраль сув қувури тортиш ҳамда бир кеча-кундузда 10 минг 800 куб метр ҳажмда сув йиғадиган "Оқсув" иншоотини барпо этиш режалаштирилган. Шунингдек, қишлоқ аҳоли пунктларида 183 километрлик қувурлар монтаж қилиниши, 310 километрлик сув тармоқлари қурилиши режалаштирилган. Бундан ташқари, магистраль сув тармоғидан келаётган ичимлик сувини қишлоқ ва маҳаллаларга тақсимлаб беришга мослаштирилган 16 та сув тақсимлаш иншооти ва иккита 500 куб метр ҳажмдаги сув сақлаш ҳовузи барпо этилади.
Россиянинг "Шимолий пойтахти"дан - Қаршига
"ИрАэро" Қарши шаҳри ва Россия Федерациясининг минтақалари ўртасида мунтазам парвозларни йўлга қўйган учинчи хорижий авиакомпания бўлди. Шу пайтгача воҳамизга Россиянинг яна иккита компанияси - "Уральские авиалинии" ва "Норд Винд" самолётлари учар эди.
"ИрАэро" авиакомпания ҳаво кемалари илгари Ўзбекистондаги фақат битта шаҳар - Фарғонага (Иркутск ва Красноярскдан) мунтазам қатновни бажарган. Санкт-Петербург - Қарши - Санкт-Петербург бўйлаб йўлга қўйилган парвозлар эса "ИрАэро" учун Ўзбекистон ва Россиянинг Европадаги қисмини боғлаб турувчи биринчи йўналишдир.
Ғузорда - логистика маркази
Октябрда Ғузор туманида экспортбоп қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини тайёрлаш, сақлаш ва четга жўнатиш имконини берувчи логистика маркази ишга туширилди.
Туманнинг экспорт ва инвестиция салоҳиятини ошириш мақсадида "Buyuk Amir Logistic" МЧЖ (Буюк Британия-Литва-Ўзбекистон) қўшма корхонаси давлат рўйхатидан ўтказилиб, лойиҳани амалга ошириш учун туман марказидан хорижлик инвесторларга маъқул ер майдони ажратиб берилди.
Хорижлик инвесторлар томонидан мазкур логистика марказига 720 минг АҚШ доллари миқдорида тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилиниб, 17 та дастлабки замонавий махсус юк ташиш техникалари олиб келинди. Қўшимча 10 минг тонналик совутгичли сиғим ўрнатиш ва яна 25 та махсус техникалар олиб келиш режалаштирилди.
Китобда - цемент заводи
Китоб туманидаги Макрид кенгликларида Xитой корхонасининг 100 фоизлик сармояси асосида цемент ишлаб чиқариш заводи қурилиши бошланди. Бир кунда 3200 тонна клинкер ва цемент ишлаб чиқариш қувватига эга бўладиган ушбу заводга хитойлик ишбилармонлар томонидан қарийб 200 миллион АҚШ долларилик сармоя киритилган. Цемент заводи ишга тушса, 500 кишининг бандлиги таъминланиб, қурилиш-бунёдкорлик ишлари учун юқори сифатли цемент етказиб берилади.
Ҳудуд ва қатор идоралар раҳбарлари ўзгарди
26 октябрь куни халқ депутатлари вилоят Кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб, 2013 йилдан бери вилоят ҳокими сифатида ишлаб келаётган Зафар Рўзиев вазифасидан озод этилиб, унинг ўрнига Зойир Мирзаев келди.
Ўз навбатида вилоят прокурори Ботир Юсупов, ички ишлар бошқармаси бошлиғи Дилшод Турсунбоев ва давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Равшан Насимов ҳам ишдан кетди.
Шу вақтгача Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг биринчи ўринбосари сифатида ишлаган Эркабой Тожиев вилоят прокурорлигига, Сурхондарё вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида фаолият олиб борган Шуҳрат Сотиболдиев вилоят ички ишлар бошқармаси бошлиқлигига тайинланди. Вилоят солиқ тизимига эса бунгача Навоий вилояти давлат солиқ бошқармасини бошқарган Азамат Бозоров раҳбарликка келди.
Вилоятда юқоридаги "тўртлик" билан бирга бир қатор туман ва шаҳар ҳокимлари, вилоят ҳокими ўринбосарлари ҳам янгиланди.
Косонлик ўқитувчи китоб ўқиб "Спарк" олди
Тошкент шаҳрида "Ёш китобхон" кўрик-танловининг республика босқичи ғолиблари аниқланди. Эътиборлиси, Косон туманидаги 15-мактабнинг она тили ва адабиёти фани ўқитувчиси Сурайё Шодиева 20-30 ёшлилар орасида 1-ўринни эгаллаб, Президент совғаси - "Спарк" автомобили билан тақдирланди.
Эртамизга дахлдор муҳим сиёсий жараён
22 декабрь куни мамлакатимиз ва халқимизнинг бугуни, эртанги истиқболига бевосита дахлдор муҳим сиёсий тадбир - Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгашлар депутатлигига сайловлар бўлиб ўтди.
Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини ўтказувчи 14 та, халқ депутатлари вилоят Кенгашига сайлов ўтказиш бўйича 59 та, туман ва шаҳар Кенгашларига сайлов ўтказувчи 429 та округ сайлов комиссияси иш олиб борди. Фуқаролар 917 та участка сайлов комиссияларида парламент қуйи палатаси депутатлигига кўрсатилган 70 нафар, маҳаллий Кенгашлар депутатлиги учун 2382, жами 2452 нафар номзоддан ўзи муносиб билганларига овоз берди.
Маълумотларга кўра, сайлов куни Қашқадарё вилоятида жами рўйхатга олинган 1 миллион 799 минг 740 нафар сайловчининг 1 миллион 357 минг 4 нафари ёки 75,4 фоизи овоз беришда иштирок этди.
Н.ХЎЖАЕВ тайёрлади.
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.