Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU
  • Бош сахифа
  • Тиббиёт
  • Йил якунига қадар вилоятда 8 мингдан ортиқ юқори технологияли операциялар амалга оширилади

Шоҳиста БОЗОРОВА

07.10.2024


Йил якунига қадар вилоятда 8 мингдан ортиқ юқори технологияли операциялар амалга оширилади

Матбуот анжумани

Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё минтақавий филиалида илк бор 3 нафар беморда микроскопик усулда бош мия ҳажмли ҳосиласини бартараф этиш бўйича юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари муваффақиятли бажарилди.

Бу ҳақда Қарши шаҳридаги Журналистлар уйида вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан ташкил этилган "Вилоятда амалга оширилаётган юқори технологияли операциялар" мавзусидаги матбуот анжуманида бошқарма бошлиғининг биринчи ўринбосари Н.Диёров маълумот берди.

Шунингдек, Республика ихтисослаштирилган Травматология ва ортопедия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалига олиб келинган артроскоп “Karl Storz Endoskope” аппарати ёрдамида  чаноқ-сон буғимларини тотал эндопротезлаш, узун найсимон суякларда БИОС стержень билан остеосинтез қилиш, тизза бўғими диагностикаси ва артропластикаси сингари юқори  технологияли амалиётлар йўлга қўйилган.

Кўп тармоқли тиббиёт марказининг қон-томир ва кўкрак қафас жарроҳлик бўлимига харид қилинган замонавий “Лахта Милон” лазер аппарати ёрдамида беморда ҳеч қандай тери кесилмасдан операциялар амалга оширилмоқда. Эътиборли томони, амалиётни аппаратнинг ўзи бажаради, оператор уни назорат қилиб туради, холос. Шифохонанинг лаборатория бўлимига ўрнатилган янги  “Mindray” таҳлил аппарати бир вақтда 25 турдаги реактив билан ишлайди ва 180 та намунани текширади.

Бундан ташқари буйрак кўчириш операциялари ҳам муваффақиятли амалга оширилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даврида 5 та шу турдаги мураккаб жарроҳлик амалиёти ўтказилди.

- Воҳамизда замонавий телемедицина имкониятларидан самарали фойдаланиб келинмоқда, - дейди Н.Диёров. - Бу орқали туманларда даволанаётган беморлар учун пойтахт ҳамда вилоятнинг малакали мутахассислари иштирокида онлайн тиббий консилиум ва маслаҳатлар ташкил этилмоқда. Қувонарлиси, энди юқори технологияли операциялар жойларда ҳам бажарилаяпти. Хусусан, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида биргина Яккабоғда 15 та,  Китоб туманида эса 100 га яқин юқори технологияли операциялар бажарилди. 2024 йил якунига қадар вилоятда 8 мингдан ортиқ юқори технологияли амалиётларни бажариш режалаштирилган.

Матбуот анжуманида Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази, Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази, Республика ихтисослаштирилган кўз микрохиругия илмий-амалий тиббиёт маркази Қашқадарё филиалларида амалга оширилаётган юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари хусусида ҳам маълумот берилди.

Анжуман қизғин савол-жавоб руҳида ўтди. 

Шоҳиста БОЗОРОВА

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

 

 

 

 

Report typo