Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
5 декабрь, якшанба. 2021 йил                         Махсус версия RU

05.11.2021


Йиллик прогноз кўрсаткичи 9 ойда 177 фоизга бажарилди

Инвестиция лойиҳалари

Муборак туманида турк инвесторлари томонидан ташкил этилган "EMG INTER INVESTMENT" МЧЖ хорижий корхонаси умумий қиймати 20,2 миллион АҚШ долларга баҳоланган тўртта истиқболли саноат лойиҳасини амалга оширмоқда.

Айни пайтда субъектнинг йилига 25 минг тонна пахта хом ашёсини қайта ишлаш қувватига эга заводи аллақачон ишга туширилган. Бунинг натижасида 200 та янги иш ўрни яратилган.

Корхонанинг 70 киши доимий иш ўрнига эга бўлиши кутилган ун ва ун маҳсулотлари ишлаб чиқариш тармоғи эса техник синов босқичида. Қарийб 1 миллион долларлик мазкур лойиҳада хориж технологияси асосида йилига 18 минг тонна хом ашёни қайта ишлаш кўзда тутилган.

- Муборакда амалга оширишни режалаштирган энг йирик лойиҳамиз 10  миллион доллар сармоя талаб қилиши ҳисоблаб чиқилган, - дейди туркиялик инвестор Метхат Демир. - Шу асосида йилига 7 минг тонна тўқимачилик маҳсулотлари, хусусан ип калава ва тайёр мато ишлаб чиқаришни мўлжаллаяпмиз. Бунда яна 280 та иш ўрни яратилади. Ҳозир қурилиш ишларини бошладик. 

Маълумотларга кўра, Турк инвесторлари қўл урган қиймати 2,9 миллион долларга тенг тўртинчи лойиҳа йилига 6 минг тонна пахта ёғи ишлаб чиқаришни назарда тутган. Бу борадаги қурилиш ишлари      80 фоизга бажарилиб, яқин атрофда хориждан зарур ускуналар келтирилиши кутилаяпти. Демак, тез орада қўшимча 70 та янги ишчига талаб юзага келади.    

Корхонага лойиҳа объектларини қуриш учун 18 гектар майдон ажратиб берилган. Зарур хом ашё маҳсулотлари етиштириш учун эса Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг "Республика ҳудудларида пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини жорий этиш механизмларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида 9 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонлари бириктирилган.

Туман ҳокимлиги ахборот хизматидан маълум қилишларича, ҳудудда "NTCS EXTRUSION GROUP" МЖЧ Ўзбекистон-Англия қўшма корхонаси томонидан бошқа бир йирик инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда. Қиймати 62 миллион долларни ташкил этиши айтилаётган бу саноат ишлаб чиқариши олтингугурт хом ашёси асосида йилига 400 минг тонна қишлоқ хўжалиги учун минерал ўғит, яъни олтингугуртли бентонит ва олтингугуртли карбомид тайёрлашни кўзда тутади.

  Умуман, ҳокимлик мутасаддилари тақдим қилган маълумотларда қайд этилишича, туманда жорий йил 23,5 миллион долларлик тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ўзлаштирилиши режалаштирилган. Шунинг 22,5 миллион доллари йилнинг дастлабки 9 ойида жалб этилиши кўрсатилган бўлса, амалда 41,6 миллион доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилиб, натижа белгиланган йиллик прогноз кўрсаткичига нисбатан 177 фоизни ташкил этаяпти.

Ҳозирда ушбу йўналишдаги ишларни янада жадаллаштириш мақсадида Хитой, Эрон, Покистон ва Туркия давлатлари сармоядорлари билан ҳамкорлик қилинмоқда.

Ўз мухбиримиз

Report typo