Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

Ўз мухбиримиз

14.09.2021


Йиллик қувват - 500 минг жуфт пойабзал, экспорт салоҳияти - 7 миллион доллар

Истиқболли лойиҳа

Беларусдаги номдор - "Марко" компанияси билан ҳамкорликда ташкил қилинган  "Uzshoes" қўшма корхонаси мулкдорлари вилоятимизда пойабзал ишлаб чиқариш саноатини ривожлантиришга замин ҳозирлаб, ички истеъмол бозорига сифатли маҳсулотлар етказиб бериш баробарида келгусида Қашқадарёнинг йирик экспортчилари сафидан жой олишни ҳам мўлжаллаяпти.

Умумий ишлаб чиқариш қуввати 5 миллион жуфт пойбзалга тенг "Марко" компанияси саноатнинг тегишли тармоғида 30 йилдан буён фаолият кўрсатиб, бугунги кунда бешта ишлаб чиқариш корхонаси ва 165 та фирма дўконига эга. Ҳар йили харидорларга  пойабзалнинг 2 мингдан ортиқ янги моделини тақдим қиладиган мазкур холдинг нафақат Беларусь, балки Россия ва яна бир қатор мамлакатлар  бозорларини забт этиб улгурган.

Ўзбекистондаги шерикларидан бири - Қарши шаҳридаги "Premium capital group" масъулияти чекланган жамияти билан қўшма лойиҳа ишлаб чиққан компания воҳамизда чарм-пойабзал саноатини тараққий эттиришга ҳам  ўз ҳиссасини қўшмоқда.

- Мазкур лойиҳанинг яқинда старт олган биринчи босқичи доирасида Қарши шаҳридаги фабрикамиз ишлаб чиқариш қувватини йилига 250 минг жуфт пойбзалга етказмоқчимиз, - дейди қўшма корхона раҳбари Дилшод Муфтиллаев. - Иккинчи босқичда йиллик қувват яна 100 минг, учинчисида эса тағин 150 мингга ошиб, умумий ҳисобда 500 минг жуфтни ташкил этиши лозим. Шу жараёнда корхонамиз ишчилари сони 520 нафар, экспорт салоҳияти эса йилига 7 миллион долларга етади, деб мўлжал қилаяпмиз.

Бугунги кунда "Uzshoes" қўшма корхонасида махсус пойабзал ва болалар туфлилари билан бир қаторда улгуржи буюртмалар асосида эркаклар ва аёллар учун мўлжалланган маҳсулотлар ҳам ишлаб чиқарилаяпти. Шу тариқа корхонанинг доимий мижозлари сафи, бир томондан, йирик саноат корхоналари, иккинчи томондан, кўплаб савдо ташкилотлари ҳисобидан кенгайиб бормоқда.

Ўз мухбиримиз

Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.

Report typo