Қарши шаҳридаги Маънавият масканида “Йилнинг энг фаол нуроний-мураббийси” танловининг вилоят босқичи ғолиблари аниқланди.
Хабарингиз бор, 2021 йил 19 январь куни Президент раҳбарлигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгаши мажлисида “Ҳар бир нуроний - беш нафар ёшга мураббий” тамойили асосида маҳаллаларда нуронийларни ёшларга бириктириш бўйича янги тизим жорий этиш вазифаси белгилаб берилган эди. Шунга кўра, вилоятимизда ҳам катта ҳаётий тажрибага эга, обрў-эътиборли, ташаббускор нуронийлар, фаол кексалар ва фахрийлар маҳаллаларда истиқомат қилаётган 5 нафардан тарбияси оғир, маънавий кўмакка муҳтож, уюшмаган, ишсиз ёшларга бириктирилган.
“Йилнинг энг фаол нуроний-мураббийси” кўрик-танлови ушбу тамойил асосида иш олиб бораётган ва бу борада юқори натижаларга эришаётган нуронийларни аниқлаш ва рағбатлантириш, қолаверса, уларнинг тажрибаларини кенг оммалаштиришни назарда тутади.
Шундай қилиб, танлов шартлари бўйича энг кўп балл тўплаган яккабоғлик Шоҳида Эрраҳматова олий ўринга сазовор бўлди.
Шунингдек, Қарши шаҳри вакили – Ички ишлар вазирлиги фахрийси Содиқ Исломов 1-ўринни қўлга киритган бўлса, 2-ўрин шаҳрисабзлик ижодкор, “Турон” фанлар академияси академиги, Халқ таълими аълочиси Бозар Болтаевга насиб этди. Қарши туманилик Ҳукм Имомов эса 3-ўринга сазовор бўлди.
Ж.БОЙМУРОДОВ
Собир НАРЗИЕВ олган суратлар.