Qashqadaryo

"Қашқадарё" газетасининг расмий веб-сайти
21 ноябрь, пайшанба. 2024 йил                         Махсус версия RU

29.08.2024


Йирик агротуристик комплекси барпо этилмоқда

Бунёдкорлик

Шаҳрисабз туманидаги Улоч маҳалласида мевали боғ ва узумзор ҳамда бир қатор агросаноат ва туризм объектларидан иборат йирик агротуристик комплексига асос солинди.

Маълумотларга кўра, мазкур лойиҳа "Ўзбекистон Республикаси товар-хомашё биржаси" АЖ таъсисчилигидаги "AGRO EXCHANGE" масъулияти чекланган жамияти томонидан ҳаётга татбиқ этилмоқда. Уни рўёбга чиқариш учун Иқтисодиёт ва молия вазирлиги кўмагида Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ)нинг 700 минг евро миқдоридаги гранти жалб этилиб, вилоят бюджетидан 4,8 миллиард сўм маблағ ажратилган. Республика товар-хомашё биржаси томонидан эса мажмуани барпо қилиш ишлари учун "AGRO EXCHANGE" МЧЖ устав фондига 50 миллиард сўм маблағ йўналтирилган.

Агротуризмни ривожлантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш мақсад қилинган бу истиқболли лойиҳа доирасида Улоч маҳалласи ҳудудидаги 500 гектар лалми ер майдонини ўзлаштириб, боғ ва узумзорлар ташкил этиш бошланган. Шу билан бирга бу ерда мева ва узумни сақлаш учун мўлжалланган 1000 тонна сиғимли музлатгич, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш цехлари, маъмурий бино, меҳмонхона, ресторан ва очиқ терасса, ёзги ва қишки бассейнлар, 7 та шийпон, бошқа объектлар қурилади. Мажмуа ҳудуди ландшафт дизайни асосида ободонлаштирилади.

Лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1 мингта доимий ва 3 мингта мавсумий иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилган. Ҳудудда бир йилда 7,5 минг тонна маҳсулот етиштириб, экспорт ҳажмини 2,5 миллион долларга етказиш мўлжал қилинган.

Report typo